Ўзбекистон | 23:45 / 06.05.2023
30043
6 дақиқада ўқилади

Дунё ишчи кучи экспорти: вазият Ўзбекистон фойдасига эмас

Меҳнат мигрантлари юборган миллиардлар узоқ йиллар давомида Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўрин тутиб келди, аҳоли турмуш харажатларининг катта қисмини қоплади. Бир қарашда ҳозир ҳам бу жараён бир маромда кетаётгандай. Лекин вазият ёмон томонга ўзгариб боряпти ва қишлоқ жойларнинг асосий даромад манбаига айланиб қолган хорижда ишлаш яқин йиллар ичида олдинги самарани бермай қолиши мумкин.

Фото: Коммерсантъ

2021 йилдаёқ бутунжаҳон меҳнат мигрантларининг ўз ватанларига жўнатган пуллари миқдори 600 млрд долларга яқинлашган. Ўзбекистонда 2022 йилда бу кўрсаткич 13,5 млрд доллар атрофида бўлиб, ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 17 фоизини ташкил этган. Бироқ бир неча факторлар борки, энди бу кўрсаткични сақлаб туриш қийин бўлади:

1. Ўзбекистондан бораётган меҳнат мигрантлари сони бўйича ҳам, жўнатилаётган маблағлар бўйича ҳам мутлақ етакчи бўлган Россия иқтисодиёти мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Санкциялар, табиий бойликларга бўлган талаб ва нархларнинг турли йўллар билан пасайтирилиши, Украина билан уруш, фаол қатламнинг бу давлатни шитоб билан тарк этиши каби омиллар Россияни чўктира бошлагани бугун яққол кўринмоқда.

Қолаверса, мигрантларга қўйилаётган янги-янги талаблар, қўшимча тўловлар шундоқ ҳам даромади қисқариб бораётган муҳожирларни янада қийин вазиятга туширади. Бу ҳозирданоқ жўнатмаларда ўз аксини топган, келажакда ўтказмалар янада камайиши аниқ бўлиб турибди.

2. Жаҳондаги умумий вазият ҳам кўнгилдагидек эмас. Ҳисоб-китобларга кўра, дунё иқтисодиёти 2023 йилда яна бир чўкишни бошдан кечиради. Бу эса бошқа давлатлардан келаётган оқимнинг ҳам табиий камайишини англатади.

3. Долларнинг қадрсизланиши ошиб бормоқда. Ўзбекистонга жўнатилган ўтказмаларнинг 90 фоиздан ортиғи АҚШ долларида амалга оширилади. Ҳатто олдинги кўрсаткичлар сақланиб қолган тақдирда ҳам, у пулнинг кучи олдингидек бўлмайди. Оддий тилда тушунтирганда, бир оилага кириб келаётган 500 доллар олдин барча харажатларга бемалол етган ва яна жамғаришга ҳам ортган бўлса, энди етмайди. Ҳали бу 500 долларни топиш ҳам бор.

4. Янги йўналишлар ўзлаштирилиши ҳали жуда суст. Масалан, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Япония, АҚШ каби бадавлат, шу билан бирга ишчи кучига мунтазам талаб бор давлатларга қонуний бориш жуда чекланган. Давлат органларининг бу борадаги ҳаракатлари кутилган самарани бермаяпти, ишчиларимиз эса у давлатларда қўйилган талабларни кўпда бажара олишмаяпти.

5. Биз ўзимизни энг арзон ишчи кучи экспортчиси ҳисоблаймиз. Аммо дунёдаги вазият тезкор ўзгаряпти. Ҳиндистон, Бангладеш, Покистон каби аҳолиси катта, кам маошга қаноат қилувчи миллионлаб ишчиларни мунтазам бераётган давлатлар бор. Улардан четга кетаётган муҳожирлар бизникиларга қараганда чидамли, буйруққа бўйсунувчан, егуликка, яшаш шароитига инжиқ эмас ва энг муҳими 200 доллар – улар учун қониқарли маош. Бу эса ўзбекистонликлар миграциясининг Арабистон яриморолидаги мамлакатларга кўчишини қийинлаштиради.

