Ўзбекистон | 18:16 / 20.04.2023
38180
9 дақиқада ўқилади

Стратегик масала: Ўзбекистон уруғчиликда нега хорижга қарам бўлиб қолмоқда?

Kun.uz мухбири Қишлоқ хўжалиги соҳасининг асоси, энг муҳим йўналишларидан бўлган уруғчилик, селекция ва миллий генофондни сақлаб қолиш масаласида интервью ўтказди.  

Интервью давомида ўта муҳим, стратегик соҳанинг қандай қилиб хорижга боғланиб қолгани, уни ривожлантириш йўлидаги қилиниши керак бўлган ишлар ва ўсимлик касалликлари ҳақида сўз борди.

Дастур меҳмонлари Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти проректори Хуршид Тўрақулов, шу институт катта илмий ходими Бахтиёр Расулов ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Жамшид Абдузуҳуров бўлди.

— Бугун гаплашадиган мавзумиз аҳамиятини яхши тушунадиган ҳам, тушунмайдиган ҳам бор. Шунинг учун, келинг, интервью бошида қисқа қилиб уруғчилик, селекция, миллий генофонд нима ўзи ва у нега муҳим деган саволга қисқа-қисқа жавоб берсангиз. Чунки кимдир айтади нимаси долзарб экан бу масалани, уруғ бўлмаса четдан олиб келинаверади-да, шу пайтгачаям шундай қиляпмиз-ку, дея.

Жамшид Абдузуҳуров:

— Охирги йилларда озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида жуда кўп гапиряпмиз. Озиқ-овқат хавфсизлигининг асосида уруғчилик ётади. Қачонки мамлакат ўзини яхши, сифатли уруғлар билан таъминлай оладиган даражада бўлса, шунда озиқ-овқат хавфсизлигининг асосий муаммоси ечилган бўлади. Ҳар бир мамлакат ўзининг уруғчилик тизимига ва сиёсатига эга бўлиши керак.

Хуршид Тўрақулов:

— Уруғ — қишлоқ хўжалигида экиладиган экинларнинг хусусиятини сақловчи ва давом эттирувчи восита. 21 асрга келиб, қишлоқ хўжалигида уруғчилик аҳамияти яна ҳам ошиб кетди. Нима учунки, аср бошларида қишлоқ хўжалигидаги экинлар нави кам ва хусусиятлари бир-бирига яқин эди, бугун эса тур, навлар ва уларнинг хусусиятлари кўпайиб кетди.

Иккинчи тарафдан эса қишлоқ хўжалигига таъсир қилувчи иқлим ўзгариши, қурғоқчилик, ҳар хил касаллик каби омиллар кўпайди. Шундай вазиятда чидамли навлар яратиш орқали катта хавфларнинг олдини олиш мумкин.

Бахтиёр Расулов:

— Агар биз ўзимизнинг миллий генофонд остидаги уруғчиликни ташкил этмасак, хорижга боғланиб қоламиз ва шу орқали қишлоқ хўжалигида турли касалликларнинг кўпайишига олиб келади. Бундай ҳолатда қишлоқ хўжалиги катта хавф остида қолади. Уруғчилик ўсимликдаги касалликларни ташувчи бирламчи бўғин. Шунинг учун ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда миллий генофонднинг аҳамияти катта.

— Бугун Ўзбекистонда уруғчилик, миллий генофонд соҳасининг аҳволи қандай? Мен интервьюга киришда бу соҳа йўқолиб кетиш арафасидаги бир соҳа экан, деган хулосавий бир фикр айтдим. Бу гапим соҳа ва унда меҳнат қилаётганлар кўзи билан қараганда жуда оғир эканини биламан. Хўш, ошириб юбордимми ё сизлар ҳам қўшиласизларми бу фикрга?

Хуршид Тўрақулов:

— Охирги йиллардаги долзарб масала бу. Биз бугун мавзуни очиқ-ойдин муҳокама қилишимиз керак, бўлмаса, муаммоларга жавоб тополмаймиз. Кўпчилик билади, аксарият қишлоқ хўжалиги экинлари уруғи масаласида хорижга қарам бўлиб қолганмиз. Мустақилликнинг дастлабки йилларида фақат полиз маҳсулотларида четдан уруғ олиб келинган бўлса, ҳозир бошқа экинларга ҳам уруғ четдан келяпти. Голландия, Исроил каби давлатлардан келади асосан. Масалан, Исроилда қурғоқчилик юқори, Голландияда эса қуёш нури етишмайди. Уларнинг уруғлари ўз шароитига мос. Аслида имконият жиҳатдан биз уларга уруғ сотишимиз керак эди.

Бахтиёр Расулов:

— Хориж уруғларига боғланиб қолганимиздан ташқари, яна бир энг катта хавф — катта касалликлар кириб келиши. Кўпчилик уруғлар Ўзбекистондаги биотик стрессга чидай олмай, кутилган натижани бермаяпти. Қайта экиш ҳолатлари учраяпти.

— Жамшид ака, сиз Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили, айтилаётган шу катта йўналишга масъул орган ходимисиз. Олимлар кўзи билан қараганда соҳанинг аҳволи бу. Вазирликдагилар қандай кўради соҳанинг бугунги аҳволини? Сиз айтилаётган фикрларга қўшиласизми ё энди олимлар ошириб юборяптими?

 

Жамшид Абдузуҳуров:

— Юқоридаги фикрларга қисман қўшиламан. Мисол орқали тушунтирмоқчиман. Бир йилда Ўзбекистонга 650 минг тонна картошка уруғлиги керак бўлади. Бунча миқдордаги уруғни четдан олиб келиб бўлмайди. Шунинг учун уруғчилик хўжаликларида етиштириш йўлга қўйилган. Ўтган йили Ўзбекистонга 22 минг тонна картошка уруғлиги кириб келган, бу катта фоизни ташкил этмайди 650 минг тонна ичида. 2 минг тоннадан ортиқ сабзавот уруғлари керак бўлади бизга, четдан эса 82 тонна келган. Кўриняптики, Ўзбекистонда дастлабки уруғчилик тизими йўлга қўйилган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги илмий тадқиқот институтларига охирги йилларда катта эътибор бериляпти. Жаҳон банки ва хорижий институтлар ҳисобидан 500 млн доллар жалб қилинди. Лабораториялар ташкил этиляпти.

Хуршид Тўрақулов:

— Экин турлари кўп. Ғўза ўсимлиги уруғи билан Ўзбекистон ўзини-ўзи таъминлай олади, муаммо йўқ. Буғдойчиликда қисман шундай. Қовунчиликда ҳам тўлиқ маҳаллий уруғлар экилади. Яъни йўқ эмас йўлга қўйилганлари. Лекин афсуски, ўзимизда қилиш имконияти баланд бўлган айрим экинлар четдан келяпти. Масалан, маккажўхори, аслида анча осон бу ўсимлик уруғини етиштириш. Умуман, аксарият экинларда шундай четга қарамлик бор.

— Хўш, уруғчилик масаласида четга қарамлик қандай пайдо бўлди? Ким, қаерда ва қандай хато қилди?

Хуршид Тўрақулов:

— Маҳаллий уруғларимиз бор эди. Нимага деҳқонлар хорижникини экиб бошлади? Масалан, пиёзнинг Қоракўл нави бор бизда, у 35 тонна ҳосил беради, четники эса, дейлик, 100 тонна ҳосил беради. Яъни рақобатбардошлик бўлмади. Маҳаллий навларнинг потенциал имкониятлари хорижникидан анча паст.

Хорижда уруғчилик ривожланишига сабаб селекциядаги генетика кучайди 20-аср охири ва 21-аср бошларида. Ҳозирда молекуляр генетика фанининг имкониятлари кенг уруғчиликда, биз эса ортда қолиб кетдик бу соҳада. Ёш мустақил давлат бўлганимиз учун бу соҳага катта маблағ ажратишга имкониятимиз бўлмаган. Институтларимиз аҳволи эса оғир эди. Фундаментал сабаб шулар.

Бизга энди маблағ киритиляпти, лекин шунда ҳам тўлиқ деб билмайман. Ривожланган давлатларда илм-фанга бюджетнинг катта қисми ажратилади, бизда эса ундай эмас. Шундай бир ҳолатда биз рақобатда енга олмаймиз четни. Бюджет оширилса, олимларимизнинг салоҳияти етади бизда ҳам.

Жамшид Абдузуҳуров:

— Яқин ўтмишда қишлоқ хўжалиги институтлари бюджетдан молиялаштирилмас эди. Масалан, Сабзавотчилик илмий тадқиқот институти ҳозирда юқори имкониятли технологиялар билан жиҳозланган. Картошкачилик лабораториясида янги авлод картошка уруғларини етиштириш йўлга қўйилди. Кейинги бир-икки йилда деҳқонларга етиб боради.

Миллий генофонд билан шуғулланувчи институт бўлмаган бизда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошида қайта номланган ҳолда Генетика институти очилган ҳозир. Ўсимликларнинг генетикасини ривожлантириш бўйича ишлар олиб бориляпти.

Хуршид Тўрақулов:

— Четдан уруғ кириб келиши 1995 йилдан бошланган бўлса, йилдан ўтган сари экин тури ва ҳажми ошиб борди. Тегишли ташкилотлар чора кўриши керак эди. Бугун эса янаям қарамлик кучайиб кетди. Бу нарса миллий хавфсизлик масаласи аслида. Иккита-учта илмий тадқиқот институти ҳозирги имконияти билан бозоримизни таъминлай олмайди. Сабзавотчилик илмий тадқиқот институтини олсак, фақат уруғчилик эмас, агротехнология, ҳимоя каби йўналишлари бор. Бу борада алоҳида стратегик лойиҳа бўлиши керак, менимча. Махсус марказлар очиш масаласи кўрилиши керакдир. Замонавий тадқиқот марказларидан ташқари кадрлар масаласи ҳам бор. Тўғри, охирги пайтда технологиялар келяпти, маблағ жалб қилиняпти. Лекин олий таълимдаги кадрлар етиштириш муаммосини ҳам ҳал этиш керак. Ёш кадрларни, талабаларни ривожланган мамлакатларга малака оширишга юбориш лозим. Камида 1-2 йил бўлиши керак бу малака оширишлар.

Миллий генофонд масаласи доимий долзарблигича қолади. Айниқса, бизнинг минтақада. Масалан, олманинг ватани Ўрта Осиё ва Хитой, лекин ҳозир ёввойи олмаларни топишимиз қийин бўляпти. Флора йўқолиб боряпти.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жавоғир Ғайратов.

Мавзуга оид