Жаҳон | 00:13 / 30.04.2023
25880
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған соғлиғидаги муаммодан кейин биринчи марта омма олдига чиқди 

Аввалроқ Туркия президенти юрак хуружига учрагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. 

Фото: Anadolu Agency

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған юрак хуружига учрагани ҳақидаги миш-мишлардан кейин биринчи марта оммавий тадбирда чиқди. 

29 апрель куни Туркия раҳбари Истанбулда бўлиб ўтган Teknofest-2023 авиация, космонавтика ва технология фестивалига ташриф буюрди. Тадбирнинг фахрий меҳмонлари орасида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Ливия бош вазири Абдулҳамид Дибейбе ҳам бор эди. 

Эрдўған тадбирда сўзга чиқиб, Туркиянинг технология соҳасида эришган ютуқларига эътибор қаратди. Шунингдек, Туркиянинг Халқаро космик станциясига биринчи миссияси иштирокчилари номини айтди ва Илҳом Алиевга эсдалик маркасини топширди. 

26 апрель куни 69 ёшли Ражаб Тоййиб Эрдўған жонли эфирга узатилган интервьюси чоғида мазаси қочиб қолди. Шундан сўнг, интервью 20 дақиқага тўхтатилди. Эфир давом этгач, президент узр сўраб, ошқозонида муаммо борлигини айтди. Бир нечта саволларга жавоб бергач, кўрсатув якунланди. 

Туркия матбуотида Эрдўғаннинг юрак хуружига учрагани ҳақида хабар тарқалди. Президентлик партияси бу миш-мишларни рад этиб, уларни «ахлоқсиз» ва «ёлғон» деб атади. 

Шундай бўлса-да, Эрдўған қаторасига 3 кун давомида ўзи иштирок этиши лозим бўлган тадбирларни қолдирган эди. 

Мавзуга оид