Ўзбекистон | 15:58 / 15.04.2023
26777
21 дақиқада ўқилади

Маъмурий исканжа пахта-тўқимачилик соҳасини боши берк кўчага олиб кирди

Иқтисодчи Юлий Юсупов Kun.uz учун ёзган мақоласида Ўзбекистон пахта-тўқимачилик соҳасини таҳлил қилади. Хулоса равшан – тармоқ қатъий ислоҳ қилиниши, бозор иқтисодиётига ўтиши лозим. Беўхшов, бозор ва аксилбозор элементлар қоришмасидан иборат “тизим” эрки йўқ фермерни ҳам, кластерни ҳам, аниқ эгаси мавжуд бўлмагани боис шиддатли тезликда ишдан чиқаётган ерни ҳам бахтиқаро қилмоқда. Айнан қишлоқ хўжалиги ислоҳ қилинмаётгани сабаб қишлоқларда ишсизлик ва меҳнат миграцияси салмоғи юқори. Ўз меҳнат ресурсларимиздан ўзимиз эмас, бошқалар фойдаланяпти. Қишлоқлардаги чексиз ижтимоий муаммолар занжирига ҳам шу омил бўляпти.

Ўзбекистонда тўқимачилик саноати кейинги йилларда жуда яхши ривожланди. Айниқса, экспорт бўйича соҳа муваффақиятлари эътиборга молик. 2022 йилда Ўзбекистондан барча тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 3,2 миллиард АҚШ долларини (умумий экспорт ҳажмининг 16,5 фоизи), шу жумладан, ип-калава – 1,4 миллиард АҚШ долларини, тайёр трикотаж ва тикув-трикотаж маҳсулотлари – 0,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

2016 йилда тўқимачилик экспорти 1,6 миллиард доллардан кам бўлганини ва асосан пахта ва ип-калавадан иборат бўлганини инобатга олсак, ўсиш яққол кўзга ташланади.

Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари экспорти, миллион АҚШ долларида. Манба: https://stat.uz/images/uploads/docs/pressreliztashqisavdo202212ru.pdf.

Тўқимачилик тармоғининг асосий хомашё манбаи Ўзбекистонда етиштириладиган пахта бўлиб, уни етиштириш учун мамлакат суғориладиган экин майдонларининг 1/3 қисми ажратилган. Кўп йиллар давомида ўзимизнинг нисбатан арзон пахтамиз хорижий ишлаб чиқарувчилар билан рақобатда маҳаллий тўқимачиларга маълум афзалликларни берди. Аммо охирги пайтларда ўз хомашё базамиз мавжудлиги устунликдан кўра, кўпроқ саноатни ўлдирадиган омилга айланди. Ҳарҳолда буни тўқимачилик соҳаси вакилларининг ўзлари таъкидлашмоқда. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган пахта нархи халқаро бозорлардаги пахтадан қимматроқ бўлиб қолмоқда. Жаҳон тўқимачилик бозорида шиддатли рақобат ҳукм сураётгани ва рақобатда ғалаба баъзан маҳсулот нархидаги жуда кичик фарқ туфайли қўлга киритилаётганини ҳисобга олсак, бу ҳолат соҳа ривожига чек қўйиши мумкин.

Кластерлар ва фермерлар: “мажбурий никоҳ”

Қандай қилиб маҳаллий пахта хорижникидан қиммат бўлиб қолди?

