Жаҳон | 09:06 / 14.05.2023
32604
5 дақиқада ўқилади

Брянск областида Россия вертолёт ва самолётлари қулаши: сўнгги маълумотлар

Шанба тонгида Брянск областида россияликларнинг ҳарбий учиш аппаратлари қулаши билан боғлиқ камида икки ҳолат содир бўлди: регион расмийлари Клинци шаҳрида Ми-8 вертолёти қулаганини тасдиқлаган, фавқулодда хизматлар ТАСС агентлигига Су-34 қирувчи самолёти қулаганини тасдиқлаган. Россия нашрлари област ҳудудида шу вақтда яна бир Ми-8 вертолёти ва Су-35 қирувчиси қулагани ҳақида хабар тарқатди, аммо бу маълумотлар расман тасдиқланмаган.

Расмийлар изоҳ берган ягона ҳодиса - Россия ва Украина чегарасидан 40 километр масофада жойлашган Клинци шаҳрида вертолёт қулашидир.

Брянск области губернатори Александр Богомаз Клинцида вертолёт қулаши оқибатида ерда бешта уй шикастлангани ва бир аёл яралангани ҳақида хабар берган.

«Бугун Клинцида вертолёт қулаши содир бўлди. Ҳодиса оқибатида тинч аҳоли вакилларидан бир аёл киши жабрланган. Айни вақтда у район шифохонасига етказилган, унга барча зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Бешта уй шикастланган», дея ёзган губернатор.

Маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан олинган видеоларда вертолёт ҳавода портлаб, ёниб кетганча тиккасига қулаётгани акс этган.

ТАСС агентлигининг фавқулодда хизматлардаги манбаси вертолёт двигателдаги ёнғин туфайли ҳалокатга учраганини айтган, аммо ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда унга ракета келиб урилгани ва портлаш содир бўлганини кўриш мумкин. Манбалар вертолёт учувчиларининг иккиси ҳам ҳалок бўлганини айтишган.

Иккинчи ҳолат ҳақида Россия фавқулодда хизматлари ТАСС агентлигига хабар беришган. Агентлик суҳбатдоши бирор жиддий тафсилотни келтирмаган ҳолда шундай деган: «Украина билан чегара яқинида Су-34 қулади. Бортда бўлганларнинг тақдирига ойдинлик киритилмоқда».

Иккинчи ҳодиса айнан қаерда рўй берганига аниқлик киритилмаган, аммо ҳалокат фотолари ва видеоларини жойлаштирган қатор телеграм-каналларда бу Брянск области Стародубский райони (унинг маъмурий маркази ҳисобланган Стародуб Украина чегарасига янада яқинроқ жойлашган) бўлиши мумкинлиги айтилган.

Ижтимоий тармоқда Су-34 қулаган жойда олинган видео тарқалган, унда қирувчи самолёт ёнаётгани акс этган. Mash манбаси аниқлик киритишича, бу ҳодиса Клинцида Ми-8 вертолёти қулаган жойдан қарийб 50 километр масофада рўй берган.

Бундан ташқари, Россиядаги телеграм-каналларда  Брянск областининг Унечск райони ҳудудида, Волкустичи қишлоғи атрофида Ми-8 русумли яна бир вертолёт қулагани ҳақида ёзилган.

Шунингдек, айрим телеграм-каналлар маълумотига кўра, Стародубский районида, Шкрябино қишлоғи атрофида Су-35 қирувчи самолёти ҳам қулаган бўлиши мумкин.

ВГТРК ходими Андрей Медведев «иккита Ми-8, бир Су-34 ва катта эҳтимол билан яна бир Су-25 йўқотилгани» ҳақида ёзган. Mash манбаси ҳам икки вертолёт ва икки штурмовик — иккита Ми-8, битта Су-34 ва битта Су-35 қулагани ҳақида хабар берган. Канал маълумотига кўра, улар жанговар топшириқдан қайтаётган бўлган ва мўлжаллаб йўлланган зарбага учраган. Тез орада Baza канали иккинчи вертолёт ҳалокати ҳақидаги хабар тасдиқлангани, у Унечск районида, Волкустичи қишлоғи яқинида қулаганини хабар қилди. Ми-8 русумли иккинчи вертолёт қулагани тўғрисида 112 телеграм-канали ҳам ёзган. Унинг маълумотига кўра, бортда бўлганларнинг барчаси ҳалок бўлган.

Россия ҳаво кемалари қулаган нуқталар

Шу куни Брянск области ҳудудида иккита эмас, балки бирданига тўртта учиш аппарати қулагани ҳақидаги маълумот фақат ОАВда ва телеграм-каналларда тарқалган, бу маълумотлар расмий манбалар томонидан тасдиқланмаган.

«Коммерсант» версияси

«Коммерсант» газетаси ўз манбаларига асосланган ҳолда Брянск областида «Украина билан чегара яқинида амалда бир вақтнинг ўзида» Россиянинг тўртта ҳарбий учиш аппарати: икки қирувчи ва икки вертолёт қулагани ҳақида хабар берди.

Нашр телеграм-каналларнинг Су-34 қирувчи-бомбардимончиси, Су-35 қирувчиси, шунингдек иккита Ми-8 вертолёти қулагани тўғрисидаги маълумотини тасдиқлаган.

«Коммерсант»нинг тасдиқлашича, қирувчи самолётлар ва вертолётларнинг экипажи тўлиқ таркибда ҳалок бўлган. «Қуруқликда ҳужум қилганларни қидиришмоқда», дейилган хабарда.

Газетанинг ҳисоблашича, ҳалокатга учраган аппаратларнинг барчаси «битта авиагуруҳ таркибига кирган».

«Қирувчилар Украинанинг Черниҳив областидаги нишонлар бўйлаб ракета-бомба зарбалари йўллаши, вертолётлар эса уларни суғурта қилиши, жумладан, улар душман томонидан уриб туширилган тақдирда, экипажни олиб кетиши керак бўлган. Барча тўртта машина ҳам аэродромга қайтмади», дейилган хабарда.

«Комерсант» журналистлари қўшимча қилишича, мутахассислар самолётлар ва вертолётлар «ҳаво-ҳаво» типидаги ракеталар орқали уриб туширилганини тахмин қилишмоқда. «Шу тариқа, ҲКК авиагуруҳи, катта эҳтимол билан авиапистирмага дуч келган», дея ёзилади хабарда.

Аввалроқ кўплаб телеграм-каналларда ва ижтимоий тармоқларда авиаҳалокатларнинг сабаблари бўйича бошқа версиялар ҳам тарқалганди. Хусусан, учиш аппаратлари россияликларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали хатолик туфайли уриб туширилгани, украинларнинг диверсия гуруҳлари олиб юрилувчи зенит-ракета комплекслари билан зарба бергани, ёки Украина ҳудудидан туриб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали йўқ қилингани ҳақида муҳокамалар қилинган.

Расмий манбалар ҳозирча бу ҳолатларнинг сабаблари бўйича маълумот бермаган.

Мавзуга оид