Жамият | 10:14 / 01.04.2023
29063
7 дақиқада ўқилади

Даланинг оғир меҳнатидан илмий ишгача. Синовларни билим билан енгган қиз ҳикояси

“Болалигимда қишлоқда қизлар орасида фақат мен далага велосипедда қатнардим. Ўшанда устимдан кулишган, лекин менга бунинг аҳамияти йўқ эди. Ҳаётим имкон қадар осонроқ бўлишига ҳаракат қилганман. Бунинг учун менга фақат ва фақат ўқиш ёрдам беради деб ишонганман ва адашмаган эканман”, дейди “Микрофон қизларда” лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони Соҳибжамол Бозорова.

Чиқиш йўли

Айни пайтда 29 ёшдаман. Қашқадарё вилояти, Нишон тумани Талимаржон шаҳарчасида катта бўлганман. Оддий оила фарзандиман, дадам телевизор устаси, онам раҳматли муҳандис эди. Болалигим чиройли ўтган, оилада 3 нафар қиз фарзандмиз. Бироқ кейинчалик қийинчилик пайтлари юзага келган, ўгай она қўлида қолдик, нонга зор кунларимиз бўлган. Ўша пайтлари 10-12 минг сўм учун кун бўйи, совуқ-иссиқ демай далада ишлаган пайтларим бўлган.

Айни мана шу вазиятда бу қийинчиликлардан ўқиш орқали чиқиб кетаман деб ишонганман. Сабаби онам раҳматли ўқимишли, давлат ишида ишлагани учун маҳалладаги зиёли, энг яхши шароитларга эга аёл бўлган. Вафотидан кейин ҳам ҳамма онамни чиройли сўзлар билан эсларди. Шундан билганманки, таълим орқали яхши имкониятларга эга бўлиш мумкин.

Бироқ дадам бизга бошқаларни ўрнак қилиб кўрсатарди. Деҳқончилик қилган пайтимиз ёнимиздаги далада ишлайдиган аёлнинг болаларини намуна қиларди: “Мана, қаранглар, шу аёлнинг болалари помидор ҳосилини 1 млн сўмга сотди”, деб. Лекин улар 1 млн сўм учун йил бўйи ишлашларига тўғри келарди. Менга бу иш оғир туюлган, шунинг учун ўқишга йўл излаганман.

Болалигимдан ўзимни қатъиятли бўлганман деб ҳисоблайман. Маҳаллада қизлар орасида фақат мен далага велосипедда қатнардим. Ўзим тенги болалар эса “ўғил болага ўхшайсан” деб устимдан кулишган. Менга бунинг аҳамияти йўқ эди, ҳаётимни яхшилашга ҳаракат қилардим. Далада ҳам тушлик пайти иссиқда эмас, кечки пайт салқинда ишлашни маъқул кўрардим. Кенг далада бир ўзим қолиб ишласам ҳам қўрқмасдим.

“Контрактим учун пул топишим керак эди”

2012 йил коллежни тугатиб ҳисобчилик йўналишига ҳужжат топширганман, лекин киролмагандим. Кейинги йил эса Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтининг озиқ-овқат технологияси йўналишига шартнома асосида кирганман. Ўшанда ҳамма устимдан кулган: “бу йўналишни битириб, ҳеч қаерда ишлолмайсан, контракт пулиниям тўлолмайсан”, дейишган. Ҳақиқатан, ўшанда бир йиллик шартнома пули 4,6 млн сўм – мен учун фантастик миқдор эди. У пайти бунча пул тугул, автобусга йўлкира пули ҳам йўқ эди. Бошида дадам шартнома пулимга ёрдам бермоқчи бўлган, лекин менинг талаба бўлишим опамнинг ўқишни битиришига ( у ҳам шартнома асосида ўқиган) тўғри келган, ҳам онамнинг таъсири остида дадам фикридан қайтган. Шунда ҳам хафа бўлмасдан ўзим ҳаракат қиламан деб уйдан чиқиб кетганман.

Коллежда ўқиган пайтларим аълочи ва фаол бўлганим учун туман ҳокими мени танирди. Шунинг учун ҳокимдан ёрдам сўраб борганман, у “Камолот” ёшлар ташкилотига юборган, лекин ёрдам ололмаганман. Шу ташкилот эшиги тагида йиғлаб турганимда қоровул амаки “Ўқишни шунчалик хоҳласанг, фақатгина вилоят ҳокими сенга ёрдам бера олиши мумкин”, деганди. Шундан сўнг эртасига вилоят ҳокимлиги биноси олдида ҳокимни кутиб кечгача ўтирганман. Кун ботгандан сўнг охири ҳоким ўринбосари қабулига киришга рози бўлганман. Ҳокимлик вазиятимни тушуниб, менга 2 млн сўм шартномамга ўтказиб беришганди. Шартноманинг қолган 300 минг сўмини ҳам топишим керак эди. Шунинг учун ўқиш бошланиб кетган бўлса ҳам, бир кишининг ўрнига пахтага чиқиб, “бир сезон” пахта териб, ўша 300 минг сўм пулни топиб келганман.

Пойтахтга йўл

Шундай қилиб ўқиш бошланди. Ўқиш учун бор имкониятларимни ишга солганман. Ўқиш пайти 5-6 талаб курс иши, диплом ишлари ёзардим. Охирги курсда 6 та диплом иши олганман, ўзимники билан 7 та ишни тугатишим керак. Ўша пайт қўлимни ит тишлаб олганди, оғриқдан эмас, қандай қилиб шунча нарсани тайёрлайман, деб йиғлаганман.

Ёз ойлари шаҳарда тикувчилик цехларида, қишлоқда далада ишладим, нима қилиб бўлса ҳам пул топиш учун имконият қидирганман. Янги йил арафасида бозорда товуқ гўшти сотиб кўрганман.

2017 йил ўқишни битириб туманга қайтсам, дадам мен учун иш топибди: ойлиги 450 минг сўм эди. Лекин бу ойлик мен учун етарли эмасди. Шунинг учун пойтахтга магистратурага ўқиш учун кетишим керак деган қарорга келганман ва Тошкент кимё-технологиялар институтига магистратурага грант асосида кирганман.

Бошида шаҳарни яхши билмаганим учун ўқишимиз яқинидаги кафеда идиш ювганман, бошқа иш қилсам курсдошларим кўриб қолиши мумкин деб ўйлагандим. Сал пойтахтга мослашгач, ҳам ўқиб, ҳам Туризм коллежида ишлай бошлаганман. Бўш кунларим бир оиланинг уй ишларига ёрдамлашардим. Магистратурани тугатаётган йилим талабалар учун мўлжалланган дастур орқали Германияда 2 ой ишлаб келганман. Ҳам немис тилимни яхшилаб, кеткизган харажатларимдан ташқари ҳам етарлича пул ишлаб қайтгандим. Сўнг ўша йили Тошкент давлат аграр университетига докторантурага кирдим, ҳам ишладим. Ҳали илмий ишимни ҳимоя қилганим йўқ, лекин ҳимояга тайёргарлик кўряпман. Турмушга чиққаним сабабли келинлик хизматларига ҳам вақт ажратдим.

Молиявий эркинлик

Илмнинг ортидан, курашувчанлигим сабаб ҳамма қатламларни кўрдим, оқ-қорани ажратишни ўргандим. Ота-онамнинг уйини таъмирлаб бердим, туманимиздан бир хонали уй сотиб олдим. Дадам ҳам ҳозир мен билан фахрланади, менга суянади.

Бошида менга ишонмаган, эплай олмайди деб ўйлаганлар энди болаларини олиб келиб “шуни ҳам ўқишга қизиқтир”, деб айтишади.

Ҳозирги вақтда нафақат қизларнинг, балки йигитларнинг ҳам молиявий мустақилликка эришиши осон эмас. Шунинг ортидан кўп ёш оилаларда ота-оналар болаларига кўпроқ ишонишлари, болаларини қийинчиликларга бардошли бўлишларига ёрдам беришлари кейинчалик тезроқ оёққа туришига ёрдам беради деб ўйлайман. 

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид