Иқтисодиёт | 16:19 / 07.04.2023
47868
3 дақиқада ўқилади

АКТ вазирлиги ва Алоқабанк бинолари Алоқабанкдан кредит олган компанияга сотилди

8 млн сўм устав фондига эга компания Алоқабанкдан имтиёзли шартларда 390 млрд сўм кредит олиб, бир кун ўтгач 387 млрд сўмга Алоқабанк ва собиқ АКТ вазирлигининг биноларини сотиб олди. Ажратилган кредит миқдори банк активларининг 20 фоизига тенг. Ҳар иккала бино Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган.

Фото: e-auksion.uz

E-auksion савдо платформасида Тошкент шаҳри Миробод тумани, Амир Темур шоҳкўчаси, 4-уй манзилида (Амир Темур хиёбони олдида) жойлашган Рақамли технологиялар вазирлиги ва Алоқабанк биноларини сотиш бўйича савдолар якунланди. Spot'нинг эътибор қаратишича, ҳар иккала давлат активини 4 апрел куни битта компания сотиб олган.

Алоқабанк бош офиси биноси 10 дақиқа 44 сонияда 317,14 млрд сўмга сотилган, бу – лотнинг бошланғич баҳосидан (302 млрд сўм) 5 фоизга кўп. Ғолиб бўлган таклиф “Black Gold Industry News” томонидан билдирилган.

Орадан 9 сония ўтиб, ушбу компания Рақамлаштириш вазирлиги биносини сотиб олиш учун ўтказилган иккинчи кимошди савдосида ҳам ғолиб чиқади. Бу кўрсаткич ҳам дастлабкисидан 5 фоизга ошиб, 69,85 млрд сўмни ташкил этган. Мазкур лот 66,5 млрд сўмлик бошланғич нарх билан аукционга чиқарилганди.

Эътиборли жиҳати, Алоқабанк бош офиси биноси 302 млрд сўм бошланғич нарх билан сотувга чиқарилган – бир кв.м майдони 41.1 млн сўмдан тўғри келади. Рақамлаштириш вазирлигига қарашли бўлган бино эса 66,2 млрд сўм билан сотувга қўйилган – бир кв.м 18,1 млн сўм. Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган ва деярли бир хил параметрларга эга ушбу ёндош биноларнинг нима учун икки хил нархда сотувга қўйилишига аниқлик киритилмаган.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрига кўра, харидор “Black Gold Industry News” МЧЖ 2022 йил 31 январда Самарқанд шаҳрида рўйхатга олинган. Жорий устав фонди – 8 млн сўм. Фаолият йўналиши – тоғ-кон саноати соҳаси билан боғлиқ. Компаниянинг ягона таъсисчиси ва раҳбари сифатида Жалолов Зиёдулла Илёсиддин ўғли кўрсатилган.

Caption

Ягона корпоратив маълумотлар портали маълумотларига таяниб Gazeta.uz'нинг ёзишича, 3 апрел куни – кимошди савдосидан бир кун аввал Алоқабанк ушбу компанияга 15 йил муддатга, 14 фоиз ставкада 390 млрд сўм кредит ажратган. Иккита бино хариди эса компанияга 387 млрд сўмга тушган. 390 млрд сўм – банк активларининг 20,4 фоизини ташкил этади. Марказий банк маълумотларига кўра, февраль ойида тадбиркорлик субъектларига берилган кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 21,9 фоизни ташкил қилган.

Банк биносини сотиш бўйича кимошди савдоси шартларида “Алоқабанк” томонидан кўчмас мулк сотиб олиш учун 7−10 йил муддатга 16 фоиз ставкада кредит ажратилиши мумкинлиги қайд этилган. Лекин, собиқ АКТ вазирлиги биносини сотиб олиш учун бундай шартлар белгиланмаган.

Маълумот учун, 2021 йилнинг декабрь ойида президент Шавкат Мирзиёев Рақамли технологиялар вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ташкилотларни Мирзо Улуғбек туманидаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркига кўчириб ўтказиш ҳақида кўрсатма берганди.

Мавзуга оид