Қўланса ҳид, алданиб қолган одамлар: Марғилондаги можароли “дом”дан репортаж
Марғилон шаҳрида қуриб фойдаланишга топширилган кўп қаватли уй ўз эгалари хонадонларга кўчиб киргунларига қадар марказий канализация тармоғига улангани айтилган. “Дом”яқинида қазилган чуқурга йўналтирилган тармоқ бугунга келиб деярли тўлган. Аҳоли қўланса ҳиддан азият чекяпти. Уй олишда адашган аҳоли дардини кимга айтишни билмаяпти.
Таҳририятимизга Марғилон шаҳар Янги Марғилон шаҳарчаси “Наврўз” МФЙда янги қурилган кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролар номидан мурожаат келиб тушди.
Маълум бўлишича, “Ўзсаноатқурилишбанк”АТБ Фарғона минтақавий филиали ҳамда “Klyon Klipper Stroy” МЧЖ билан кўп қаватли уй қуриш бўйича шартнома имзоланган. МЧЖ банкка кредит тўловини ўз вақтида қайтармагандан сўнг “Қўчқор ота оиласи” МЧЖ томонидан кўп қаватли уй қуриб битказилиб фойдаланишга топширилган. Сотилишидан аввал янги хонадонлар марказий канализация тармоғига улангани, “дом” учун алоҳида трансформатор тортилгани айтилган. Кўчиб келган аҳоли бирин-кетин муаммолар гирдобига тушишган. Қурувчи ташкилот уйнинг шундоқ ёнига чуқур қазиб канализация сувини “яма”га тўғрилаб қўйган. 60 та хонадоннинг ярмига ёш оилалар кўчиб келган. Ачинарлиси, кунлар исиб, тўлай деб қолган чуқурдан бадбўй хид атрофга анқияпти.
Ҳудуддан марказий канализация тармоғи ўтган. Бироқ кўп қаватли уй мазкур тармоқдан пастликда жойлашиб қолгани сабаб унга уланишнинг имкони йўқ.
Аҳоли мазкур масалада ёрдам сўраб кўплаб масъулларга мурожаат қилган. Лекин натижа бўлмаган. Аввалига муаммони ҳал қилиб беришга ваъда берган қурувчи кейинчалик ўз қурилиш фирмасини хитойлик тадбиркорга сотиб юборганини айтиб, телефон гўшагини кўтармай қўйган.
Кўп қаватли уйдан икки хонадон сотиб олган Ҳотамжон Мусинов бадбўй ҳидга чидай олмай, оиласи бошқа жойга кўчиб кетишга мажбур бўлганини айтади.
“Ўтган йилнинг окятбр ойида ўғлимга шу “дом”дан уй олиб бердим. Уйни сотиб олишда муаммо йўқдек кўринди. Қиш фаслида неваралар билан уйга кўчиб келдик. Кейин билсак, икки кўп қаватли уйнинг канализация тармоғи шаҳарнинг марказий йўналишига эмас, балки уйимизнинг яқинига қазилган “яма”га тўғриланган экан.
Ҳозирда чуқурлик тўлай деб қолган. Ачинарлиси, уйимизгача ҳиди чиқиб турибди. Бадбўй ҳидга чидай олмай 9 неварам билан кўчиб кетдик. Қурувчига ҳолат бўйича тушунтириш беришини талаб қилсак, чуқур вақтинча экани, тармоқни марказий канализация йўлига улаб беришини ваъда қилди. Лекин ўзи қочиб юрибди. Телефонини ҳам кўтармай қўйган. Масала юзасидан вилоят ҳокими, шаҳар прокурорига мурожаат қилдик, афсуски, натижа бўлмади.
Яна бир муаммо: қишда электр таъминоти узилишидан азият чекдик. Кейин билсак, қурувчи дом учун алоҳида тармоқ тортмай қўшни маҳалла столбасига вақтинча улаб қўйган экан.
Жанжаллар билан домга алоҳида тармоқ тортилди. Лекин у ҳам техника хавфсизлигига тўғри келмайди. Кабеллар ер ва деворларда осилиб турибди”, – дейди у.
Яна бир фуқаро Аюбхон Акбаров уй сотиб олишда алданиб қолганини таъкидлади:
“Уйни сотиб олмасдан аввал канализация билан боғлиқ муаммо борлигини билмаган эдик. Яшаб турган уйимиздан 5 метр нарироқда “яма” қазилган экан. Чуқурнинг атрофи очиқ, ҳидлар атрофни тутиб кетяпти. Бу Марғилон шаҳри учун жуда уятли ҳолат. Кўп қаватли уйнинг марказий канализация тармоғига уланмагани бўйича тегишли идораларга чиқдик. Лекин ҳамма жим. Қурувчини топиб бўлмаяпти”.
Суриштирув давомида канализиция муаммосидан ташқари яна бир қанча қизиқ ҳолатларга дуч келдик. Юртидаги нотинчлик сабаб Фарғонага оиласи билан кўчиб келган Афғонистон фуқароси Эҳсос Муҳаммад Рафи мазкур кўп қаватли уйни қурган “Klyon Klipper Stroy”МЧЖ раҳбари Рустам Каримовга уйнинг бошланғич суммаси, яъни 20 минг доллар тўлаб уйга кўчиб ўтади. МЧЖ эса банк ажратган кредит суммасини тўлай олмай кўп қаватли уйни “Қўчқор ота оиласи” МЧЖга топширишга мажбур бўлади. Оқибатда эса афғонистонлик оила 8 нафар оила аъзоси билан пуллари ҳам қайтарилмай кўчага қувилади.
“2018 йилнинг бошида Афғонистоннинг Балх вилояти Мозори Шариф шаҳридан нотинчликлардан қочиб, Фарғонага кўчиб келган эдик. Бошпана қидириб шу кўп қаватли уйга келиб қолдик. Қурувчини топиб, 2 ва 3 хона уйни 30 минг АҚШ долларига сотиб олишга келишдик. Қурувчига бир ярим йил ичида 20 минг доллар бердик. Пул берганлигимиз ҳақида тилхат ва гувоҳлар ҳам бор.
Бу орада қурувчи банкрот бўлиб, банк бошқа бир тадбиркорга домни сотиб юборган. Уйнинг янги эгаси эса бизни уйдан қувиб чиқарди. 8 киши қишнинг совуқ кунида кўчада қолдик. Уйдан чиқаришдан аввал свет, сувдан узиб қўйишди. Ҳозирда бошқа манзилда ижарада яшаяпмиз. Пулимизни ҳам ололмаяпмиз. 20 мингни тўплагунча минг машаққат чеккан эдик. Урушдан қочиб, тинч Ўзбекистон диёрида хотиржам яшаш учун кўчиб келган эдик. Лекин туганмас муаммога дуч келдик. Бизни алдаб қўйишди. Биз бундай бўлишини кутмагандик. Ўзбекистон фуқаролигини ҳам беришмаяпти. Қурувчи судга берманглар, пулларингни қайтараман, дейди. Лекин қайтармаяпти. Ўзга юрт фуқароси бўлганимиз учун бу ернинг қонунларини яхши билмаймиз. Бизга ёрдам берадиган одам топилмаяпти. Пулдан ҳам, уйдан ҳам айрилдик”, – дейди Эҳсос Муҳаммад Рафи.
II гуруҳ ногирони Хайрулло Шамсуддуновкўп қаватли уйнинг қурилишида ошпаз бўлиб ишлаган ва унга ойига 5 миллион сўм маош белгиланган. У ҳам ишлаган ҳақини ололмай сарсон.
“2021 йил декабр ойида Саноатқурилишбанкдан “Қўчқор ота оиласи” МЧЖ раҳбари Жаҳонгир Зокиров мана шу кўп қаватли уйни сотиб олган. Мен ўшанда ошпаз, иш бошқарувчи бўлиб ишга олиндим.
Мени ишлатишиб, бир тийин беришмади. Ишлаган ҳақимни бера олмай, унинг ўрнига уй бераман, деб ваъда қилган эди қурувчи. Энди шу ваъдаси устидан ҳам чиқмади. Икки ўғлим бор. Мени бу уйдан чиқарворса борадиган жойим йўқ. Уйни расмийлаштириб бермаяпти. Прокуратура ва ИИБга мурожаат қилдим. Натижа доимгидек йўқ”, – дейди у.
Мастура Тўрахўжаеванинг таъкидлашича, у ва турмуш ўртоғи 8 минг долларга хонадонлардан бирини сотиб олган. Бошланғич тўлов амалга оширганига қарамай қурувчи ҳали ҳам уйни фуқаронинг номига расмийлаштирмай яна қўшимча пул талаб қилмоқда экан.
Канализация муаммоси билан боғлиқ ҳолат бўйича Марғилон шаҳар сув таъминоти бўлими муҳандиси Достон Сойиповдан изоҳ олдик.
