Ўзбекистон | 18:30 / 10.05.2023
23828
2 дақиқада ўқилади

Onix ва Tracker автомобиллари сотуви қайта тикланиши мумкин

UzAuto Motors вакили автомобиллар нархи аввалгисидан фарқ қилишини айтди. Бироқ, қимматлашиши ёки арзонлашиши тўғрисида маълумот берилмади.

Фото: KUN.UZ

UzAuto Motors компанияси Chevrolet Onix ва Tracker автомобиллари сотувини қайта тиклаши кутилмоқда. Бу ҳақда компания вакилига таяниб Daryo хабар берди.

«Tracker ва Onix қўшимча вариантлар билан сотувга чиқарилади. Янги вариантларда иситиладиган олд ўриндиқлар, тозалаш зонаси, иккинчи қатор ўриндиқлари, рул, олти томонлама созланиши, ҳайдовчи ўриндиғи, картер ҳимояси, Redline пакети бўлади. Ҳозир янги конфигурациялар бўйича шартномалар очилишига тайёргарлик кўряпмиз», деган вакил.

Янги вариантдаги автомобиллар нархи аввалгисидан фарқ қилиши айтилмоқда. Бироқ, қимматлашиши ёки арзонлашиши тўғрисида маълумот берилмаган. Сотув эса жорий ҳафтада тикланиши кутиляпти.

Аввалроқ, UzAuto Motors ҳеч қандай тушунтиришсиз Chevrolet Onix ва Tracker учун шартнома беришни тўхтатган эди. Ҳозирда сотиб олиш мумкин бўлган энг арзон автомобиль - 420 миллион сўмлик Malibu XL.

Одатда, шартнома беришнинг тўхтатилиши инвентаризация ва кейинчалик нархларнинг ошиши билан боғлиқ. Жумладан, охирги 5 йил ичида UzAuto Motors турли баҳоналар билан нархларни оширишдан аввал автомобиллар савдосини тўхтатган эди. 2020, 2021 ва 2022 йилларда сотувлар март ойида қайта тикланган.

Сўнгги марта Tracker нархи 2023 йил январида ошган, Onix нархи эса 2022 йил декабрь ойи охирида эълон қилинган эди.

Мавзуга оид