Бу саволга жавоб Ўзбекистонда пахта етиштиришни ташкил этиш амалиётида. Гап шундаки, пахтачилик мамлакатимиз иқтисодиётининг давлат томонидан энг тартибга солинадиган тармоқларидан биридир. Бу ерда ҳамон давлат томонидан тартибга солишнинг маъмурий, бозорга қарши механизмларидан фойдаланилади. Давлат пахта етиштириш учун ерларни квоталайди (у «ажратиш» деб аталади), фермерлардан маълум миқдорда пахта хомашёси етиштириш мажбуриятини олади (минимал ҳосилдорлик меъёрлари белгиланади). Йиғилган ҳосилни қонуний равишда эркин бозорда сотиш мумкин эмас ва «пахта-тўқимачилик кластерлари»га қатъий белгиланган нархда сотилиши керак.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг маълумотларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистонда 134 та пахта-тўқимачилик кластери фаолият кўрсатган бўлиб, уларга пахта етиштириш учун 1 миллион гектардан ортиқ ер ажратилган, шундан 173 минг гектар (17 фоизга яқин) кластерларнинг ўзига тегишли, қолган ерлар кластерларга «бириктирилган» фермерлар ерлари (29,3 минг фермер хўжалиги).

Кластерлар фермерлардан пахта хомашёсини харид қилибгина қолмай, уларни аванслар билан таъминлайди, моддий ресурслар ва консултатив ёрдам кўрсатади, фермерларга кредитлар ёки харидларни кафолатлайди.

Кластерлар ва фермерлар ўртасидаги муносабатлар жуда мураккаб.

Фермерлар билан узоқ муддатли муносабатларни ўрнатишга, ўз мажбуриятларини виждонан бажаришга, ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот сифатини яхшилашга ҳар томонлама ёрдам беришга ҳаракат қилаётган кластерлар мавжуд.

Аммо, фермерларнинг шикоятларига қараганда, ўз мажбуриятларини бажармайдиган (масалан, сотиб олинган пахта учун ўз вақтида тўламайдиган), замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этишда қўллаб-қувватламайдиган, иш ўринлари яратмайдиган, ёқилғи-мойлаш воситаларини имтиёзли нархларда олиб, фермерларга қиммат нархда сотадиган, имтиёзли кредитлар олиб, тижорий мақсадларда қурилиш қиладиган ва бошқа номақбул ишларни қиладиган кластерлар бисёр. Кластерлар давлат уларга берган имтиёзли мақомни бажонидил суиистеъмол қилиш ҳолатлари кўп. Баъзи кластер раҳбарлари ва ходимлари фермерларга нисбатан бой эрксиз қулларга қиладиган муносабатни қилишади, бу эса носоғлом муҳитни, ижтимоий тарангликни юзага келтиради.

Бошқа томондан, кластерлар фермерлардан шикоят қилади: аванс олишади, лекин ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаришмайди, пахта далаларида "чап экинларни" етиштиришга ҳаракат қилишади, пахта ҳосилдорлигини оширишдан манфаатдор эмас, дейишади.

Ва буларнинг ҳаммасига бузуқ маъмурий тизим айбдор, айнан у бу каби носоғлом ижтимоий-иқтисодий муомалаларга замин яратади, фермерларни эркин – нимани қаерда экишни, маҳсулотини кимга ва қайси нархда сотишни ўзи белгилайдиган мустақил тадбиркорлар сифатида тан олмайди.

Бошқа томондан фермерлар ҳам, кластерлар ҳам давлат буюртмасини бажаришга масъул қилинган маҳаллий ҳокимият органларининг хўжалик ва иқтисодий масалаларга аралашишидан шикоят қилишади. Мансабдор шахслар:

– кластерларни йўналишларига хос бўлмаган ва иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайдиган фаолиятни молиялаштиришга, фермерларнинг харидларини (масалан, томчилаб суғориш тизимини сотиб олиш учун) ва кредитларини кафолатлашга мажбурлашади;

– тупроқ унумдорлиги паст бўлган, сув билан таъминланмаган далаларда пахта етиштириш учун ер ажратишга ҳаракат қилишади;

– шу билан бирга тупроқ шароити, алмашлаб экиш эҳтиёжи борлигига қарамасдан, фермерга ортиқча мажбуриятларни юклашади ва бу вазиятда фермер кимёвий ўғитлар ва зараркунандаларга қарши кураш воситаларини суиистеъмол қила бошлашига қарашмайди.

Кимёвий моддалар ва пестицидлардан ҳадсиз фойдаланиш тупроқни чарчатади ва микроорганизмларнинг табиий яшаш муҳитини йўқ қилади. Бундан ташқари, суғориш ва тупроқни ювиш учун ишлатиладиган сув ифлосланади. Оқибатда нафақат бевосита пахта етиштириладиган ер участкаларида, балки бошқа барча суғориладиган ерларда ҳам тупроқнинг кучи кетиши ва ифлосланиши содир бўлмоқда. Бундай чек-чегасиз “бошқарув” самарали деҳқончиликка путур етказади ҳамда фермерлар ва кластерлар ўртасида бартараф этиб бўлмайдиган кескинликни келтириб чиқаради.

Нима бўлганда ҳам кластерлар ва фермерлар ўртасидаги муносабатларни бозор муносабатлари, ўзаро келишув ва манфаатлар асосига қурилган муносабатлар деб бўлмайди. Жорий тизим замирида фермерларни маълум ерларда маълум экин етиштиришга ва уларни давлат томонидан белгиланган нархда сотишга мажбурлаш, шунингдек, кластерларни нафақат пахта етиштириш, балки мансабдор шахсларнинг бошқа турдаги истак-инжиқликларини молиялаштиришга мажбурлашдан иборат. Социализмдан мерос бўлиб қолган ва ҳалигача бартараф этилмаган бу амалиёт кўплаб салбий оқибатларга олиб келади:

1. Фермерларда пахта ҳосилдорлигини ошириш учун ҳеч қандай стимуллар мавжуд эмас, уларга пахта далаларида бошқа даромад келтирадиган экинларни етиштириш қулай, шунингдек, пахтани қорабозорда сотиш учун рағбат мавжуд.

2. Қишлоқ хўжалиги ерларидан максимал даражада тижорий даромад олиш нуқтаи назаридан самарасиз фойдаланилмоқда. Квоталаш фермерларга тупроқ хусусиятлари, иқлим, сувнинг кўп-камлиги, бозор конъюнктураси, ходимлар малакаси, ортиқча харажатлар ҳажми ва қиёсий устунликнинг бошқа омилларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш тузилмасини оптималлаштириш имконини бермайди.

Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, Ўзбекистон катта ҳажмда пахта етиштириладиган энг шимолий мамлакат ҳисобланади: вегетация даври қисқа бўлгани учун пахтамизнинг сифати нисбатан паст. Кўпинча пахта экиладиган ерларда бошқа экинларни етиштириш самаралироқ бўлади.

3. Қишлоқ хўжалиги ерларидан ер унумдорлигини сақлаш ва ошириш нуқтаи назаридан самарасиз фойдаланилмоқда. Тупроқ унумдорлиги муттасил пасайиб бормоқда, шўрланиш ва ерларнинг деградацияси содир бўлмоқда, чунки давлат буюртмаси бўйича экинларни жойлаштириш фермерларни ердан интенсив фойдаланишга мажбур қилади, алмашлаб экишга имкон бермайди.

4. Ерлардан самарасиз фойдаланиш ва деградацияга учраши омилларидан яна бири мажбурий давлат буюртмалари амалиёти билан ҳам боғлиқ. Ушбу амалиётнинг давом этиши қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер эгалигининг ҳуқуқий томондан заиф ҳимояланиши омили бўлиб қолмоқда. Мажбурий экин етиштиришни таъминлаш вазифаси юклатилган ҳокимлар ерларни қайта тақсимлаш механизмларини суиистеъмол қиляпти, яъни «бепарво» деҳқондан ерни тортиб олиб, бошқасига беряпти. Табиийки, улар бу имкониятлардан шахсий бойиш учун фаол фойдаланишяпти ва ўз одамларини “бошлиқ” қилиб қўйиш орқали кенг ерларга эгалик қилиб олишяпти – латифундистларга айланишяпти. Ерга эгалик қилиш ҳуқуқи ёмон ҳимоялангани, ерни исталган вақтда олиб қўйилиши мумкинлиги сабаб, фермерларнинг ерга ғамхўрлик қилиш ва унумдорлигини ошириш учун узоқ муддатли сармоя киритишга рағбати йўқ. Ердан қисқа муддатли фойда олиш учун ўта интенсив фойдаланиляпти.

5. Бундан ташқари, ушбу бошқарув тизимида самарали ер эгаларини танлаш ва ерларни самарали эгалари фойдасига қайта тақсимлашнинг холис ва самарали механизмлари мавжуд эмас. Фермерлар ерлари бозор айланмасидан чиқариб қўйилди, ердан фойдаланиш ҳуқуқи қайта сотилмайдиган, гаровга қўйилмайдиган қилиб қўйилган, субижарага бериш имкониятлари чекланган. Ерларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш бозор тамойиллари асосида эмас, балки мансабдор шахсларнинг хоҳишига биноан амалга оширилади. Ерларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш механизмлари шаффоф эмас ва коррупциогендир.

6. Ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда ердан тўлиқ фойдаланилмаяпти: қишлоқ аҳолисининг катта қисми учун ерга кириш имконияти чекланган, бу эса бандлик ва даромадларнинг пастлиги сабаб ижтимоий тарангликни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, ҳозирги фермерларнинг ер олиш механизмлари тушунарсиз ва ноаниқ бўлгани сабаб, қишлоқ аҳолисининг наздида уларнинг ерга эгалик қилиш ҳуқуқи ноқонуний ҳисобланади. Кўп ҳолларда фермерлар турли мансабдорларнинг одамлари бўлади, коррупцион йиғимларни йиғиб олувчи асл эгалар эса – ўша мансабдорлар бўлади.

Тўқимачилик саноатининг ҳозирги инқирози

Тўқимачилик саноатидаги бугунги инқироз Ўзбекистонда пахта етиштириш ва тайёрлашнинг ушбу ўта самарасиз тизими билан бевосита боғлиқ. Фермерлардан сотиб олинадиган пахта нархи давлат томонидан белгиланади. Бу нархлар одатда жаҳон нархларидан паст бўлган, бу эса пахтани ташқи бозорга сотувчи экспорт компанияларига ҳам, тўқимачилик корхоналарига ҳам кўпроқ фойда олиш имконини берди.

Бироқ ҳозирги вазият тескари: давлат томонидан белгиланган харид нархи ташқи бозордаги нархлардан юқори бўлиб қоляпти. Мазкур ҳолат 2-расмда – давлат идораларимиз пахта хомашёсини фермерлардан сотиб олиш нархларини белгилашда қўллайдиган, пахта толаси нархига қайта ҳисоблашни ҳисобга оладиган услуб орқали кўрсатилган. (Мазкур расмдаги маълумотларга нисбатан Kun.uz боғланган баъзи мутахассислар эътироз билдиришди, бу ҳақда қўшимча маълумот берилади – таҳр.).

Ички ва жаҳон бозорларида пахта сотиб олиш нархларидаги фарқ, нархлар – бир фунт пахта толаси учун центда. Котировкалар манбаси: https://finance.yahoo.com/quote/CT%3DF/history?p=CT%3DF.

Бундан ташқари, тўқимачилик кластерлари бизнинг маъмурий тизимимизнинг “ўзига хослиги” билан боғлиқ қўшимча харажатларни кўтаради, бу эса тайёр маҳсулот таннархини янада оширади:

– Кластерлар таваккал қилади ва пахта етиштириш билан боғлиқ харажатларни ўз зиммасига олади, банк фоизларини (йилига 12% дан 24%), суғурта, ташиш, сақлаш, кейинги қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бошқа харажатларни тўлайди.

– Кластерлар кўпинча ҳокимлар ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига кўра фермерларга томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги техникаси, соя, картошка етиштириш ва пахта етиштириш ва кластер фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлмаган бошқа харажатлар учун кредит олишга ёки кредитлар бўйича кафолат беришга мажбурланади.

– Ўзбекистонда ип-калава ва трикотаж газламага (бўялган трикотаждан ташқари) экспорт божи ундирилади. Ушбу товарлар бозорлари шиддатли рақобат ва даромад даражаси жуда паст эканлигини ҳисобга олсак, аслида бу мажбурият тўқимачиларнинг фойдасини икки баравар камайтиради.

Ип экспортини чеклаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг хавфлилиги ҳақида аввалроқ ёзган эдим. Бундай чора-тадбирлар ип-калава ишлаб чиқаришнинг ўсишига, ўртача таннархни пасайтириш ва маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, саноатга инвестицияларни жалб қилиш учун «масштаб эффекти»дан фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда.

– ҚҚСни ўз вақтида қайтариш билан боғлиқ, солиқ идораларининг ноқонуний, бошқа давлатларда кузатилмайдиган, мамлакатимиздаги бизнес-муҳитни яксон қилувчи, “солиқ узилиши” деб номланувчи муаммолар сақланиб қолмоқда. Бу амалиётнинг маъноси шуки, ҚҚС тўламаганлик учун молиявий жавобгарлик қоидабузарга эмас, балки бу солиқнинг охирги – якуний тўловчиларига юкланади. Солиқчиларимизнинг фикрича айнан улар солиқ идораларининг ишидаги камчиликлар билан боғлиқ камомадни ёпиши керак... Эътиборлиси, солиқчилар айнан ким ҚҚС тўламаётганини яхши билишади, аммо камомадни айбсиз тадбиркорлар эгнига юклаб юборишни лозим деб билишади.

-Тўқимачилик вакилларининг айтишича, божхона тартиб-таомилларини мураккаблаштириш орқали мамлакатимизга пахта хомашёсини олиб кириш амалда тақиқлангани сабабидан, тўқимачилик маҳсулотлари таннархини оптималлаштиришни қийинлашмоқда. Толани импорт қилиш мумкин, лекин негадир бу ҳам “тавсия этилмайди”. Амалдорларимизнинг «мантиғини» баъзан тушуниб бўлмайди: четдан келтирилган пахтани қайта ишлашнинг нимаси ёмон?

Мавжуд вазият мамлакат тўқимачилик корхоналарини қуйидаги имкониятлардан маҳрум қилмоқда:

– халқаро бозорларда рақобатлашиш;

– экспорт хажмини ошириш;

– олинган кредитларни қайтариш;

– инвестиция киритиш ва иш ўринларини яратиш;

– солиқлар ва бюджетга бошқа мажбурий тўловларни тўлаш.

Бу охир-оқибат аксарият кластерларнинг банкрот бўлишига олиб келади. Пахтачилик соҳасини бошқаришнинг маъмурий тизими ўзини ўзи еб битирди…

Нима қилиш керак?

Бу саволга жавоб аллақачон аён: пахтачиликни тартибга солишнинг бозор тамойилларига қарши амалиётидан воз кечиб, нормал бозор муносабатларига ўтиш керак. Экинларни «жойлаштириш»дан воз кечиш керак. Фақат пахта учун эмас, истисносиз барча қишлоқ хўжалиги экинлари бўйича режалаштиришдан воз кечиш зарур. Шунда қайта ишловчи корхоналар хомашёни (пахта, буғдой, ипак, мева-сабзавот ва бошқалар) эркин бозордан эркин нархларда сотиб оладилар. Шунингдек, улар фермерлар билан узоқ муддатли шартномалар тузиши ва шартномаларга кластерларни киритиши мумкин бўлади. Фақат энди буни мажбурий эмас, ихтиёрий равишда амалга ошириш имкониятига эга бўлишади. Бозор иқтисодиётига эга мамлакатларда бўлгани каби. Бунинг устига эркин бозор шароитида кластерлар фермерлар билан эмас, балки кўнгиллилик ва ўзаро манфаат кўриш стимули асносида тузиладиган (ҳозирги кластер “кооперацияси”дан фарқли) фермерлар кооперативлари билан узоқ муддатли муомалага кириш имкониятига эга бўлади. Бундай кооперативлар (мансабдорлар қаршилигига қарамасдан) Ўзбекистонда юзага келишни бошлади.

Юқорида айтганларимиз 2019 йил охирида қабул қилинган “2020-2030-йилларда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси”га тўлиқ мос келади. Бундан ташқари, 2020 йил бошида давлат раҳбари 2020-23-йилларда мажбурий давлат буюртмасини бекор қилиш режаларини эълон қилган эди. Аммо Стратегияни амалга ошириш учун масъул мансабдор шахслар қабул қилинган қарорларни аниқ саботаж қилмоқдалар, давлат буюртмаси бекор қилинмади, балки «жойлаштириш» номини олди. Ва бу номни ўзгартириш билан, афтидан, чекланишга қарор қилишди. Лекин давлат буюртмасини сўзда эмас, амалда бекор қилиш керак. Бусиз иқтисодиётимизнинг ҳам қишлоқ хўжалиги, ҳам тўқимачилик тармоқларини ривожлантиришнинг истиқболи йўқ.

Бундан ташқари, пахта импорти йўлидаги расмий ва норасмий тўсиқларни (ушбу бозорда рақобатни кучайтириш ва маҳаллий пахта нархларини жаҳон нархларига мослаштириш мақсадида) олиб ташлаш, тўқимачилик маҳсулотларига экспорт божларини бекор қилиш, ҚҚСни ўз вақтида қайтариш масаласини ҳал этиш зарур.

Лекин бу ҳаммаси эмас…

Давлат буюртмасининг кутилаётган бекор қилиниши ва қишлоқ хўжалигида бозор тамойилларига ўтилиши муносабати билан боғлиқ яна бир ўта муҳим масала бор – фермер хўжаликлари ихтиёридаги ерларнинг бир қисмини қайта тақсимлаш масаласи.

Гап нима ҳақида?

Сўнгги ўн йилликларда собиқ колхоз ва совхозларнинг экин ерларини бир неча марта қайта тақсимлаш содир бўлди. Қолаверса, бу қайта тақсимлашларнинг барчаси мутлақо ўзбошимчалик билан, ҳеч қандай жамоатчилик муҳокамаси ва маъқуллашисиз амалга оширилди. Натижада экин майдонларининг катта қисми ҳозирги вақтда (ижара шартномалари асосида) қишлоқ аҳолисининг жуда кичик қисмига – фермерларга тегишли. Қишлоқ аҳолисининг мутлақ кўпчилигида фақат кичик томорқадан (шахсий ёрдамчи хўжалик ва деҳқон хўжаликларидан) фойдаланиш имконияти мавжуд. Шу билан бирга, айрим ҳудудлардаги оғир демографик вазият, аҳолининг ҳаддан ташқари кўплиги ва қишлоқ жойларида ишсизликнинг юқори даражаси мавжудлигини ҳисобга олиш керак.

Аксарият қишлоқ аҳолиси наздида ернинг бундай тақсимланиши ноқонуний ҳисобланади. Юз бериши кутилаётган – давлат буюртмасидан воз кечиш бу масалани янада долзарб қилади. Чунки бунда оз сонли фермерлар (ёки улар ортида турган мансабдорлар) барча унумдор ва суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларининг эгаларига айлантирилади. Ахир улар бу ерларни сотиб олмаган (ҳарҳолда расман), қандай асосда эгалик қиляпти улар ерга? Ва аниқки – уларнинг кўпи энг самарали ер эгалари эмас. Яъни қишлоқда биз иккита табақага эга бўламиз: латифундистлар ва ерсиз деҳқонлар.

Мазкур ўткир муаммони ҳал қилиш йўлларидан бири – ижара шартномаларида фермернинг пахта ва ғалла учун ажратилган ер майдонларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмаслиги кўрсатилганидан унумли фойдаланиш. Моҳиятан олганда ер унинг ери эмас. Ва давлат “давлат буюртмаси” деган нарсани бекор қилар экан, шартномаларни қайта кўриб чиқиш ва илгари давлат буюртмалари учун ажратилган ерларни бошқа қишлоқ аҳолиси фойдасига қайта тақсимлаш имконияти мавжуд. Яъни ер масаласини қонуний йўл билан ҳал этишнинг ўзига хос имконияти мавжуд.

Давлат буюртмасидан бўшатилган ер майдонларини қайта тақсимлаш эса сотиб олиш, шаффофлик ва ижтимоий адолат тамойиллари асосида амалга оширилиши керак.

Ер энг самарали фойдаланувчиларга берилиши керак. Самарадорлик кўрсаткичи эса – ерни олиш учун тўлаш қобилияти ва тайёрлик даражаси. Давлат буюртмасидан бўшатилган қишлоқ хўжалиги ерлари ҳалол электрон аукционлар орқали хусусийлаштирилиши ёки узоқ муддатли ижарага берилиши керак: ким ердан фойдаланиш ҳуқуқи учун кўпроқ пул тўлашга тайёр бўлса (тўғридан тўғри сотиб олиш ёки ижаранинг таклиф этилаётган миқдорини тўлаш билан), у ер участкасини олади.

Шу билан бирга, аҳолининг ўта зичлиги ва у келтириб чиқарадиган ижтимоий тарангликни ҳисобга олиш керак. Яъни аҳоли зич жойлашган ҳудудларда ерларни аҳолининг кенг қатламлари фойдасига қайта тақсимлаш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун янги деҳқонларга ўтказиладиган ер участкалари ҳажмига чекловлар қўйиш мумкин (аграр аҳоли сони қанчалик юқори бўлса, ер ҳажми шунчалик кичик бўлади), шунингдек, ер участкасининг нархини босқичма-босқич тўлашни назарда тутиш мумкин.

Кутилаётган ихтисослашув ва ерни қайта тақсимлаш иқтисодиётнинг турдош тармоқлари, биринчи навбатда қайта ишлаш саноати эҳтиёжларини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш ва сақлаш инфратузилмасининг ривожланиши ва хусусиятини ҳисобга олиши керак, сув кам-кўплигини, сувни етказиб бериш нархини ҳам.

Ерга эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ерни ижарага бериш ҳуқуқини қайта сотиш бозор тамойиллари асосида амалга оширилиши керак. Шу билан бирга, ердан фойдаланиш самарадорлигини, шунингдек, ижтимоий ва аграр сиёсатнинг вазифаларини ҳисобга олган ҳолда бундай битимларни тузиш қоидаларини давлат аниқ белгилаши керак. Ерларнинг бир гуруҳ латифундистлар ўртасида тўпланишига ҳам, ер участкаларининг ҳаддан ташқари бўлинишига ҳам қарши маълум чекловлар ўрнатиш мумкин. Шу билан бирга чет эл фуқаролари ва компанияларининг қишлоқ хўжалиги ерларига эгалик қилишига ҳам турли чекловлар ва талаблар белгилаш мумкин.

Демак, кўриб турганимиздек, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик соҳалари жиддий ислоҳотларга муҳтож. Хусусан, бу ислоҳотларсиз сўнгги йилларда ташкил этилган, мутасаддиларимиз ҳалигача ҳақиқий бозор шароитида ишлашга имкон бермаган пахта-тўқимачилик кластерлари банкротликка маҳкум. Ва, албатта, аграр соҳанинг барқарор ривожланиши мамлакатимиз аҳолисининг ярмини ташкил этувчи қишлоқ аҳолиси фаровонлиги ва ислоҳотларнинг муваффақиятига бевосита боғлиқ.

Юлий Юсупов

Мавзуга оид