Қуддусдаги «Ал-Ақсо» масжиди олдида яна тўқнашув. Юзлаб фаластинликлар ҳибсга олинди
Исроил ҳудудига Ғазодан туриб ракета зарбалари йўлланган.
Исроил полицияси Қуддусдаги «Ал-Ақсо» масжиди олдида ўнлаб фаластинликлар билан тўқнашди.
5 апрел куни одамлар масжидда олов, таёқ ва тошлар билан қамалиб олганидан сўнг, полиция Маъбад тоғида уларга қарши рейд ўтказган.
Фаластин томонига кўра, полиция йиғилганларни тарқатиш учун шовқинли гранаталар ва резина ўқлар отиши оқибатида 14 киши яраланган.
Арабларнинг Al-Mayadeen телеканали хабар беришича, полициячилар билан тўқнашувлар оқибатида 100 га яқин киши жабрланган, яна 400 дан ортиқ киши қўлга олинган. Полициячилар эса қўлга олинганлар сони 350 нафардан ортиқроқ эканини маълум қилган.
Исроилнинг ҳаракатлари Саудия Арабистони, Миср ва Иордания томонидан қораланди.
Кейинроқ Ғазо секторидан Исроилга камида тўққизта ракета учирилди ва ҳаво ҳужуми сиреналари янгради.
Исроил армиясига кўра, бешта ракета «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилган ва яна тўрттаси одамлардан холи жойга қулаган. The Jerusalem Post хабарига кўра, учирилган ракеталар сони ўнта бўлган ва улардан бири Исроил жанубидаги Сдерот шаҳридаги саноат зонасига тушган.
Ҳозирча ракеталар учирилгани учун жавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ, бироқ бу Ғазони назорат қилаётган ҲАМАС гуруҳи назорати остида содир этилгани тахмин қилинмоқда.
ҲАМАС раҳбари ўринбосари Солиҳ ал-Аурий «исломий зиёратгоҳларга ҳужум қимматга тушиши»дан огоҳлантирди. «Биз исроилликлар оёғи остидаги ерни ёқиб юборамиз», деб ваъда берди у.
Кейинроқ Исроил ҳарбийлари ўз жанговар самолётлари Ғазодаги объектларга зарба берганини айтди.
Исроил томонидан аннексия қилинган Қуддус шарқидаги тўқнашувлар бир гуруҳ фаластинлик диндорлар Рамазон ойида намоз ўқиб, масжидда тўсиқ ўрнатиши ортидан бошланган.
Масжиддан олинган кадрларда намойишчилар пиротехника отаётганини кўриш мумкин. Исроил полицияси ходимларига тош отилгани, оқибатда бир полициячи яралангани ҳақида хабар берилди. Яна бир видеода исроиллик полициячилар фаластинликларни резина таёқ билан калтаклаётгани тасвирланган.
Кейинроқ Фаластин Қизил Ярим ой жамияти Исроил кучлари шифокорларни масжидга киритмаётганини айтди.
Аввалроқ фаластинликлар яҳудийлар Песах байрами муносабати билан Маъбад тоғида эчки қурбонлик қилмоқчи экани ҳақидаги хабарлар ортидан мусулмонларни масжидларда қамалиб олишга чақирган эди.
Қуддуснинг Эски шаҳридаги тепалик чўққиси яҳудийликда муқаддас жой ҳисобланади. У ерда биринчи, кейин эса иккинчи Қуддус ибодатхонаси жойлашган. Мусулмонлар учун бу учинчи энг муқаддас жой бўлиб, уни «Ҳарам аш-Шариф» деб аташади ва Муҳаммад пайғамбар жаннатга кўтарилган жой сифатида эътиқод қилишади.
Тепаликда иккита мусулмон зиёратгоҳи – «Ал-Ақсо» масжиди ва «Қоя гумбази» жойлашган. Мусулмонлар бутун мажмуани «Ал-Ақсо масжиди» деб билишади, бироқ сўнгги тўқнашувлар масжиднинг ўзида содир бўлган.
Яҳудийлар ва бошқа мусулмон бўлмаганлар учун маълум соатларда мажмуага киришга рухсат берилган, аммо ибодат қилиш мумкин эмас. Шу билан бирга, фаластинликлар яҳудийларнинг Маъбад тоғига боришини мўрт статус-квони ўзгартиришга уриниш сифатида баҳолайди.
Мавзуга оид
10:45 / 09.11.2024
Ливан: Исроилнинг UNIFIL ва Ливан армияси ҳарбийларига ҳужумлари уруш жиноятлари ҳисобланади
17:40 / 08.11.2024
«Маккаби» мухлислари Амстердамда Фаластин байроғини ёқиб, тартибсизлик келтириб чиқаришди ва сўнг таксичилар тақибига учрашди
17:32 / 08.11.2024
Нетаняҳу мудофаа вазирини бўшатди: бу ғалаёнларга сабаб бўлмоқда
14:13 / 08.11.2024