ЖАР Путиннинг эҳтимолий ташрифи олдидан Халқаро жиноят судидан чиқишга тайёрланмоқда
Жанубий Африка Республикаси Халқаро жиноят судидан чиқиши мумкин. Бу маълумотни мамлакат президенти истисно қилмади. Ҳукмрон партия бу «ақлли қарор бўлишини» билдирган. Ушбу масала Ҳаага суди ҳисбга олишга ордер берган Россия президенти Путиннинг ЖАРга эҳтимолий ташрифи олдидан кун тартибига кўтарилди.
Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида жойлашган Халқаро жиноят суди 17 март куни Россия президенти Путинни ҳибсга олишга ордер берганди. Бугун мана шу мавзу яна диққат марказига тушди.
Ордерга кўра, Рим статутини имзолаган 123 та давлат Путин бу давлатларга борган тақдирда уни ҳибсга олишга мажбур. Путин уни қўлга олишга халқаро ордер берилганидан кейин Украинанинг босиб олинган ҳудудларига борди, аммо хорижга сафар қилгани йўқ. Табиийки Халқаро жиноят суди талабларини бажариш мажбуриятини олган хорижий давлатларга ҳам.
Путин 22 август куни илк марта Рим статутини имзолаган давлат ҳудудига қадам босиши мумкин. У Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАР аъзо бўлган BRICS саммити йиғилишида иштирок этиш учун Жанубий Африка Республикасига таклиф қилинган. Дурбан шаҳрида ўтказилажак саммит олдидан ЖАР ҳукумати Путин билан юзага келиши мумкин бўлган ноқулай вазиятдан чиқиб кетиш йўлини изламоқда. Чунки мамлакат Халқаро суд талабларини бажариш мажбуриятини юклайдиган Рим статутини ратификация қилган.
Шу боис ЖАРда Путиннинг ташрифи олдидан Халқаро жиноят судидан чиқиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Мамлакат парламентининг қуйи палатасида кўпчилик овозга эга «Африка миллий конгресси» ҳукмрон партияси эса мамлакат Халқаро жиноят судидан чиқишини маълум қилиб бўлди.
Бу мавзу Финландия президенти Саули Ниинистёнинг ЖАРга ташрифи чоғида мамлакат президенти Сирил Рамапаса билан ўтказган учрашувида ҳам муҳокама қилинган.
«Баъзи ҳолатлардаги тарафкашлик учун»
«Юзага келган вазиятни ўрганишда давом этяпмиз. Бирор қарорга келишимиз билан маълум қиламиз. Ҳукмрон партиямизнинг бу қарори Халқаро жиноят суди маълум ҳолатларда тарафкашлик қилгани билан изоҳланмоқда», деган ЖАР президенти Сирил Рамапаса финландиялик ҳамкасби билан учрашувда.
Жанубий африкалик сиёсатчилар мамлакат Россия билан можарога боришни истамаса, тезда Халқаро суддан чиқиши керак деб ҳисобламоқда. Жараён амалга ошиши учун парламентда кўпчилик овоз бериши керак ва бу борада муаммо йўқ, чунки ҳукмрон партия бу таклифни қўллаб бўлди. Партиядаги муҳокамаларда аксар сиёсатчилар мамлакатнинг Ҳалқаро жиноят судидан чиқиши «ақлли қарор бўлади» деб айтган.
Африка сиёсатини кузатиб борувчи таҳлилчиларнинг фикрича, ЖАРнинг Халқаро жиноят суди бўйича келишувдан чиқиши кутилмаган воқелик бўлмайди. Чунки мамлакат Россиянинг Украинага босқинини қораламаган, бу борада нейтралликни сақлашни маъқул кўрган.
Путин борадими?
Аммо ҳали Путиннинг 20-22 август кунлари ЖАРнинг Дурбан шаҳрида ўтажак BRICS саммитига бориши ҳам аниқ эмас. Март ойида Кремл расмий вакили Дмитрий Песков ОАВ вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Путин ЖАРдаги саммитда иштирок этиши аниқ эмаслигини айтганди.
ЖАР аввал ҳам чиқиб кетмоқчи бўлган
Жанубий Африка Республикаси бундан аввал ҳам Халқаро жиноят судидан чиқиб кетишга ҳаракат қилган. 2016 йилда ҳам мамлакат ҳозирги каби қийин ҳолатга тушган. Ўша йили Африка кенгаши саммити Преторияда ўтиши керак бўлган ва унга Судан президенти Умар ал-Башир ҳам бориши режалаштирилган. Халқаро жиноят суди Баширга нисбатан ҳам худди Путинга бўлгани каби ҳибсга олиш тўғрисида ордер чиқарган.
Ўшанда ЖАР Олий суди мамлакатнинг Халқаро жинояти судидан чиқишини конституцияга зид деб топган ва давлат Рим статути талабларини бажарадиган ҳолатда қолганди.
Маълумот учун, Жанубий Африка Республикаси Рим статутини 1998 йил, Нелсон Мандела президентлик вақтида имзолаган. 2000 йилда эса ЖАР парламенти уни ратификация қилган.
Мавзуга оид
12:57
Шолц «тез орада» Путин билан гаплашишга тайёрлигини маълум қилди
07:55
WP: Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024