Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Иккинчи тур бўладими? Туркиядаги сайлов натижалари бўйича сўнгги маълумотлар
Дастлабки маълумотларга кўра, Эрдўған ҳокимиятда қолиш учун етарли бўлган 50 фоиздан ортиқ устунликни сақлаб қолган. Лекин унинг устунлиги вақт ўтган сари пасаймоқда.
Туркияда 14 май куни президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлиги учун амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўған, мухолифат алянсининг ягона номзоди Камол Қиличдорўғли ва ATA ittifakı ўнг миллиятчи блок етакчиси Синан Ўған даъвогарлик қилмоқда. Яна бир мухолифатчи, «Ватан» партияси раҳабри Муҳаррам Инже 11 май куни рақибларини ҳалол рақобат тамойилларини бузишда айблаб, пойгадан чиқди.
Овоз беришнинг илк натижалари Эрдўған ҳокимиятни сақлаб қолиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Турк нашрларида дастлабки натижалар эълон қилинганида Эрдўған катта устунлик билан олдинда кетаётганди – бюллетенларнинг 9 фоиздан кўпроғи ҳисоблаб чиқилгандан кейин, амалдаги президент 59,47, мухолифат етакчиси Камол Қиличдорўғли эса 34,79 фоиз овозга эга эди.
Шундан кейин томонлар ўртасидаги фарқ муттасил равишда қисқариб борди ва овозларнинг 89,24 фоизи ҳисоблаб чиқилган ҳолатда амалдаги президентнинг овозлари 49,94 фоизгача тушди, Қиличдорўғлининг овозлари 44,3фоизга етди, учинчи номзод Синан Ўғанда 5 фоиздан ортиқроқ.
- 99,2 фоиз овозлар ҳисобланганидан кейин Эрдўғаннинг натижаси 49,39, Қиличдорўғлиники 44,97 фоизни ташкил этмоқда. Иккинчи тур бўлади.
Натижалар бўйича маълумотлар дақиқа сайин ўзгариб бормоқда.
Агар овозлар юз фоиз ҳисоблаб чиқилганидан кейин бирор номзод 50 фоиздан ортиқ овозга эга бўла олмаса, икки ҳафтадан кейин, 28 май куни икки асосий номзод ўртасида иккинчи тур ўтказилади.
Жумҳурият халқ партиясининг (Қиличдорўғли унинг раиси ҳисобланади) Истанбулдаги бўлими раҳбари Жанан Кафтанжиўғли ўз твиттерида шаҳарда бюллетенларнинг 15 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан кейин мухолифат номзоди олдинда кетаётгани ҳақида ёзган. Унинг маълумотига кўра, мухолифат номзоди — 51,33 фоиз, Эрдўған — 43,94 фоиз овоз олаётганди.
Мухолифат етакчисининг ўзи эса бюллетенларнинг 40 фоиздан ортиғи ҳисоблаб чиқилган вақтда твиттерида пойгада олдинга чиқиб олгани ҳақида ёзган.
Марказий сайлов комиссияси эълон қилишича, сайловда давомат Туркия учун рекорд даражада — 93,6 фоизни ташкил этди. OdaTV телеканали эса бироз камтарона рақамларни келтирган — 87,62 фоиз.
Дастлабки расмий натижалар Олий сайлов кенгаши (YSK — Марказий сайлов комиссияси муқобили) томонидан 15 майга ўтар кечаси эълон қилиниши кутилмоқда. Якуний натижалар 19 май куни эълон қилиниши керак.
Овоз бериш натижалари ҳозирча сайлов кунига бир ҳафтача вақт қолганида ўтказилган сўнгги жамоатчилик сўровлари натижаларидан фарқ қилмоқда. Хусусан, Konda компанияси 6–7 май кунги сўровлар натижаларига кўра, Қиличдорўғли 49,3 фоиз овоз билан устун келиши, Эрдўған 43,7 фоиз билан иккинчи бўлишини прогноз қилганди.
Эрдўғаннинг партияси — Адолат ва тараққиёт партияси — ҳозирча парламент сайловларида ҳам устунлик қилмоқда. Бюллетенларнинг 11 фоизи ҳисобланган ҳолатда, ҳукмрон сиёсий партия парламентдаги 600 ўриндан 349 тасини ўзиники қилаётгани, Қиличдорўғлининг Жумҳурият халқ партияси — 98 ўрин олишини кўрсатаётганди.
Эрдўған 14 май куни Истанбулнинг Ускюдар туманидаги мактаблардан бирида очилган сайлов участкасига бориб овоз берди. Участкада президент ва рафиқаси Эминени тарафдорлари қарши олишди. Бинода хавфсизлик чоралари қатъий кучайтирилди: мактабни хавфсизлик хизмати ходимлари қўриқлашди; атрофга зирҳли машина ҳам жойлаштирилди. Участкада олинган видеода Эрдўған мамлакатда нишонланаётган Оналар куни муносабати билан болаларга 200 лирадан пул тарқатаётганини кўриш мумкин. Овоз бериш вақтида у болаларга ўйинчоқлар ҳам ҳадя қилди: ўғил болаларга машиналар, қизларга қўғирчоқлар. Тонгда Эрдўған сайлов натижаларини Истанбулдан туриб кузатишини айтганди, аммо овоз бериш жараёни бошлангач, қарорини ўзгартириб, Анқарага келди ва Бештепедаги қароргоҳига жойлашди.

Қиличдорўғли эса рафиқаси Селви ҳамда яна бир нуфузли мухолиф сиёсатчи, Туркия пойтахти мэри Мансур Явош билан биргаликда Анқаранинг Аржантин туманидаги мактабда овоз берди. Уларни ҳам минглаб кишилар олқишлар билан кутиб олишди.
Қиличдорўғли овоз бериш жараёни бошланиши арафасида твиттер орқали сайловлардаги кузатувчиларга юзланиб, овозларни ҳисоблаш жараёнини диққат билан кузатиб боришга чақирган. «Мен демократия қаҳрамонларига мурожаат қилмоқчиман. Охирги сайлов қутисидаги овозлар санаб чиқилгунича, ҳеч қачон, ҳеч қандай сабаб билан сайлов қутиларини назардан қочирманг. Халқ иродаси тўлиқ ва тўғри намоён бўлиши сизнинг қатъиятингизга боғлиқ. Ва сиз гувоҳ бўласиз — сизнинг чарчоқларингиз мукофотланади», — дея ёзган сиёсатчи.

Сайловларда оммавий сохталаштириш ҳолатлари ҳақида ҳозирча хабар берилмаган. Лекин айрим ҳолатларда қоидабузарликларга йўл қўйилган: хусусан, Истанбулда ва Гиресун шаҳрида участкаларда Эрдўған учун овоз берилган ва муҳрланган бюллетенлар топилган. Бу актлар ҳақида кузатувчилар YSK’ни хабардор қилишган. Эрдўғаннинг ўзи сайловлар «муаммосиз» ўтаётганини айтган. YSK раиси Аҳмад Йенер ҳам шу фикрни билдирган.
74 ёшли Қиличдорўғли — Туркия парламенти депутати ва Жумҳурият халқ партияси етакчиси ҳисобланади. Аммо у фақат ўз партиясининг эмас, балки Халқ алянсига бирлашган мухолифатдаги яна беш партиянинг ҳам номзоди ҳисобланади. Мухолифат ичида Қиличдорўғли энг таниқли сиёсатчи эмасди: у рейтинг бобида камида икки партиядоши — юқорида тилга олинган Анқара шаҳри мэри Мансур Явош ва Истанбул мэри Акром Имомўғлидан ортда қолади. Аммо айнан Қиличдорўғли коалициядаги барча кучларни қаноатлантирадиган фигура сифатида танланди.
Мавзуга оид
20:52 / 15.05.2025
Шавкат Мирзиёев Туркия вице-президенти билан учрашди
02:31 / 15.05.2025
Путин Украина билан музокараларда иштирок этадиган делегация таркибини тасдиқлади
23:40 / 14.05.2025
Зеленский: Украина музокараларнинг ҳар қандай форматига тайёр
17:14 / 14.05.2025