Спорт | 20:51 / 07.04.2023
33739
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятига рухсат берилиши мумкин 

Бу ҳақда президентнинг янги қарорида белгилаб қўйилган. 

Фото: Артем Геодакян / ТАСС

Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятига рухсат берилиши мумкин. Бу ҳақда президентнинг «Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгилаб қўйилган. 

«Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов), Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш.Шерматов), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев), Адлия вазирлиги (А.Тошқулов), Ўзбекистон футбол ассоциацияси (А.Азизов) билан биргаликда махсус ишчи гуруҳни ташкил қилган ҳолда 2023 йил якунига қадар илғор хориж тажрибаси асосида футболни молиялаштириш тизимини кенгайтиришда букмекерлик фаолиятини амалга ошириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин», дейилади қарорнинг 21-бандида. 

Қайд қилиш жоизки, Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини йўлга қўйишга иккинчи марта уринилмоқда. 

2019 йил 4 декабрда имзоланган президент фармонида 2021 йил 1 январдан бошлаб халқаро тажрибадан келиб чиқиб спорт соҳасини, айниқса, футболни янада ривожлантириш, унинг инвестицион жозибадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш назарда тутилганди. 

Бироқ, 2022 йил 6 апрелдаги фармон билан Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини қонунийлаштириш тўғрисидаги қарор бекор қилинди. 

Мавзуга оид