Ўзбекистон | 12:18 / 18.04.2023
26843
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 9 қаватли бино қурилиши тўхтатилди

Вазирлик ўтказган текширувда Олмалиқ шаҳрида 9 қаватли бино зилзила талабларига жавоб бермай қурилаётгани аниқланган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида қурилаётган 9 қаватли уйнинг сифати танқид қилинган видео ортидан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилган. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хабар беришича, қурилишда бир қатор қоидабузарлик ва сифатсиз бажарилган ишлар аниқланди.

Бинони қуришда «Зилзилавий ҳудудларда қурилиш» меъёр талаблари бузилган. Котлован тайёргарлиги тўғрисида геолог далолатномаси ва замин тупроқ қатлами зичлиги бўйича лаборатория хулосалари тўлиқ расмийлаштирилмаган.

Объектнинг барча қаватларини кўтаришда монолит-бетон контрукцияларнинг мустаҳкамлиги бўйича лаборатория синовларининг хулосалари олинмаган. Шунингдек, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган.

Бундан ташқари, хавфсизлик ленталари тортилмай туриб, опалубка монтаж ишлари бажарилган. Опалубка монтаж ишларида лойиҳадан четга чиқилган.

Қурилишнинг белгиланган ижро ҳужжатлари, хусусан, қоидага кўра қурилиши бўйича ижро схемалар, ишлатилган қурилиш материалларининг сифатини тасдиқловчи паспорт ва сертификатлар, ёпиқ ишлар далолатномалари тўлиқ расмийлаштирилмаган.

«Бугунги кунда қурилиш монтаж ишлари вақтинча тўхтатилганини маълум қиламиз. Юқорида кўрсатиб ўтилган қоидабузарликларни лойиҳа ва қурилиш меъёрлари талаблари асосида бартараф этилиши юзасидан техник назоратчи ҳамда пудратчи масъулларига тегишли кўрсатмалар берилган», дейилади хабарда.

Пудрат ташкилоти раҳбари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддасига асосан (Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) жаримага тортилган. Кодексда бунга БҲМнинг 5−10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10−20 бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланган.

Мавзуга оид