Жаҳон | 10:32 / 28.04.2023
6671
2 дақиқада ўқилади

Нацистлар концлагерининг собиқ қўриқчиси 102 ёшида вафот этди

Йозеф С. - Заксенхаузен концлагерининг собиқ қўриқчиси - беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бироқ, у бир кун ҳам қамоқда ўтирмади, чунки дарҳол ҳукм устидан шикоят қилган.

Фото: Getty Images

Германиянинг dpa агентлиги 27 апрел, пайшанба куни расмий манбага таяниб хабар беришича, 3500 нафар маҳбусни ўлдиришда шерикликда айбланиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилган нацистларнинг Заксенхаузен концлагери собиқ қўриқчиси Йозеф С. 102 ёшида вафот этди. Epd агентлигига кўра, собиқ қўриқчи 11 апрел куни вафот этган.

Йозеф С. ўтган йил июн ойида Нойруппин шаҳар суди томонидан судланган. Ҳукм чиқарилгандан сўнг у дарҳол Федерал судга шикоят қилди. Апелляция бўйича қарор ҳали қабул қилинмагани боис, ҳукм қонуний кучга кирмаган ва Йозеф С. бир кун ҳам қамоқда ўтиргани йўқ.

Судда Йозеф С. Заксенхаузен концлагерида хизмат қилганини умуман рад этди. Унинг сўзларига кўра, у қишлоқ хўжалигида ишлаган. Аммо суд судланувчининг концлагерда хизмат қилганини тасдиқловчи кўплаб ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, унга ишонмади.

Адвокат Штефан Ватеркамп ўз мижозига нисбатан чиқарилган ҳукм устидан дарҳол апелляция берди. У ўз қарорини Федерал адлия суди ҳеч қачон концлагер қўриқчиси сифатидаги оддий хизматни маҳбусларни ўлдиришда иштирок этганликда айблаш учун асос қилиб олмагани билан изоҳлади.

Мавзуга оид