Ўзбекистон | 15:26 / 07.04.2023
22554
2 дақиқада ўқилади

Акмал Маҳмудалиев Сирдарё вилояти ҳокими этиб тасдиқланди

Сирдарё вилояти ҳокимлиги биносида бўлиб ўтаётган йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди. 

Kun.uz мухбири хабар беришича, сессия иштирокчилари томонидан Акмал Маҳмудалиев бир овоздан Сирдарё вилояти ҳокими вазифасига маъқулланди. 

Йиғилишда иштирок этаётган Шавкат Мирзиёев вилоятнинг янги ҳокимига вазифаларини эслатиб ўтди:

"Маҳмудалиевнинг эндиги вазифаси – бугун айтилган режа ва ташаббусларни ҳаётга, аҳоли турмуш тарзига кўчириш. Агар Маҳмудалиев шуни қила олса, одамларимиз рози бўлади. Халқ вакиллари юксак ишонч билдирган Акмал Азимжонович Маҳмудалиев энди ўз фаолиятида фақат адолат, садоқат, ҳалоллик ва фидойилик билан Сирдарё вилояти аҳлига астойдил хизмат қилиши лозим", деди президент.

Шунингдек, бугундан бошлаб, янги ҳоким, ўринбосарлари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, фаоллар, тадбиркорлар ва ёшлар бир ёқадан бош чиқариб, ҳар бир туман ва шаҳар, қишлоқ ва маҳаллага инновация олиб кириши шартлиги таъкидланди.

Акмал Маҳмудалиев 2022 йил ноябрида  Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди

Бундан олдин у Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими, Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани ҳокими, Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.

Мавзуга оид