Жамият | 21:15 / 10.04.2023
69537
10 дақиқада ўқилади

Кўпиртирилган айблов, навбатчи модда, сўз эркинлигига навбатдаги таҳдид — фаоллар 15 суткага қамалган блогер иши ҳақида

ACTIVIST лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров 8 апрел куни суд томонидан 15 суткага қамалганди. Айбловга блогернинг йогуртлар ҳақидаги видеолари асос бўлгани айтилган. Фаоллар суд қарори адолатсиз бўлгани, блогерни 15 суткага қамаш учун унга навбатчи моддалар тиркалгани, суд вазиятни тўғри малакалай олмагани ҳақида ёзмоқда.

ACTIVIST лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров бир қатор брендларнинг йогурт маҳсулотларига кармин (E120) моддаси қўшилгани сабаб бу маҳсулотларни истеъмол қилмаслик кераклигини айтиб видео чиқариши ортидан, 8 апрел куни 15 суткага қамалган эди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво маркази бу модда қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилиш жоиз ёки жоиз эмаслиги юзасидан изоҳ берди.

Кармин – қизил рангли бўёқ бўлиб, озиқ-овқат қўшимчаси сифатида ишлатилади. Бу модда ярим қаттиқ қанотлилар гуруҳига мансуб бўлган кошенил номли ҳашаротдан олинади.

ЎзМИ Фатво ҳайъатига кўра, тўрт мазҳаб уламоларининг наздида чигирткадан бошқа ҳашаротларни истеъмол қилиш қатъий ман қилинган. Лекин ҳашаротлардан олинадиган моддалар, шу жумладан кармин Е120 моддаси ҳам муайян кимёвий жараён ва усуллардан ўтиши билан ҳолати ўзгариши соҳа мутахассислари ва уламолар томонидан айтилган.

“Бу борада Иордания фатво ҳайъатининг 3240-сонли фатвосида қуйидагилар баён қилинган: “Ҳашаротлардан олинадиган моддалар кимёвий йўллар билан бошқа моддага айланади. Бу жараён Ислом шариатида “истиҳола”, яъни бир модданинг бошқасига ўзгариши дейилади. Натижада, нажосат ва нопок бўлган нарсалар ўз сифатларини йўқотиб бошқа нарсага айланади”.

Бу масалада ҳанафий мазҳабимизнинг машҳур алломаси Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул-Қодийр” китобларида бундай деганлар:

“Шариат (бирор нарсани) нажосат бўлишини муайян моҳиятга боғлаган. Нажосатнинг баъзи сифатлари йўқолиши билан нажосатлик моҳияти ҳам йўқолади. Агар нажосатнинг барча сифатлари йўқолса, нажосатлик моҳияти ҳам тўлиқ йўқолган бўлади. Бунинг шаръий масаладаги мисоли: узум суви пок саналади. (Вақт ўтиши билан) хамр (маст қилувчи ичимлик)га айланиб, нажосат бўлади. (Яна вақт ўтиши билан) хамр сиркага айланиб, пок бўлади”.

Кармин моддаси ҳақида Фатволар ва тадқиқотлар бўйича Европа Кенгаши ўзининг 19-сонли фатвосида қуйидагича қарор қилган: “Кармин E120 моддаси гарчи келиб чиқиши ҳайвонлардан бўлса ҳам, кимёвий ишловдан ўтади, натижада ўз тузилишини ўзгартиради ҳамда асл хусусиятларини йўқотади”.

Демак, юқоридагилардан кармин – E120 моддаси қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилиш жоиз экани маълум бўлмоқда. Лекин ушбу фатволар уламолар томонидан эълон қилинган бўлса-да, замонамиздаги айрим аҳли илмлардан мазкур масалада эҳтиёт йўлини тутишни тавсия этганлари ҳам бор.

Хулоса қилиб айтганда, уламолар рухсат бериб қўйган тарафни олиб баъзи бир одамлар кармин моддаси қўшилган маҳсулотни истеъмол қилса, тақво ва эҳтиёт йўлини тутганлар уларни маломат қилмасликлари керак. Валлоҳу аълам”, – дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ахборотида.

“Дежурний статья”

Ижтимоий тармоқ фаоллари Ҳожиакбар Носировга нисбатан суд қарори адолатсиз бўлгани, блогерни 15 суткага қамаш учун унга навбатчи моддалар тиркалганини айтмоқда.

Расул Кушербаев блогерга қўйилган айбловни кўпиртирилган деб ҳисоблайди. Собиқ депутатга кўра, маъмурий ишга тиркалган “ИИБ ходимига бўйсунмаслик” деган модда истаган одамни ичкарига олиб кириш учун ишлатиладиган “дежурний статья”га айланиб қолган.

“Бирор бир маҳсулот таркибида мусулмонлар учун ҳалол ёки ҳаром модда бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот берганлик, гапирганлик қачондан бери диний адоватни уйғотадиган бўлиб қолди? Қатор колбаса ва бошқа озиқ-овқатлар ҳақида ҳалол сўзини ишлатиб реклама тарқатганлар унда нима учун шу вақтгача жавобгар бўлишмаган?” – дея савол берган у.

Кушербаев ИИББ баёнотида айтилган “йогурт ишлаб чиқарувчилар блогерни судга бериши мумкин” мазмунидаги гапга муносабат билдираркан, бу жараёнга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бир томоннинг ёнини олиб аралашиши керак эмаслигини билдирган.

“ИИБ ходимига бўйсунмаслик” деган модда истаган одамни ичкарига олиб кириш учун ишлатиладиган айрим орсизларнинг “дежурний статьяси”га айланиб қолгани учун, бу модда "страховка" учун қўйилган, деган фикр туғилмоқда. Агар диний адоват моддаси синса, ушбу модда захирада турсин учун.

Юқоридагиларга кўра, Activist лойиҳаси асосчисига берилган жазода диний адоватдан кўра кўпроқ шахсий адоват борга ўхшайди”, – дея хулоса қилган Расул Кушербаев.

“Ҳуқуқдан фойдаланмаслик мажбуриятни бажармаслик деб топилиши бироз кулгили эмасми?”

Адвокат Абдумалик Абдуллаевнинг эътибор қаратишича, ИИББ баёнотида блогернинг айнан қайси хатти-ҳаракати ички ишлар органи ходимининг қонуний талабини бажармаслик деб баҳолангани очиқланмаган.

Адвокат, шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 апрелдаги 18-660-сонли хулосасига муносабат билдирган. Айбловга асос бўлган бу хулосага кўра, “Activist” каналидаги диний мазмундаги айрим видеоларда “аҳоли орасида турли ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ғоялар” бор.

Абдумалик Абдуллаев бу борада қуйидаги саволларни ўртага ташлайди:

  • МЖтКнинг 184-3-моддаси диспозициясидаги “диний адоватни тарғиб қилувчи” деган сўзлар билан юқоридаги эксперт хулосасидаги “ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ғоялар” деган сўзлар қай даражада айни бир хил маънони англатмоқда? Ўзи умуман “ихтилоф ва тушунмовчилик” сўзлари билан “адоват” сўзи бир маънони англатувчи сўзлар ҳисобланадими?
  • Агар ҳисобланса, бу ҳақида мутахассис фикри ёки судга оид лингвистик экспертиза хулосаси олинганми?

“Бундан ташқари, суд томонидан 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топишда Ҳ.Носиров ИИО ходимларининг ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш, тушунтириш бериш ва иш ҳужжатлари билан танишиб чиқиш каби қонуний талабларига бўйсунмаганлигини кўрсатилган.

Биринчидан, Ҳ.Носиров ИИО ходимларининг айнан қандай ҳужжат сўраган талабини бажармади ва умуман олганда ўзи ундан бирор бир ҳужжат талаб қилиниши қай даражада қонуний? Қайси қонундаги қандай талаб?

Иккинчидан, модомики Ҳ.Носиров ҳуқуқбузар экан, тушунтириш бериш ва (ёки) иш ҳужжатлари билан танишиб чиқиш МЖтКнинг 294-моддаси 1-қисмига кўра, унинг мажбуриятлари эмас, аксинча ҳуқуқлари сифатида саналган. Ҳуқуқдан фойдаланмаслик мажбуриятни бажармаслик деб топилиши бироз кулгили эмасми?! Менимча бироз эмас, анчагина кулгили, балки ачинарлидир”, – дейди Абдумалик Абдуллаев.

“Блогерга тўғри тушунтирилиб қўйилса ҳам бўларди”

Журналист Санжар Саидга кўра, ACTIVIST лойиҳаси муаллифининг бир видео ортидан 15 суткага қамалиши – мамлакатда сўз ва эътиқод эркинлигига уюштирилган навбатдаги таҳдиддир.

“Қизил қуртдан олинадиган кармин моддаси қўшилган йогуртларни ҳаром деган Activist 15 суткага қамалди. Блогер енгил жазо билан қутулди. Аввалги тузум бўлганида, уни ҳеч ким кўрмасди бошқа.

Лекин чиқарилган ҳукм адолатлими? Битта блогерга қўмита, идора, ИИВ, суднинг қарши чиқиши қанчалик тўғри?

Қўмитанинг “аҳоли ўртасида ихтилоф ва тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин бўлган ғояларни тарқатган” деган хулоса бериши-чи? Блогерга қўлланган модда жуда оғир эмасми?

Аслида блогерга тўғри тушунтирилиб, раддия бериб қўйилса ҳам бўларди. Бу ишлар эса жамиятдаги босим ва кескинликни кучайтирса кучайтирадики, асло яхшиликка олиб келмайди.

ACTIVIST иши мамлакатда сўз ва эътиқод эркинлигига уюштирилган навбатдаги таҳдиддан бошқа нарса эмас”, – дейди у.

“Ҳожиакбарни айблаётганларнинг аксари видеони тўлиқ кўрмаган”

Блогер Олимжон Ҳайдаров, ACTIVIST муаллифи ижтимоий тармоқларда айримлар томонидан фатво берганликда айбланаётганига муносабат билдирди.

“Шундай пост қўйганларни аксари видеони тўлиқ кўрмаган ҳатто. Видеони кўришганда бундай пост қўйишмасди, сабаби Ҳожиакбар видеода фатво бермаган. Халқаро Ислом фатво марказларида, уларнинг сайтларида ҳалол эмаслиги кўрсатилган модда айнан шу йогурт ичида борлигини айтган, огоҳлантирган холос.

Гоҳида жамоатчилик яхши ўйламасдан қилган ҳаракати сабаб фаолларга зиён етказиб қўяди”, – дейди у.

У Ҳожиакбар Носировнинг лойиҳасини эътироф этган

“Ҳожиакбар каби фаол жамоатчилик вакиллари миллатнинг, халқнинг виждони вазифасини бажармоқда ҳозир. Бундай лойиҳалар сабаб халқ ҳаққини талаб қилишни ўрганмоқда, ҳаққини танимоқда, виждон шаклланмоқда.

Ҳамма билади-а, ҳаққимизни танимаслигимиз, ҳаққимизни талаб қилмаслигимиз ким(лар)га қўл келишини?

Улар жамоатчилик фаолларининг кичкина бўлса ҳам хатоларини кутиб яшашади, хато қилдингми, “наказания”, – дея ёзди Олимжон Ҳайдаров.

Маълумот учун, 26 ёшли Ҳожиакбар Носировнинг ACTIVIST лойиҳаси бир йилдан камроқ вақт ичида YouTube'да 500 мингдан ортиқ обуначи тўплаган. У дўконларда савдо қоидаларига риоя этилиши, хусусан муддати ўтган, демакки истеъмолчилар соғлигига зарарли маҳсулотларнинг сотилишига қарши жамоатчилик назоратини олиб боради ва ўз каналида бу жараёндан видеоларни эълон қилади.

Мавзуга оид