Жаҳон | 08:43 / 14.04.2023
5351
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Луҳанск ва Суми областларига янги раҳбарлар тайинлади

Луҳанск области раҳбари Сергей Гайдай Украинанинг Қозоғистондаги элчиси бўлиб кетган.

Украина президенти Володимир Зеленский Луҳанск ва Суми областлари раҳбарларини тайинлаш тўғрисидаги фармонларни имзолади.

Володимир Артюх Суми области ҳарбий маъмурияти раҳбари, Артём Лисогор эса Луҳанск области ҳарбий маъмурияти раҳбари бўлди.

Артём Лисогор

Артюх 2022 йил август ойида 1-даражали хизматлари учун ордени билан тақдирланган, Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг ўринбосаригача бўлган қўмондонлик лавозимларида ишлаган, ўтган ёз охирида у Винница области ҳарбий маъмурияти бошлиғи маслаҳатчиси бўлган. 

Лисогор Житомир области Миллий полицияси бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари бўлган, 2021 йил октябридан 2022 йил июнигача Миллий полиция бўлинмаларининг кучлари ва воситаларини жалб қилиш бўйича Бирлашган кучлар қўмондони ўринбосари вазифаларини бажариш учун юборилган.

2019 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Сергей Гайдай 2023 йил мартида област ҳарбий маъмурияти раҳбари лавозимини тарк этганди. У эндиликда Украинанинг Қозоғистондаги элчиси лавозимини эгаллаган.

Сергей Гайдай уруш даврида Донбассдаги асосий спикерлардан бири эди

Суми области собиқ раҳбари Дмитро Живицкий эса 2023 йил январидаги истеъфолар тўлқинида ишдан бўшатилганди. Шундан бир неча кун ўтиб Украина хавфсизлик хизмати унинг ўринбосарини ҳудудий бюджет маблағларини талон-торож қилишда айблаганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид