Жаҳон | 18:53 / 13.05.2023
18967
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Қиличдорўғлининг Россия фитнаси ҳақидаги баёнотига изоҳ берди

Туркия раҳбари сайловдаги рақибининг Россия томонидан уюштирилган сайловолди фитнаси ҳақидаги даъволарини инкор қилди.

Фото: Reuters

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған сайловдаги рақиби, бирлашган мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғлини Россиянинг сайловларга аралашуви ҳақидаги сўзларидан «уялишга» чақирди. Бу ҳақда TRT хабар берди.

«Энди жаноб Камол Россияни масхара қила бошлади. Унинг айтишича, сайловларни Россия бошқароқда. Уялмайсизми? Уялинг. Агар биз Америка, Англия ва Германия сайловларни бошқаряпти десак, бунга нима дейсиз?», деди Эрдўған сайловолди ташвиқоти чоғида.

Унинг сўзларига кўра, Камол Қиличдорўғлининг баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмайди.

Эрдўған Туркия халқини мухолифат номзодининг баёнотларига ишонмасликка ва 14 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловида унга овоз бермасликка чақирди.

11 май куни «Республика халқ партияси» раҳбари ва Туркия президентлигига номзод Камол Қиличдорўғли Россияни сайловолди «фитна»сини уюштирганликда, жумладан, сохта видеоларни тарқатганликда айблади. Шунингдек, Россия ҳукумати президентлик сайловидан кейин ҳам ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор бўлса, «Турк давлатидан қўлини тортишга» чақирди.

Аввалроқ, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған рақиби Камол Қиличдорўғли тасвирланган видеони намойиш этди. Унда мамлакатда террорчи гуруҳ деб тан олинган Курдистон ишчилар партияси раҳбари Мурат Қарайила пайдо бўлиб, сайловда Қиличдорўғлига овоз беришга чақирган. Кейинчалик, Deutsche Welle журналистлари видео сохта эканини, иккита турли лавҳадан ясалганини аниқлади.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россиянинг бошқа давлатлар сайловларига аралашганлик айбловларини бир неча бор рад этганини айтди. «Ҳеч қандай аралашув ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Агар кимдир жаноб Қиличдорўғлига шундай маълумот берган бўлса, улар ёлғончи», деган эди Песков.

Мавзуга оид