Ўзбекистон | 18:06 / 25.03.2023
21723
4 дақиқада ўқилади

Сепаратистик ҳаракат етакчисига нисбатан Нукус воқеалари бўйича сиртдан айблов эълон қилинди

“Алга Каракалпакстан” сепаратистик ҳаракати етакчиси Аманбай Сагидуллаев ва Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакили Ниетбай Уразбаев Нукус воқеалари бўйича жиноий ишда айбланмоқда.

Қорақалпоғистон судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Аманбай Сагидуллаев (Норвегияда яшайди) ва Ниетбай Уразбаевга (Қозоғистонда яшайди) нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишга киришди. Олий суд ахборот хизмати суд жараёни очиқ тарзда бўлиб ўтаётганини маълум қилди.

Аманбай Сагидуллаев. Фото: Kaktus.media

Айни пайтда Норвегияда яшовчи 55 яшар Аманбай Сагидуллаев ҳамда Қозоғистонда истиқомат қилувчи 53 яшар Ниетбай Уразбаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 28 орқали (жиноят иштирокчилик), 104- (Баданга қасддан оғир шикаст етказиш), 158- (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш), 159- (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз), 244- (Оммавий тартибсизликлар) ва 244-1-моддаларида (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Қайд этилишича, судланувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлганлиги ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 410-моддасига асосланиб, ушбу жиноят иши бўйича суд муҳокамаси судланувчиларнинг иштирокисиз ўтказилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят процессуал кодексининг 410-моддасига кўра судланувчи суд мажлисига келмаса, ишни муҳокама қилиш кейинга қолдирилиши лозим. Судга келмаган судланувчини суд мажбурий келтиришга, шунингдек унга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллашга ёки эҳтиёт чорасини ўзгартиришга ҳақлидир.

Ишнинг судланувчи иштирокисиз муҳокама қилинишига судланувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган ва судга келишдан бўйин товлаган, унинг йўқлиги иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга монелик қилмаган тақдирдагина йўл қўйилиши мумкин.

ИИВ сайтидаги қидирувдаги шахслар рўйхатида келтирилишича, Сагидуллаевга нисбатан Жиноят кодексининг 167- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205- (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209- (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган мансаб сохтакорлиги) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этишда гумонланаётгани учун қидирув эълон қилинган.

ИИВ сайтидаги Қидирувдаги шахслар рўйхатидаги маълумот Фото: Kun.uz

“Ҳар бир миллатнинг ичидан шовинистлар, ультра миллатчилар чиқиши мумкин. Бундай одамга эргашадиганлар ҳам топилади. Қорақалпоғистондаги талатўплар таг замирида ҳам ана шундай шовинизм бор. Тузалмайдиган сепаратистларга нисбатан эса ҳуқуқий чоралар кўриш лозим”, деб ёзганди “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Аманбай Сагидуллаев ҳақида.

Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида ташкил этилган қорақалпоқ этник-маданий бирлашмаси раиси, қўшни давлат Халқлар ассамблеяси аъзоси бўлган Ниетбай Уразбаевга нисбатан 2022 йилнинг октябрида Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилгани учун давлатлараро қидирув эълон қилгани маълум бўлганди.

Ниетбай Уразбаев. Фото: Bureau.kz

Ўзбекистон ИИВ томонидан Қозоғистонга юборилган расмий хатда ушбу давлат фуқароси бўлган Уразбаевни қўлга олиш ва Ўзбекистонга экстрадиция қилиш сўралган. Ушбу сўровга жавобан Ниетбай Уразбаев Қозоғистон ИИВнинг қидирувдаги шахслар рўйхатига киритилган.

Маълумот учун, “Алга Каракалпакстан” (“Олға Қорақалпоғистон”) сепаратистик ҳаракати Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқишини тарғиб қилиб келади.

Эслатиб ўтамиз, 1-2 июл кунлари Нукус шаҳрида оммавий тартибсизликлар кузатилганди. Расмий маълумотларга кўра, намойишлар вақтида 19 нафар киши қурбон бўлган. Нукус воқеалари бўйича жиноят иши бўйича икки алоҳида суд мажлиси якунларига кўра 22 нафар ва 39 нафар судланувчига ҳукм чиқарилган эди.   

Мавзуга оид