6. Тан олиш қийин бўлса-да, Ўзбекистон шаҳарларида ҳам Россия даражасида маош бера бошлаган ташкилотлар, ишлаб чиқариш корхоналари кўпайяпти. Бугунги кунда айниқса Тошкентда 7-8 млн маош билан кимнидир ҳайратлантириш қийин. Бу эса ўша хорижда топилаётган 500-600 долларнинг айни ўзидир.

Ўзбекистон – аҳолиси мунтазам ошиб бораётган, ички ривожланиш ҳар қанча бўлмасин, барибир яқин йиллар ичида миграцияга суяниб қолиши аниқ бўлган давлат. Шундай экан, бу жараённи тўғри йўналтириш, мавжуд вазиятдан керакли хулосаларни чиқариш, янги чақириқларга тайёр туриш лозим.

Айниқса, қишлоқ ҳудудларида асосий даромад манбайи четдан келган пул бўлиб қолаверар экан, ўзгаришлар вақти келган. Чунки дунёдаги вазият Ўзбекистон фойдасига эмас.

Энг аввало, иқтисодиётни эркинлаштириш ва бозор релсларига ўтказишга қаратилган туб ислоҳотларга жуда катта зарурат бор. Айниқса, аграр ислоҳотни имкон қадар тезроқ амалга ошириш қишлоқ хўжалигида юз минглаб янги иш ўринларини яратган бўларди.

Иккинчидан, хорижий тилларни ўрганишга имконият ва тарғибот кучайтирилиши керак. Кўпчилик ёшлар Россияга суянгани ҳолда ҳатто рус тилини ҳам яхши билишмайди, аниқроғи мутлақо билишмайди. Ҳолбуки, бугунги кунда рус тилининг ўзи етарли эмас, дунё инглиз тилида иш юритмоқда, ривожланган давлатлар эса дунё тили билан бирга ўз тилларини ҳам талаб қилишяпти.

Учинчидан, ўзбек ёшлари энди келажакни фақат кимнинг қўлида жисмоний меҳнат билан кун кўришда эмас, ақлий меҳнат ортидан даромад қилишда кўришни бошлашлари зарур. Албатта, жисмоний меҳнатнинг айби йўқ, лекин мақсад пул топиш экан, тоза шароитда, ҳурмат билан ва кўп миқдорда маош олишга нима етсин? Қолаверса, энг сердаромад ҳунарларни кўпроқ ўрганиш зарур.

Ва ниҳоят тўртинчидан, давлат миграция жараёнига янада фаол аралашиши шарт. Бунинг уятли жойи йўқ. Жуда кўп давлатлар ўз иқтисодиётини шу усул билан тиклаб олишган. Туркия миллионлаб мигрантларнинг Германияда ишлашини таъминлаган, ҳатто ёнгинамиздаги Тожикистон Россияда миграцияга кўмаклашувчи марказлар очиб ташлаган. Туркия бугунги кунда ўзи кўп миқдорда меҳнат муҳожирларини қабул қилаётган давлатга айланган бўлса, мигрантларнинг Тожикистон ялпи ички маҳсулотидаги тўғридан тўғри ўрни 32-33 фоизни ташкил қилади.

Қолаверса, ташкиллаштирилган миграция – қонунийлиги, ишчилар ҳуқуқларининг таъминлангани туфайли ҳам анча фойдалидир.

Шу билан бирга, охирги йилларда маълум ижобий тенденциялар кўзга ташланмоқда. Қишлоқ аҳолиси ҳам фарзандларини турли ўқув марказларига, фан ва тил ўрганишга жўнатмоқда. Яъни хориждаги оталар ўз фарзандларига яхши кунларни раво кўриб, топганларини фақат машина сотиб олиш ёки уй қуришга сарфламай, илмни рағбатлантиришяпти.

Фақат Россияга суяниб қолиш ўзини оқламаётганини ҳам кўпчилик тушуниб етди ва бошқа давлатларга ҳам ҳаракатлар бошланди. Бу вақти келиб ўз натижасини беради.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид