Жаҳон | 09:57 / 11.05.2023
8290
2 дақиқада ўқилади

Россия Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартномани бекор қиляпти

Ҳарбий техника миқдори бўйича квота жорий этиш тўғрисидаги битим 1990 йилда имзоланган. Россия 2007 йилда ундаги иштирокини тўхтатди. Энди Россия парламенти уни денонсация қилиш масаласини кўриб чиқади.

Фото: Sputnik / Vladimir Astapkovich

Россия президенти Владимир Путиннинг 10 май, чоршанба куни эълон қилинган буйруғига асосан, Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартнома (ЕОҚКШ) денонсация қилинмоқда. Ушбу буйруққа кўра, давлат раҳбари Федерал мажлис палаталари шартномани денонсация қилиш масаласини кўриб чиқаётганда ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябковни ўзининг расмий вакили этиб тайинлайди.

ЕОҚКШ шартномаси 1990 йил 19 ноябрда Парижда НАТОнинг 16 та давлати (Белгия, Буюк Британия, Германия, Греция, Дания, Исландия, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Португалия, АҚШ, Туркия ва Франция) ва Варшава шартномаси ташкилотининг 6 та давлати (Болгария, Венгрия, Полша, Руминия, СССР ва Чехословакия) томонидан имзоланган ҳамда 1992 йил 9 ноябрда кучга кирган. Шартнома имзолаган давлатлар эга бўлиши мумкин бўлган ҳарбий техника, жумладан, танклар, артиллерия, вертолётлар ва самолётлар миқдори учун квоталарни белгилаб берди.

1999 йилда ЕОҚКШ шартномасини янги сиёсий воқеликка мослаштиришга қарор қилинди, аммо Шимолий Атлантика иттифоқи мамлакатлари мослаштирилган шартномани ратификация қилмай, Россияга Гуржистон ва Днестрбўйидан қўшинларини олиб чиқиш бўйича мажбуриятларини бажариш талабини қўйди, Болтиқбўйи давлатлари (Латвия, Литва, Эстония) ва бир қатор Болқон давлатлари (Словения, Албания ва Хорватия) унга қўшилишдан бош тортди.

Россия 2007 йилда НАТО давлатларидан шартномани ратификация қилишни талаб қилиб, ундаги иштирокини тўхтатган эди. 2015 йилда Россия ЕОҚКШ бўйича Қўшма маслаҳат гуруҳи йиғилишларида иштирок этишни тўхтатди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид