Ўзбекистон | 18:09 / 11.04.2023
7770
3 дақиқада ўқилади

ХДП: Давлатнинг халқимиз олдидаги мажбуриятлари ортиши биз учун принципиал аҳамиятга эга

Фото: Халқ демократик партияси

Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Менинг Конституциям” шиори остидаги навбатдаги тарғибот тадбирини Сирдарё вилояти мусиқали драма театри майдонида ўтказди. Унда партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари, қонунчилик соҳаси мутахассислари иштирок этди.

Янги таҳрирдаги Конституция, унга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Сирдарё аҳолисини ҳам бефарқ қолдирмаяпти. Шу сабабдан Янгиланаётган Конституция мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик вакилларига тушунтиришга бағишланган тарғибот тадбирида юзлаб фуқаролар иштирок этишди.

Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова энди давлатни эмас, инсонни, унинг ҳуқуқлари кафолатини олий мақсадга кўтаришга эътибор қаратилаётгани, Янгиланаётган Конституция лойиҳасидаги янги нормалар “инсон-жамият-давлат” концепциясига амал қилинган ҳолда ишлаб чиқилгани, Халқ демократик партиясининг асосий ғоялари ҳам инсон ҳимояси, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги билан боғлиқлиги, шунинг учун партия Конституцияга таклифлар беришга катта масъулият билан ёндашганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Хусусан, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар инсон қадри учун, инсон манфаатлари учун эканлиги янгиланаётган Конституцияда ўз ифодасини топган. Бош қомусимизда 48-модда билан ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги, давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши белгилаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, Конституциявий қонун лойиҳаси билан илк маротаба узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифалари қаторидан жой олмоқда. 79-моддада давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда. 

Очиқ осмон остидаги тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.

Халқ демократик партияси ахборот хизмати

Мавзуга оид