Жаҳон | 09:21 / 10.04.2023
6457
2 дақиқада ўқилади

Тбилисида Михаил Саакашвилининг тарафдорлари митинг ўтказди

Михаил Саакашвилининг минглаб тарафдорлари Тбилиси марказида намойишга чиқиб, собиқ президентни озод этишни талаб қилишди. Аввалроқ у Европа Иттифоқи ва АҚШни қамоқхона касалхонасида ўлимдан қутқариш учун ҳамма нарсани қилишга чақирган эди.

Фото: Sputnik

9 апрель, якшанба куни Гуржистоннинг «Бирлашган миллий ҳаракат» (БМҲ) мухолифат партияси тарафдорлари ушбу сиёсий куч асосчиси, ҳибсда сақланаётган Михаил Саакашвилини қўллаб-қувватлаш мақсадида Тбилиси марказида митинг ўтказди. Euronews телеканали митинг иштирокчилари сонини бир неча минг киши деб ҳисобламоқда. Гуржистон собиқ президенти тарафдорлари митингга кўп сонли Гуржистон ва Украина байроқлари, шунингдек, Европа Иттифоқи байроқларини олиб келишди.

БМҲ раиси Леван Хабеишвили партия номидан расмийларга бир қанча талаблар қўйди - Саакашвили ва унинг бир қанча шерикларини қамоқдан озод қилиш, деолигархизация тўғрисидаги қонунни қабул қилиш, суд тизими ва Марказий сайлов комиссиясини ислоҳ қилиш. Брюссел Гуржистоннинг ЕИга кириши бўйича музокараларни давом эттириш учун айнан мана шу ислоҳотларни талаб қилмоқда.

Аввалроқ Гуржистон собиқ президенти Михаил Саакашвили касалхонада ўлаётгани ҳақида ёзганди ҳамда АҚШ, Европа Иттифоқи ва халқаро ҳамжамиятни унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилишга чақирганди. Гуржистон собиқ раҳбарининг мурожаати 7 апрель куни Politico нашри томонидан чоп этилган.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, агар унга мамлакат ташқарисида тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаса, тез орада вафот этиши тобора ойдинлашиб бормоқда.

«Менинг ўлимим Гуржистондаги сиёсий бетартибликка олиб келиши мумкин», деди Саакашвили. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, ўлими «албатта Путиннинг ғалабаси деб ҳисобланади» ва «минтақадаги ва эҳтимол дунёдаги Россия империализмига қарши тура олмайдиган барча раҳбарлар учун кучли рамз бўлиб хизмат қилади».

Гуржистон собиқ раҳбарига кўра, АҚШ Конгресси, Жо Байден маъмурияти ва ЕИ уни олигарх, Грузия собиқ бош вазири Бидзина Иванишвили ва унинг шерикларига қарши санкциялар, шунингдек, иқтисодий эмбарго, молиялаштириш ҳамда виза чекловларини тўхтатиб қўйиш орқали озод қилишлари керак.

Мавзуга оид