Ўзбекистон | 20:44 / 12.05.2023
28493
8 дақиқада ўқилади

Эрдўған ёки Қиличдорўғли — Ўзбекистон ва ватандошлар учун қай бири афзал?

14 май куни Туркияда йилнинг энг муҳим сиёсий воқеаси – президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Жаҳон матбуотининг эътибор марказида турган жараён ўзбекистонликларни ҳам бефарқ қолдирмаяпти. Сўнгги йилларда қалинлашган Ўзбекистон–Туркия муносабатлари, бу юртдаги юз минглаб ватандошларимиз – бу эътиборнинг асосий сабаби ҳисобланади. Хўш, кимнинг ғалабаси биз учун афзалроқ? 

Kun.uz мухбири ўн йиллардан буён Туркияда яшаб, илмий изланишлар олиб бораётган ватандошимиз Фазлиддин Мадиев билан сайлов жараёнлари ҳақида суҳбатлашди. У Карабук Университетида Халқаро сиёсий-иқтисод йўналишида магистратурани тамомлаган.

Фазлиддин Мадиев Туркиядаги сайлов жараёнлари, асосий номзодлар таклиф қилаётган дастурлар, туркларнинг сиёсий фаоллиги ҳамда қайси номзоднинг ғалабаси ўзбек ватандошлар учун афзалроқ, экани борасида сўз юритди.

Фазлиддин Мадиев

— Туркиядаги сайловлар қандай бўлиши ҳамда номзодлар ҳақида маълумот берсангиз. Улар нечта, қайсилари кўпроқ қўлланяпти?

— Бўлиши кутилаётган сайлов бутун дунёда қизғин муҳокамаларга сабаб бўляпти. Туркия тарихида бу даражада эътиборда бўлган, дунё эътиборига тушган сайлов бўлмаган ҳали.

Айни пайтда 4 та президентликка номзод бор: мамлакатнинг амалдаги раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўған; Олти мухолифатчи партияси алянсидан (Халқ алянси) номзод ва Туркия Халқ партияси раиси Камол Қиличдорўғли; «Ватан» партияси раиси Муҳаррам Инже; (Муҳаррам Инже айни вақтда ўз номзодини олди) «Отатуркчилар иттифоқи»дан номзод Синан Оган. Булардан асосий иккитаси кўпроқ қўлловга эга. Яъни Эрдўған ва Камол Қиличдор ўғли. Қолган икки номзод 2-3 фоиз овоз тўплаши тахмин қилиняпти. Асосий кураш Эрдўған ва Қиличдор ўғли ўртасида бўлади. Қўлловчиларнинг фоиз кўрсаткичи ҳам катта фарқ қилмаяпти. Масалан, бугун чиққан маълумотларга кўра, Қиличдор ўғлининг имконияти кўпроқ. Туркия сайловлари манипуляция кучлилиги билан ҳам ажралиб туради. Аммо амалда Эрдўғанни қўлловчилар кўпдек кўриняпти. Ҳаммаси сайловдан сўнг маълум бўлади.

— Эрдўғаннинг сайлов олдидан жонли эфирда соғлиғи ёмонлашиб қолди. Бу нарса унинг имижи қандай таъсир қилди?

— Эрдўғаннинг жонли эфир пайтида соғлиғи ёмонлашиши катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Бир ҳафтада соғайди, деган гаплар нотўғри, у икки кунда соғлиғини тиклаган. Сиёсий жиҳатдан бу ҳолат яхшимас барибир. Лекин мени атрофимдаги одамларнинг кўпчилиги ҳам Эрдўғанни сайлаш тарафдори. Шу билан бирга Туркияда Эрдўғандан чарчаш ҳам бор, аммо айни пайтдан ундан яхшиси йўқ деган фикр бор. Ёшроқ ва сиёсий фаол бўлган бошқа одам бўлганда, биз унга овоз берардик, деган қараш ҳам мавжуд. Умуман олганда, Эрдўғаннинг соғлиғи ёмонлашиб қолиши, унинг сайлов компаниясига катта таъсир қилмади.

— Ташқи сиёсатдаги Россия-Украина уруши омили ва ички сиёсатда Туркиядаги зилзила Эрдўғаннинг сиёсий имижига қандай таъсир қилди?

— Икки омил ҳам турк халқи томонидан жиддий эътибор билан кузатилди. Мухолифат тарафидан эса кучли танқидлар бўлди, айни муддао бўлди улар учун. Туркия шундоқ ҳам зилзилаларга ва сиёсий фаолликка бой мамлакат. Халқ 2016 йилдаги тўнтаришнинг олдини олган эди ва бу орқали ўзининг катта куч эканини яна бир англаган. Сиёсий онги юксалди.

Туркияда зилзила учун алоҳида солиқ олинади ва бу солиқлар бир неча миллиард долларга етгани айтилган эди. Шу маблағлар юзасидан тортишувлар бўлди. Турк матбуоти, мухолифат ОАВлари жуда кўп муҳокама қилди. Кўрсатдики, Эрдўғаннинг обрўси тушишига сабаб бўлди бу ҳолат. Эрдўған вазиятни енгиб ўтишда туркий давлатлар раҳбарлари билан келишиб, уларнинг ёрдами билан иш кўраётгандек таассурот уйғотяпти. Лекин бир нарсага эътибор бериш керакки, зилзила бўлган ҳудудлардаги аҳоли жуда ёмон аҳволда, уларга қандайдир ваъдалар эмас, амалий ёрдам керак. Қуруқ сўзга ишонмайди улар. Мухолифат партиянинг қисқа муддатда тиклаб берамиз деганига ҳам халқ ишонаётгани йўқ.

Яна бир ҳолат бор. Чет элларда Эрдўған кетишини айтаётганлар, тарғиб қилаётганлар қанчалик кўп бўлса, халқ уларга терс бўлиб қолишини исташи ошиб боряпти. Бунга сабаб Эрдўғаннинг ҳарбий қудратни оширгани, халқаро майдонда қудратни кўрсатаётгани бўляпти. Россия-Украина масаласида ҳам Эрдўған жуда нозик ва тўғри сиёсат олиб бораётганини туркияликлар ҳам, бошқа тарафлар ҳам эътироф этяпти. Ташқи сиёсат Эрдўған фойдасига бўляпти.

— Камол Қиличдор ўғлининг имкониятлари қандай? У нималарни ваъда қиляпти? Айнан нималар эвазига унинг сайланиш фоизи ошиб боряпти?

— Камол Қиличдор ўғли номзодини кўрсатаётган жумҳурияти партияси Отатурк томонидан ташкил этилган партия ҳисобланади ва катта сиёсий тарихга эга. Шунинг учун ҳам бу партиянинг ҳам қўлловчилари кўп. Бу партия доим мухолиф сифатида тийиб туриш кучига эга бўлган. Лекин давлат бошқаруви даражасида кучга эга эмас ҳозирча. Шу сабабли бу сафар бошқа партиялар билан биргаликда номзод кўрсатяпти. Аммо уларнинг ўртасида ички тортишувлар кўп.

Қиличдор ўғлининг ютиб чиқишига сабаб қилиб Туркиядаги Эрдўғандан чарчаш, зерикиш ҳолатини кўрсатиш мумкин. Уни қўлловчилар кўпайганининг асосий сабаби ҳам шу. Яна бир қараш ҳам бор, яъни бирлашган партияларнинг мақсади ҳокимият тепасига келиш эмас, балки шунчаки Эрдўғанни ҳокимиятдан кетказиш, деган қараш. Юқорида айтганимдек, Эрдўғанни қўллаётганларда ҳам унга боғланиб қолганликдан, фақат бир кишини кўришдан чарчаш кайфияти бор.

— Туркиядаги ўзбеклар ва умуман Ўзбекистон учун қайси номзод сайлангани яхшироқ? Қандай ўзгаришлар бўлиши мумкин?

— Туркиядаги сиёсий жараёнлар ўзбеклар учун ҳам муҳим ва улар бунда фаол қатнашади. Охирги тўнтаришга ҳаракат бўлганда ҳам жуда фаол бўлган ўзбеклар ҳам, кўп муҳокамалар бўлган. Бу ердаги ўзбекларни икки тоифага ажратиш мумкин: биринчиси, сиёсий жараёнларга аралашмайди, муҳокама қилмайди; иккинчи тоифа эса сиёсий жараёнларни тушунадиган ва мунтазам кузатиб борувчилар. Аммо иккинчи тоифадагилар фоиз жиҳатдан анча кам.

Фуқароликни олган ўзбекларни ва бошқа туркий миллат вақтларни кузатганимда, сиёсатдан ўзи оладиган одамлар Эрдўғанни қўллаяпти. Аммо сиёсий фаол ва ўзгаришларни истовчилар ҳам бор. Умуман олганда эса Эрдўған тарафдорлари кўпроқ.

Келгусида мигрантларга бўладиган муносабат жуда нозик масала бўляпти. 2011 йилда сурияликлар қабул қилингач, мигрантлардан чарчаш бор. Бошқа туркий давлатлардан ҳам мигрантлар келаётгани туркияликларни таранглаштираётган масалалардан бири. Аммо бу ҳам кўпроқ номзодлар томонидан бу масалага катта сиёсий тус бериш туфайли бўляпти. Ўз-ўзидан бу нарса баъзи туркияликларда шундай кайфият уйғотяпти. Партияларнинг мигрантларни қайтариш ҳақидаги гаплари Туркия сиёсатига доғ бўлиб тушяпти.

Ким қолиши маъқулроқ, дейдиган саволга келсак, ўзимда ҳам иккиланиш бор. Аммо Эрдўған яна бир неча йил ҳокимиятда қолиб, муносиб номзод топилгач, президентликдан кетиши маъқулроқ, деган фикр бор. Энди қолганини сайловчилар ҳал қилади. Аммо шуни унутмаслик керакки, Туркия ўзгаришларга иммунитет ҳосил қилган давлат. Қиличдор ўғли ҳокимият тепасига келса ҳам, Туркиядаги сиёсий жараёнларнинг асоси ўзгармайди. Ичимиздан ўзгаришни хоҳлаяпмиз. Аммо Эрдўғаннинг халқаро майдондаги сиёсати, олиб бораётган ишлари сабабли «Кечувда от алмашмайди» деган гапга тўхталамиз. Ҳозир Ўзбекистон билан ҳамкорлик энг ривожланиш нуқтасига чиққан. Бу нарсани халқ ҳам, ҳокимият ҳам қўллайди. Европаликлар ўзгаришни хоҳлайди ва уларга маъқул келади бу, Шарқликлар учун эса Эрдўған қолиши яхшироқ. 

Тўлиқ интервюни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи: Шоҳруз Абдураимов
Монтаж устаси: Муҳиддин Нидо

Мавзуга оид