Жаҳон | 10:15 / 07.04.2023
3711
2 дақиқада ўқилади

ANSA: Берлускони оққонга чалингани учун кимётерапиядан ўтмоқда

Силвио Берлускони касалхонага ётқизилди, унинг олдига болалари етиб келди, деб ёзади Reuters. ANSA маълумотларига кўра, Италия собиқ бош вазири кимётерапия олмоқда ва унинг аҳволи барқарор.

Фото: EPA

Италия собиқ бош вазири, 86 ёшли Силвио Берлускони лейкемия (оққон) билан касалланган. Бу ҳақда 6 апрель, пайшанба куни манбага таяниб, Reuters агентлиги хабар берди. Маълумотни Corriere della Sera газетаси тасдиқлади.

Унинг маълумотига кўра, у Милан провинциясидаги San Raffaele касалхонасида ва реанимация бўлимига ётқизилган. Дастлабки маълумотларга кўра, у пневмониянинг қайталаниши билан боғлиқ нафас олишда муаммоларга дуч келган, дея хабар берди Corriere della Sera.

Reuters, ўз навбатида, сиёсатчи кардиология бўлимида эканлигини ёзди.

Берлускони вакиллари ҳозирча ташхис бўйича расмий тасдиқ жавобини тақдим этмаган.

Италиянинг ANSA ахборот агентлиги хабар беришича, Берлускони кимётерапияни бошлаган, даволашнинг биринчи курси 5 апрель куни шифохонада ўтказилган. Вазирлар маҳкамаси собиқ раҳбарининг аҳволи барқарорлигича қолмоқда, дея қўшимча қилди агентлик.

Силвио Берлусконининг фарзандлари – қизи Мария ва ўғли Луижи шифохонага 6 апрель куни етиб келган, бироқ кираверишда кутиб турган журналистлар ва суратга олиш гуруҳлари билан гаплашмаган.

Силвио Берлусконининг Forza Italia ("Олға, Италия") партияси Италия бош вазири Жоржа Мелони ўнг қанот коалициясига киради, бироқ унинг ўзи ҳукумат таркибида эмас.

Италия бош вазири ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Антонио Таяни RAI давлат телевидениесига шифокорлар билан гаплашганини айтди: «Бугун эрталаб мен профессор Алберто Дзангрилло (бош вазирнинг шахсий шифокори) билан гаплашдим ва у менга Берлускони тунни тинч ўтказганини, аҳволи барқарор эканини билдирди».

Берлусконининг Forza Italia'даги узоқ йиллик сафдоши Таяни Берлускони соғлиғида бир қатор муаммолар борлигини эслатди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид