Ўзбекистон | 23:16 / 05.04.2023
37969
2 дақиқада ўқилади

Қўқон педагогика институти проректори ишдан бўшатилди 

ҚДПИ ётоқхонасидаги қизларнинг яшаш хонасида яширин камера ўрнатилгани маълум бўлиши ортидан, институт проректори ишдан олинди. Яна 4 нафар масъул ходимга интизомий жазо берилгани айтилди. Ҳуқуқ органларининг текшируви давом этмоқда.

Фото: Қўқон педагогика институти

Қўқон педагогика институти проректори ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди. 

Аввалроқ, ушбу институтдаги қизларнинг ётоқхонасига яширин камера ўрнатилгани маълум бўлган эди. 

Қайд қилинишича, проректор билан бирга «бевосита жараёнда иштирок этиб, хизмат вазифасини суиистеъмол қилган 4 нафар масъул ходим, жумладан, бир нафар мутахассисга интизомий жазо чораси ҳам қўлланган». 

Хабарда уларнинг исми шарифи келтирилмаган. 

«Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги инсон шахсий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, шахсий маълумотларни очиқлашга уриниш каби хатти-ҳаракатларни қаттиқ қоралайди, ушбу ҳолатни талаба-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш деб баҳолайди. Ҳеч ким инсон эрки ва шахсий ҳаётига дахл қилишга ҳаққи йўқ, деб ҳисоблайди», дейилади хабарда. 

Вазирлик хабарига кўра, воқеа иштирокчиси бўлган қизларнинг тазйиқсиз таълим олиши кафолатланади. 

Таъкидланишича, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан текширув ишлари давом этмоқда.

Аввалроқ ҚДПИ берган баёнотда ректорнинг буйруғи асосида талабаларнинг психологик муаммолари билан ишлаш учун махсус хона ташкил қилинаётгани, камера шу муносабат билан ўрнатилгани айтилганди.

Мавзуга оид