Жаҳон | 20:54 / 27.04.2023
34719
6 дақиқада ўқилади

«Курашнинг бевақт кескинлашуви». «Мариупол қассоби» Шойгунинг ўринбосарлигидан кетгани айтилмоқда

Ҳарбий блогерлар ва мухбирлар бу истеъфодан норози.

Фото: Getty Images

Генерал-полковник Михаил Мизинцев Россия мудофаа вазирининг моддий-техник таъминот ишлари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганидан етти ой ўтиб ишдан кетган. Бу ҳақда z-блогерлар ва телеграм-каналлар хабар тарқатди. Мизинцевнинг истеъфоси ҳақида расман эълон қилинмаган.

Мизинцев лавозимидан озод этилгани ҳақида дастлаб ВГТРК ҳарбий мухбири Александр Сладков хабар берди. У бу истеъфо сабабини билмаслигини айтган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Мизинцев ишдан бўшатилгани тўғрисидаги хабарга изоҳ беришдан бош тортди.

Мизинцев ҳақида нималар маълум?

Мизинцев вазир ўринбосари лавозимига ўтказилгунига қадар РФ мудофаасини бошқариш миллий марказига раҳбарлик қилганди. ОАВ маълумотига кўра, айнан у уч ой давом этган Мариупол қамалига бошчилик қилган, Украина ҳукумати баҳоларига кўра, бу шаҳар учун жанглар вақтида тинч аҳоли вакилларидан бир неча ўн минг киши ҳалок бўлган. Ғарб матбуотида генерал «Мариупол қассоби» лақабини олган.

Шаҳардаги вайронгарчилик Суриянинг Ҳалаб шаҳри қамали оқибатларига қиёсланади, бу шаҳар Россия бомбардимонларидан кейин харобага айланган. Суриядаги авиазарбаларга айнан Мизинцев раҳбарлик қилган ва ҳарбий экспертлар тахмин қилишича, Мариуполда ҳам у бу тажрибадан қисман фойдаланган. 2022 йил мартида Британия ҳукумати унга қарши персонал санкциялар киритганди.

РФ Мизинцев шаҳарни эгаллашда иштирок этганини расман тасдиқламаган, айрим мустақил экспертлар ҳам Мариуполнинг вайрон қилинишига айнан у жавобгар эканига шубҳа билдирган.

Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси тарқатган аудиоёзувда Мизинцев ўз қўли остидагиларни ҳақорат қилгани ва уларни «бутилкага ўтирғизиш» билан таҳдид қилгани акс этган.

Таъминотдаги муаммолар

Мудофаа вазирлиги сайтида айтилишича, мудофаа вазири ўринбосари лавозимида Мизинцев россиялик ҳарбийларнинг моддий-техник таъминотига, шунингдек, қўшинларни қурол ва ҳарбий техникалар билан таъминлашга жавобгар бўлган. 2022 йил сентябрига қадар Россиянинг фронт орти таъминотига Дмитрий Булгаков масъул бўлганди.

Унинг ўрнига Мизинцев тайинланганидан уч кун ўтиб Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинганди, унинг давомида қўшинлар таъминотидаги муаммолар кун тартибига чиққанди. Иш шунга бориб етадики, Думадаги икки қўмита раҳбарлари бош прокуратурадан фронт ортидаги таъминот муаммолари билан шуғулланишни сўрайди.

Хусусан, Думанинг мудофаа бўйича қўмитаси аъзоси Гурулев «шахсий таркибни қабул қилиш пунктларида сақланган бир ярим миллион комплект қаерга кетганини ҳалигача тушунмаётгани»ни айтганди: «Форма билан боғлиқ муаммолар қаердан чиқмоқда? Буни ҳеч ким тушунтирмоқчи эмас!»

Ундан олдинроқ эса украин ҳарбийлари россиялик ҳарбийларнинг паёклари акс этган видеони эълон қилганди - кадрларда барча тўпламлардаги маҳсулотларнинг яроқлилик муддати бир неча йилга ўтиб кетгани кўрсатилган.

Россиялик блогерлар мунтазам равишда ҳарбий коптерлар, тунги кўриш мосламалари ва ҳоказолар учун пул йиғишади. Сафарбарлик эълон қилинганидан кейин маълум бўлдики, армияга чақирилган россияликларнинг қариндошлари ҳарбий форма ва бошқа зарур жиҳозларни ўз ҳисобидан сотиб олишига тўғри келган.

Шу туфайли Мизинцевнинг тайинланишини ҳарбий блогерлар мамнуният билан кутиб олишганди. «Менинг шахсий фикрим: Мизинцев - интеллектуал ва ажойиб логистик, у мудофаа вазирлигимизнинг барча эҳтиёжларидан яхши хабардор. Энди ҳаммаси яхшиланиши керак», дея ёзганди Сладков.

Андрей Гурулев ҳам ушбу тайинловни «ниҳоятда қувончли воқеа» деб атаганди.

Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) Мизинцевнинг тайинланиши «Россия армиясидаги асосий таркибий муаммолар» муайян қўмондонларнинг шахсий муваффақиятсизлиги натижаси деб биладиган Кремлнинг позициясини акс эттиришини маълум қилганди.

Эҳтимолий истеъфога реакция

«Қандай қилиб, нима учун - тахмин қилиш қийин. Барчасини кейинроқ билиб оламиз. [...] «Уддалай олмади» деган формулировка мос келмайди, Мизинцев бу лавозимда бир йил ҳам қолмади. Демак, сабаби кутилмаганда қандайдир катта эътироз пайдо бўлганида, ёки… Билмайман», - дея ёзган Сладков.

«Мизинцев қаерга кетгани тўғрисида маълумот йўқ. Агар у бутунлай кетган бўлса, жуда афсусланарли», дея ёзган «Комсомольская правда» мухбири Александр Коц.

Мизинцевнинг ўрнига катта эҳтимол билан Росгвардия раҳбари ўринбосари Алексей Кузьменков тайинланган. Сладков буни «муҳим тайинлов» деб атаган, аммо сабабини изоҳламаган. У бошқа истеъфолар ҳам рўй беришини тахмин қилган. «Чунки кучишлатар тузилмалар блокида кураш бевақт кескинлашмоқда», деган у.

WarGonzo телеграм-канали тахмин қилишича, бўлажак кадрлар ўзгариши  - «катта эҳтимол билан Путин олдинги чизиққа шахсан ташриф буюргани эффектидир». «Жанг майдонидаги ҳақиқий вазиятдан хабардор бўлган ва ғазабланиб турган офицерлар бу - президентга ҳақиқий муаммоларни етказиш учун имкон эканини англашгани аниқ», дея ёзган муаллиф.

18 апрел куни Кремл Путин Херсон ва Луҳанск областларида (Украинанинг бу икки региони расман Россия томонидан аннексия қилинган, аммо амалда Россия ҳарбийлари бу ҳудудларни тўлиқ назорат қилмаяпти).

Мавзуга оид