Ўзбекистон | 12:00 / 30.04.2023
23630
2 дақиқада ўқилади

Фото: Шавкат Мирзиёев референдумда овоз берди

Анъанага кўра, давлат раҳбарига оила аъзолари ҳамроҳлик қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 апрел куни оила аъзолари билан бирга Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 59-референдум участкасига ташриф буюриб, референдумда овоз берди.

Референдумда «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳаси овозга қўйилган. Маълумки, бу жараёнга бир ярим йил мобайнида пухта тайёргарлик кўрилди. Конституциявий қонун лойиҳаси оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниб, халқнинг фикри ўрганилди. Жамоатчилик томонидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди. Уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олди.

Ушбу таклифлар асосида янгиланаётган Конституция моддалари сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалари 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгиланди. Бунда халқаро тажриба ҳам инобатга олинди, турли соҳалардан етук мутахассислар ва экспертлар жалб этилди.

Конституция давлатимиз барқарорлиги ва келажаги, инсон манфаатларининг ҳуқуқий асосидир. Фуқаролар буни чуқур ҳис этиб, референдумда фаол иштирок этмоқда.

Бу сиёсий жараённи 45 та давлат ва 14 нуфузли халқаро ташкилотдан жами 383 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб бормоқда. Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари кенг, очиқ-ошкора ёритмоқда.

Мавзуга оид