“2018 йилда қурилиш бўлаётган ҳудудга энг яқин оқова сув тармоғини аниқлаб бериш бўйича бўлимимизга мурожаат тушган. Шунда ўзимизга тегишли магистрал оқова сув тармоғини кўрсатиб берганмиз. “Уклони” чиқмаганлиги сабаб “дом” ёнига чуқур қазилган. Масалани ечиш учун бир ярим километр қўшимча тармоқ тортиш керак ва бу тармоқ аҳоли хонадонларидан ўтиши керак. Бунга эса хонадон эгалари рухсат беришмаяпти. Шу сабабли ҳам муаммоли ҳолат юзага келган. Биз қурилиш бошланмасидан аввал “дом” атрофида оқова сув тармоғи мавжуд эмаслиги ҳақида огоҳлантирганмиз. Муаммони бартараф қилиш учун юқори ташкилотларга мурожаат қиламиз”, – дейди Достон Сойипов.
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Фарғона минтақавий филиали юристи Учқун Шарофутдиновнинг маълум қилишича, кредит тўловиқайтарилишида қурувчи билан зиддиятли ҳолатлар юз берган.
“Ўзсаноатқурилишбанк”АТБ Фарғона минтақавий филиали ва банк мижози “Klyon Klipper Stroy” МЧЖ ўртасида 2015 йилда 8 млрд 460 млн сўмга кредит шартномаси имзоланган эди. Шартномага асосан ҳудудда 60 та хонадон қуриш учун 6 млрд 300 млн сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган. “Klyon Klipper Stroy” МЧЖ қурилиш ишларини олиб борган, лекин кредит тўловини қайтариш жадвалига асосан ўз вақтида тўламади. 2020 йил ноябр ойида кредит тўловини ундириш ва ундирувни гаровга олинган мулкка қаратишни сўраб фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судига мурожаат қилганмиз. Суднинг 2021 йил январдаги ҳал қилувчи қарорига асосан “Klyon Klipper Stroy” МЧЖ6 млрд 377 млн сўм кредит суммасини ундириш белгиланди. Қурувчи суммани қайтармагандан сўнг хонадонларни аукционга қўйишга мажбур бўлдик. 2021 йил декабр ойида “Қўчқор ота оиласи” МЧЖга кўпқаватли уйни сотдик. МЧЖ фуқароларга ипотека кредити шартномаси асосида бу жойларни сотган”, – дейди у.
Марғилон шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Сардор Абдураҳимов мавжуд муаммо қурувчи билан биргаликда тез орада бартараф қилинишига ваъда берди.
“Уйлар хусусий тартибда қурилган. Қурувчи ҳам пудратчининг ўзи. Қурувчи олди-сотдини қилиб тураверинглар, кейинроқ ўзимиз канализация муаммосини ечиб берамиз деб ваъда беришган. Ҳаттоки уй сотиб олишдан аввал домда канализация марказий тармоққа уланмаганлигидан бехабар одамлар ҳам кўп бўлган.
Канализация ҳиди анқиётгани бўйича фуқаролар аввал ҳам ҳокимиятга чиқишди. Шундан сўнг қурувчи билан боғланиб, энг аввало муаммони ҳал қилиш лозимлиги, канализация масаласини ҳал қилмай туриб қолган уйларни фуқароларга сотиш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирганмиз.
Масала ечими эса икки дом учун тадбиркор ҳисобидан алоҳида канализация станцияси қуриш ёки бир км узоқликдаги қувурга тармоқни улаш керак. Бунинг учун эса тармоқ домнинг орқа томонидаги яшаш хонадонларидан биридан ўтиши керак бўлади.
Биз хонадон эгаларини рози қилиш йўлини қидириб кўрамиз.Қурувчи билан телефон орқали суҳбатлашдим. Хонадонлардан бирини сотиб маблағни канализация масаласини ечишга сарфлайман деб ваъда берди”, – дейди у.
Суриштирув жараёнида “Қўчқор ота оиласи” МЧЖ раҳбари Жаҳонгир Зокиров билан боғланишга ҳаракат қилдик. Лекин у телефонни кўтармади.
Kun.uzҳолатни кузатишда давом этади.
Сарвар Зиёев,
Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
17:56 / 13.11.2024
Лойдан қурилаётган “дом” – Избосканда кўп қаватли уй қурилишида цемент ўрнига адир тупроғи ишлатилмоқда
20:58 / 19.09.2024
Марғилонда “Атлас байрами” халқаро фестивали бошланди
11:14 / 12.08.2024
Ойналари синган Gentra — Навоий кўчасида кўп қаватли уй фасадидаги мармарлар кўчиб тушяпти
08:40 / 25.07.2024