Ўзбекистон | 16:58 / 15.05.2023
9875
2 дақиқада ўқилади

Айрим тадбиркорларга солиқлар бўйича алоҳида имтиёзлар берилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш ишларини янги поғонага олиб чиқиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтяпти.

Фото: AP

Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилади. Дастурга 2023-2024 йилларда жами 1 миллиард доллар ажратилади.

Бу маблағлар ҳисобидан: камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилиш бўйича лойиҳа аҳамиятига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади; тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан: 

- камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади;

- камбағал оила аъзоси даромад солиғидан озод қилинади;

- 5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга камайтирилади.

Шунингдек, дастурда қатнашадиган тадбиркорлар солиқ ва божхона маъмурчилигида енгилликлар олади. Хусусан:

- улар фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди;

- уларга қўшилган қиймат солиғи, шунингдек, ортиқча тўланган солиқлар текширувсиз қайтариб берилади;

- қўшилган қиймат солиғи бўйича гувоҳнома муддатидан илгари бекор қилинмайди;

- барча солиқлардан қарздорликни бир йилгача кечиктириб тўлаш имкони берилади;

- божхона тўловларини суғурта кафолатисиз олти ойга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид