Эрдўған сайловнинг иккинчи турига тайёр эканини айтди
Эрдўған Туркиядаги президентлик сайловларининг иккинчи босқичига тайёр эканини айтди. Anadolu нашрига кўра, бюллетенларнинг 98 фоизи қайта ишлангач, у 49,34 фоиз овоз оляпти, бу эса биринчи турда ғалаба қозониш учун етарли эмас.
Туркиянинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакатда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларининг иккинчи босқичига тайёр эканини маълум қилди. "Сайловлар биринчи турда тугайдими ёки йўқми, ҳали билмаймиз. Лекин агар халқ бизни иккинчи турга юборса, биз бу қарорни ҳурмат қиламиз", дея Эрдўғаннинг Анқарадаги тарафдорларига қаратилган сўзларидан иқтибос келтирган AFP ахборот агентлиги душанба, 15 майга ўтар кечаси.
Эрдўғаннинг асосий рақиби, Жумҳурият Халқ партияси раҳбари ва бирлашган мухолифат номзоди Камол Киличдорўғли ҳам халқнинг иккинчи тур ўтказиш қарорига рози эканлигини билдирди. Шу билан бирга, ҳар икки сиёсатчи ҳам якуний ғалабага ишонч билдиришди.
15 май, Тошкент вақти билан соат 07:10 ҳолатига кўра, овозларни санаш ҳали якунлангани йўқ. Туркия Марказий сайлов комиссияси раҳбари Аҳмет Энер мамлакат ичида сайлов бюллетенларининг 95 фоизи, хориждаги сайлов участкаларида қарийб 37 фоизи қайта ишланганини маълум қилди. Шу билан бирга, Эрдўған 49,49 фоиз, Қиличдорўғли эса 44,79 фоиз овоз тўпламоқда. Anadolu Туркия давлат ахборот агентлигининг сўнгги рақамлари қуйидагича: қайта ишланган бюллетенлар - 98,06 фоиз, Эрдўған учун - 49,34 фоиз, Қиличдорўғли учун - 44,99 фоиз.
Биринчи турда номзодлардан бирининг ғалабаси учун у камида 50 фоиз овоз олиши керак. Демак, Туркияда президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтиши эҳтимоли катта – у 28 май куни ўтказилиши мумкин.
Шу билан бирга, параллел равишда ўтказилган парламент сайловларида, Anadolu хабарига кўра, овозларнинг 97,84 фоизи санаб чиқилгач, Эрдўған бошчилигидаги Адолат ва тараққиёт партияси 35,4 фоизлик кўрсаткич билан етакчилик қилмоқда. Иккинчи ўриндаги Жумҳурият Халқ партияси 25,38 фоиз овоз тўплаган.
Мавзуга оид
21:37
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди
16:56
Туркияга меъёрдан ортиқ тамаки маҳсулотларини олиб кирган ўзбекистонликлар қамоққа олинмоқда
23:12 / 19.11.2024
Исроилнинг кейинги нишони Туркиями?
11:40 / 19.11.2024