Ғарбдан келган янги танклар ва Словянскка зарба оқибатлари. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 397-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Россия қўшини Словянскни ўққа тутди. Маҳаллий расмийларнинг маълумотларига кўра, икки киши ҳалок бўлиб, 30 дан ортиқ киши яраланган. Маъмурий ва офис бинолари, бешта кўп қаватли уй ва еттита хусусий уй вайрон бўлган.
- Тула яқинидаги Киреевск аҳоли яшаш пунктида украинларнинг ўқ-дори ортилган дрони портлади. Маҳаллий расмийларнинг сўнгги маълумотларига кўра, тинч аҳоли вакилларидан уч киши жабрланган. Украина томони бу ҳужумга изоҳ бермаган. Бу сўнгги ойларда Тула областининг Киреевск районида рўй берган иккинчи портлашдир.
- Украинага Ғарбдаги иттифоқчилар ваъда қилган танклар етиб келди — британларнинг Challenger 2, немисларнинг Leopard 2 танклари, шунингдек жанговар пиёдалар машиналари — Американинг Stryker ва Германиянинг Marder русумли уловлари.
- The Insider Қримдаги «Дружба» лагерида Россияга олиб кетилган украиналик болаларга зўравонлик ишлатган кишининг шахсини аниқлади. Бу «Беркут»нинг собиқ аъзоси, 2014 йилги Майдан воқеалари чоғида Виктор Янукович томонида туриб иштирок этган Валерий Астахов. Қрим аннексия қилингач у Россия фуқаролигини қабул қилган ва Евпаторияда ИИВга ишга кирган.
- Россия ИИВ «Россия кўнгиллилар корпуси» командири Денис Капустинни қидирувга берди. Уни тадбиркор ва «Царьград» телеканали асосчиси Константин Малофеевга суиқасд уюштириш ва март ойи бошида Брянск областидаги қишлоққа «диверсантлар ҳужуми»га, шунингдек 2022 йил августида Волгоград областидаги нефт-газ объектларига «диверсия-террорчилик акти» ташкиллаштиришга алоқадор деб ҳисоблашмоқда.
Ғарб иттифоқчиларининг янги ҳарбий техникалари Украинада
Украина ҳудудига британларнинг Challenger 2, немисларнинг Leopard 2 A6 танклари, шунингдек пиёдаларнинг жанговар машиналари — америкаликларнинг Stryker ва немисларнинг Marder русумли техникалари етиб келди. Украина мудофаа вазири Олексий Резников хабар қилишича, Украина қуролли кучлари аллақачон «янги машиналарни зирҳли бўлинмаларда синовдан ўтказган». Бундан ташқари, Лондон Украинага Challenger 2 танклари учун кучсизлантирилган уранли снарядларни етказиб бериши керак — бундай ўқ-дорилар «замонавий танк ва зирҳли техникалар» зирҳини тешиб ўтишда анча самарадор ҳисобланади.
Владимир Путин бу қарорни Ғарб мамлакатлари «сўзда эмас, амалда ҳам сўнгги украин қолгунича Россия билан жанг қилишга тайёрлиги» деб баҳолади; мудофаа вазири Сергей Шойгу [ядровий эскалация бўйлаб] «яна бир зинадан ўтилгани, [зиналар] эса борган сари камайиб бораётгани»ни айтди; ТИВ раҳбари Сергей Лавров Буюк Британия режаларини халқаро ҳуманитар ҳуқуқнинг бузилиши деб баҳолади.
Бундан ташқари, Путин Беларус ҳудудига тактик ядро қуроллари жойлаштирилишига ваъда берди ва Александр Лукашенко буни анчадан буён сўраб келаётганини қайд этди. Лукашенконинг ўзи РФ президентининг бу баёнотига муносабат билдирмади. Евроиттифоқдагилар бу қадам янги санкцияларга сабаб бўлишини, АҚШдагилар эса — Путиннинг сўзлари Америка стратегик ядро кучлари иш тартибини ўзгартирмаслигини маълум қилди.
Словянск ўққа тутилиши оқибатлари
Россия қўшини 27 март тонгида Славянскка ракета зарбаси йўллади — Донецк областидаги бу шаҳар 2014 йилдан буён ўққа тутиб келинади. Кун охирида шаҳар мэри Вадим Лях ҳужум оқибатида маҳаллий аҳоли вакилларидан икки киши ҳалок бўлгани ва 36 киши яралангани ҳақида хабар берди. Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленкога кўра, шаҳарда бир қанча маъмурий ва офис бинолари, бешта кўп қаватли уй ва еттита хусусий уй вайрон бўлган.
«Душман билиши керак: Украина одамларимиз устидан масхаралашни кечирмайди, бу ўлимлар ва яраларни кечирмайди. Барча россиялик террорчилар яксон этилади. Бу тажовузга алоқадор бўлганларнинг барчаси жавобгарликка тортилади», — дея изоҳ берди бу ҳодисага Володимир Зеленский.
Россия Словянск ўққа тутилгани юзасидан муносабат билдирмаган.
Қуйида шаҳарда ушбу ҳужум оқибатлари акс этган суратлар.
Донбассдаги украин артиллериячилари
Россиянинг Донецк областидаги юриши давом этмоқда. Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленко 27 март куни хабар беришича, кун давомида РФ армияси зарбалари оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, икки киши яраланган; бир неча бино вайрон бўлган. Кириленкога кўра, россияликлар Северск (Донецкдан тахминан 100 километр шимолда), Авдийивка (Донецкдан 20 километр шимолда) ва Курахово (Донецкдан 40 километр ғарбда) шаҳарларини, шунингдек Ҳорливка ва Лисичанск йўналишидаги бир неча қишлоқларни ўққа тутган. РФ мудофаа вазирлиги ўз сводкасида мазкур аҳоли яшаш пунктларини тилга олмаган.
Бундан ташқари, россияликлар Бахмутни штурм қилишда давом этмоқда — бу уларнинг 2022 йил ёзидан буён Донбассдаги асосий нишони. Украина қуролли кучлари қуруқлик қўшинлари қўмондони Олександр Сирскийнинг сўзларига кўра, украин ҳарбийларининг ҳозирги мақсади — рақиб кучларини ҳолдан тойдириш ҳисобланади. Унинг қўшимча қилишича, Украина қуролли кучлари «харитада эмас, балки жанг майдонида реал натижага эришиш» учун келишилган ҳолда ҳаракат қилмоқда. Россия томони Бахмут йўналишидаги вазият юзасидан изоҳ бермаган.
Харкив областидаги ҳаёт
Киевда украиналик ҳарбий хизматчининг дафн маросими
Мавзуга оид
22:59 / 26.11.2024
Украина – Жанубий Корея: кутилмаганда пайдо бўлган иттифоқ
19:07 / 26.11.2024
Украина армиясига ёлланган британиялик Россияда асирликка тушди
17:41 / 26.11.2024
«Путин доим ҳужумга тайёр, Трамп – табиатан девелопер». Меркелнинг мемуаридан парчалар
13:20 / 26.11.2024