Ўзбекистон | 12:10 / 06.04.2023
6682
3 дақиқада ўқилади

Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланяпти

Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан давлат чегараси билан боғлиқ иккита қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Фото: Senat.uz

Таъкидланишича, давлат чегараси хавфсизлигини таъминлашда амалдаги қонунда бир қатор ҳуқуқий камчиликлар мавжудлиги турли муаммоларни юзага келтирмоқда. Хусусан, давлат чегараси билан боғлиқ асосий тушунчалар берилмаганлиги боис, фаолият давомида фуқаролар, вазирлик ва идоралар томонидан турли тарзда талқин қилиняпти. Бу эса давлат чегараси хавфсизлигини таъминлаш, уни жиҳозлаш, вазирлик ва идоралар томонидан ўз ваколати доирасида белгиланган вазифаларни бажаришда бир қатор муаммо ва тушунмовчиликлар келтириб чиқармоқда.

Бундан ташқари, чегара ҳудудларида деҳқончилик қилиш ёки чорвачилик билан шуғулланишда қонунчиликда аниқ нормалар белгиланмаганлиги сабабли чегара зоналарида ва чегараолди ҳудудларида яшовчи аҳоли турли қийинчиликларга дуч келмоқда.

Муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги қонунда давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий тушунчалар,  давлат чегарасини қуруқликда, чегара дарёларида, кўллар, самовий ҳудуд ва бошқа жойларда шахслар ва транспорт воситаларининг кесиб ўтиш тартиби аниқ белгилаб берилмоқда.

 Шунингдек, қонунда давлат чегарасини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси ва чегарадош давлатларнинг вакилларидан иборат бўлган ҳукуматлараро комиссия томонидан амалга оширилиши кўрсатилмоқда. Қолаверса, давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни амалга оширишда қуролни, ҳарбий техникани, махсус воситаларни, жисмоний куч ва хизмат ҳайвонларини қўллаш шароити ва тартиби киритилмоқда.  

“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунда эса чегара қўшинлари ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларини бажармаганлиги ва унинг ўз хизмат бурчларини бажаришига қаршилик кўрсатганлиги учун алоҳида жавобгарлик белгиланяпти.

Маълум қилинишича, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддасидаги талаблар, яъни чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг қонуний талабларини бажармаслик ва уларнинг қонуний фаолиятига қаршилик кўрсатиш орқали маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги учун белгиланган жариманинг камлиги ҳуқуқбузарлик учун қўлланадиган жазо таъсирчанлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Кодекснинг 225-моддасидаги тегишли қисмлари, яъни чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидалари ёки муддатларини бузиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш, шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳамда транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш ваколати ички ишлар органлари билан бир қаторда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига ҳам берилмоқда.

Сенаторлар ушбу қонуннинг маъқулланиши чегара қўшинлари фаолияти самарадорлигини оширишга, фуқаролар оворагарчилигининг олдини олишга, уларнинг вақти ҳамда маблағларининг ортиқча сарфланишига чек қўйишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Ҳар икки қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид