Жаҳон | 15:00 / 21.04.2023
8104
3 дақиқада ўқилади

Алек Болдуиндан операторнинг ўлдирилиши бўйича айблов олиб ташланди

Фото: Reuters

Оператор Галина Хатчинснинг суратга олиш майдончасидаги ўлими иши бўйича терговчилар сўзларига кўра, сўнгги кунларда қўшимча тергов ва экспертиза ўтказишни талаб қилувчи фактлар ошкор бўлди. Айни пайтда, Алек Болдуинга қўйилган айбловлар олиб ташланди.

Январь ойида америкалик актёр Алек Болдуинга қўйилган одам ўлдириш бўйича айбловлар бекор қилинди, бироқ тергов давом этади. Бу ҳақда 20 апрель, пайшанба куни Санта Фе (Нью-Мексико штати) округ прокуратураси томонидан тайинланган махсус терговчилар маълум қилди. Уларнинг сўзларига кўра, кейинги кунларда қўшимча тергов ва суд-тиббий экспертиза ўтказишни талаб қилувчи янги фактлар пайдо бўлган. Таъкидланишича, 65 ёшли актёрга кейинроқ янги айбловлар қўйилиши мумкин.

42 ёшли тасвирчи Галина Хатчинс 2021 йил октябр ойида «Занг» вестернини суратга олиш вақтида ўлдирилганди. Саҳналардан бирида бош рол ижрочиси бўлган актёр ва продюсер Алек Болдуин тўппончадан сохта ўқ узиши керак бўлган, аммо қурол ҳақиқий ўқ-дорилар билан тўлдирилган, тўппончадан узилган ўқ тасодифан операторга келиб теккан ва у шифохонада олган жароҳатларидан вафот этган. Қандай қилиб жанговар ўқ-дорилар тўппончага солиб қўйилгани ҳозиргача номаълумлигича қолмоқда.

31 январь куни Нью-Мексико штати прокуратураси Алек Болдуин ҳамда суратга олиш майдончасида қурол ва ўқ-дорилар учун масъул бўлган Ханна Гутьерес-Ридга нисбатан қотиллик айбловини қўйди. Улар ўз айбларини инкор этди.

Март ойи охирида суратга олиш майдончасида хавфсизлик учун масъул бўлган режиссёр ёрдамчиси Дэвид Холлс олти ойлик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У айбини прокуратура билан келишувнинг бир қисми сифатида тан олди. 

Айни пайтда, «Занг» фильмининг суратга олиш ишлари давом этмоқда. Марҳум кинооператорнинг эри Мэтью Хатчинс лойиҳага ижрочи продюсер сифатида қўшилади. Бу қарор суддан ташқари келишувнинг бир қисми бўлди - бунинг эвазига у фуқаролик даъвосини қайтариб олди. 

Мавзуга оид