Ўзбекистон | 20:01 / 26.04.2023
14859
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда россиялик овчи Қизил китобга киритилган морхўрни овлагани юзасидан изоҳ берилди 

Овчига морхўр эчкисини овлаш учун рухсатнома берилгани маълум бўлди. 

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ёввойи ҳайвонларни, шу жумладан Қизил китобга киритилган ҳайвонларни овлаш учун 2022 йилги тасдиқланган квотага мувофиқ, Россия фуқароси С.Л.Мазуркевичга Сурхондарё вилоятидаги овчилик хўжалиги ҳудудида морхўр эчкисини овлаш учун рухсатнома берилган. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги хабар берди. 

Шунга асосан, Мазуркевич морхўр ва архарни отиб ўлдирган. Бу ҳақдаги видеони ижтимоий тармоқларга жойлаган. 

Қайд қилинишича, ов тугагач, вилоят экология инспекцияси вакили томонидан овланган ҳайвонга далолатнома тузилган. 

Вазирлик изоҳига кўра, ёввойи ҳайвонларни, шу жумладан Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ҳайвонларни овлаш учун Фанлар академияси Зоология институти ходимлари томонидан ўтказиладиган ўрганишлар асосида квота белгиланади. Бунда ҳар бир турнинг ҳолати ва популяцияси баҳоланади. 

Йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган турларга квоталар қўйилмайди ва ов қилиш тақиқланади. 

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан репродуктив экологик мақсадларга эришиш ва ов туризмини ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича белгиланган тартибда мажбуриятларни қабул қилган ҳолда, чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвонларни овлашни ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул ваколатли шахс белгиланди. 

Ўлжа олиш мақсадида овни ташкил этиш ва ўтказиш учун олинган маблағлар ёввойи ҳайвонлар популяциясини муҳофаза қилиш, биотехник тадбирларни ўтказиш ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни молиялаштириш, шу жумладан ёввойи ҳайвонларнинг ноёб турларини кўпайтириш бўйича питомниклар қуриш, мустақил халқаро экспертларни жалб қилиш, ёввойи ҳайвонларни рўйхатга олиш учун ажратилади. 

Мавзуга оид