Ўзбекистон | 16:16 / 15.05.2023
27302
3 дақиқада ўқилади

Аввалдан мавжуд бўлган комплектациядаги Onix ва Tracker нархлари ошмаслиги айтилди

“Ўзавтосаноат” Onix ва Tracker'нинг янги комплектацияларини сотувга чиқаришга тайёрланяпти. Компания матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, аввалги комплектациялар бўйича нархлар ўзгаришсиз қолади. Нисбатан арзонроқ моделлар (Damas, Labo, Cobalt ва Gentra) сотуви қачон тикланиши маълум эмас.

Фото: UzAuto Motors

Май ойи бошида UzAuto Motors компания билан шартнома имзолаш мумкин бўлган энг арзон моделлар – 207 млн сўмлик Onix ва 211 млн сўмлик Tracker-2 сотувини тўхтатган эди.

Kun.uz UzAuto матбуот хизматидан олган маълумотга кўра, яқин кунларда Onix ва Tracker-2'нинг янги комплектацияларига шартнома бериш бошланади.

“Шартнома бериш бошланиши, агар режалар ўзгармаса, шу ҳафтага режа қилиняпти. Балки кейинги ҳафта бошида бошланар. Шу сабабли аниқ муддатни айтишимиз бироз қийин”, – деди Kun.uz билан суҳбатда компания вакили.

Унинг қўшимча қилишича, шартнома тузиш тўхтатилгунига қадар сотиб келинган комплектациялардаги автомобиллар нархи ўзгармайди. Янги комплектациялар нархлари эса ҳали маълум эмас.

Tracker ва Onix'нинг янги комплектациялари қаторида redline варианти ҳам бўлиши айтилган.

“Янги вариантларда иситиладиган олд ўриндиқлар, тозалаш зонаси, иккинчи қатор ўриндиқлари, рул, олти томонлама созланиши, ҳайдовчи ўриндиғи, картер ҳимояси, “redline” пакети бўлади. Ҳозир янги конфигурациялар бўйича шартномалар очилишига тайёргарлик кўряпмиз”, – деганди ўтган ҳафта компания вакили.

Компания Onix ва Tracker'га шартнома беришни тўхтатгач, жамоатчилик UzAuto Motors автомашиналарининг нархини яқин кунларда яна ошириши мумкинлигини тахмин қилганди. Охирги 5 йил давомида UzAuto Motors нархларни оширишдан олдин ҳар сафар савдони тўхтатиб қўйишни одат қилган.

Сўнгги марта Tracker нархи 2023 йил январида ошган, Onix нархи эса 2022 йил декабр ойи охирида эълон қилинган эди.

Бюджет моделлар бўйича шартнома қачон тикланиши ҳамон номаълум

Ўтган йил декабр ойи бошида бюджет моделлар – Damas, Labo, Cobalt ва Gentra учун шартнома тузиш тўхтатилганди. Kun.uz мухбири билан суҳбатда компания вакили бу моделларга шартнома бериш қачон бошланиши ноаниқлигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Nexia-3 ва Spark ишлаб чиқариш 2022 йил охиридан тўхтатилиши айтилган. 2023 йил охиридан эса Gentra ҳам конвеердан олиниши режа қилинган. Катта эҳтимол билан, яқин йиллар ичида Nexia-3 ва Spark ўрнига бошқа бюджет моделлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмайди.

Мавзуга оид