Ўзбекистон | 19:18 / 15.05.2023
21076
5 дақиқада ўқилади

Хитой қудрати – биз учун имкониятми ёки таҳдид?

18-19 май кунлари Хитойнинг Сиан шаҳрида ХХР–МО саммити бўлиб ўтади. Саммитга ХХР раиси Си Жинпинг мехбонлик қилади. Марказий Осиёнинг барча беш давлат раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Саммитга Россия президенти Путин таклиф қилинмаган. Сиёсий анжуман Россиянинг Украинага бостириб кириб, уруш олиб бораётган бир вақтда ўтмоқда. Пост-совет ҳудудида жуда муҳим геосиёсий жараёнлар кузатилмоқда.

Бугун, Хитой Халқ Республикаси – дунёнинг иккинчи иқтисодий қудрати. Ҳарбий салоҳияти ҳам фақат АҚШдан кейин туриши тахмин қилинади. Хитой иқтисодий қудратининг ўсиш тезлиги ниҳоятда ҳайратланарли. Ялпи ички маҳсулотининг номинал қиймати АҚШ ЯИМга жуда яқинлашиб қолди.

Лекин, сотиб олиш қобилияти билан ўлчанганда, АҚШ ЯИМдан кўра каттароқ экани айтилади. Халқаро молия институтларининг ҳисоботларига кўра, бугун дунёдаги энг йирик иқтисод айнан Хитой улушига тўғри келади – глобал иқтидиётнинг 18 фоизи. АҚШнинг улуши эса, 15 фоиз атрофида экани айтилади.

Иқтисодий қудрати ўсиб бораётган расмий Пекиннинг глобал сиёсатдаги ўзига ишончи ва амбициялари ҳам ошиб бормоқда. Кейинги йилларда Пекиннинг коллектив ғарб билан стратегик тирашуви кристаллашиб бормоқда. Хитой Халқ Республикаси дунёда кўп қутблилиликнинг йирик ижодкорларидан, байроқдорларидан. Глобал сиёсатда, расмий Пекиннинг ўз “командаси” ҳам мавжуд, бу – Россия Федерацияси, Покистон, Эрон ва бошқа давлатлар.

Марказий Осиё давлатлари энди мустақил бўлганда, Хитой Халқ Республикасининг минтақадаги иштироки фақат савдо-иқтисодий ва сармоя билан чекланар эди. Орадан учта ўн йиллик ўтиб, расмий Пекин Марказий Осиёнинг биринчи ёки иккинчи (РФ билан алмашиб туради) савдо-иқтисодий ҳамкорига айланди.

2022 йилги Хитой расмий маълумотларига кўра, Пекин ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик 70 миллиард долларлик кўрсаткичдан ошган. Бу билан, МО минтақасининг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги, Россия ёки ғарб давлатлари билан қиёслаганда, каттароқ экани маълум бўлади.

Ҳавфсизлик ва ҳарбий ҳамкорлик борасида ҳам минтақа давлатларини бирлаштирувчи кўплаб лойиҳалар бор. Жумладан Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти каби кўп томонлама салоҳиятли ташкилот ҳам фаолият юритади. ШҲТ – Марказий Осиё давлатларининг геосиёсий ва геомафкуравий қарашларини шакллантиришни мақсад қилиб қўяди.

Шу йилнинг март ойида Москвада Хитой давлат раҳбари Си Жинпинг ва Путин қўшма баёнот билан чиқиб, жумладан “Марказий Осиё минтақасида ташқи аралашувга имконият бермаймиз, бузғунчи ғарбнинг бу минтақада рангли инқилоблар амалга оширишга имкон бермаймиз” зайлидаги фикрлар билдиришди.

Апрел ойида эса, Хитойнинг Франциядаги элчиси янада қизиқ фикрлар билдирди. Элчининг фикрига кўра, Қрим – тарихан Россияники бўлган, ва пост-совет давлатларининг суверенитети халқаро ҳуқуқда мустаҳкам мақомга эга эмас.

Кейинги йилларда Москва ва Пекин ўртасидаги алоқалар, “глобал тандем” мақомига етти. Бу икки давлатнинг ўз олдига қўйган глобал мақсади – коллектив ғарбни дунё ҳокимиятидан йиқитиш, ва ўзлари иштирокидаги кўп қутблилик шакллантириш ҳисобланади.

Вазиятнинг хавотирли жиҳати шундаки, Москвадаги Путин-Си баёнотларига ҳам, ХХРнинг Париждаги элчиси баёнотларига ҳам минтақа давлатлари, ташқи ишлар вазирликлари ва давлат раҳбарлари, ҳеч бир кўринишда муносабат билдиришмади. Бамисоли, ўша баёнотларни “маъқул” деб, ютишгандек бўлишди. Агарки, минтақа давлатлари Москва-Пекин тандемига қарши, алоҳида-алоҳида эътироз билдиришга, қизил чизиқларни кўрсатишга қўрқишса, беш республика бирлашган холда, ҳамжиҳатлик билан, жўр бўлиб, ўз эътирозларини билдириши керак эди. Москва ҳам, Пекин ҳам Марказий Осиёнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, ва минтақа ҳамжиҳатлиги масаласида, “қизил чизиқларни” аниқ билиши керак, ўша чизиқдан ўта олмаслиги керак.

Хитойнинг глобал қудрати ошиши, расмий Пекиннинг глобал амбцициялари шиддат билан ўсиб бораётган фонида, Марказий Осиё давлатлари учун тарихий аҳамиятга эга савол пайдо бўлади: дунёнинг энг йирик иқтисодий, ҳарбий ҳамда технологик қудратли давлати бўладиган ХХР – минтақа давлатлари учун имкониятми, ёки таҳдидми?

Иқтисодий ривожланиш, кўпинча, минтақавий хусусиятга эга бўлади. бу маънода, дунёнинг иқтисодий ривожланиш маркази Осиёга кўчаётгани – биз учун, катта имконият. Лекин, асосий муаммо – Хитой Халқ Республикасининг сиёсий қарашлари, қадриятлари, узоқ муддатли мақсад ва вазифаларига бориб тақалади.

Пекин ўз худуди ичра рақамли тоталитаризм жорий қилди, инсон ҳуқуқлари ва демократиядан чекинишнинг янги технологик моделини кўрсатди, этник камчиликларни агрессив ассимиляция қилиш борасида ҳали ҳеч бир давлат қила олмаган репрессив моделни намойиш қилди. Айнан мана шу холатлар ХХРга шубҳа ва ишончсизлик, хавотир билан қарашга ундаши керак.

Шу пайтгача, Марказий Осиё давлатлари учун, демократия ва инсон ҳуқуқлари, сиёсий плюрализм – ички тараққиётни белгиловчи омил сифатида кўрилди. Янги глобал контекстда, демократия ва сиёсий плюрализм ташқи таҳдидларга жавоб бериш воситаси сифатида ҳам кўрилиши керак.

Чунки, кучли марказлашган ва якка шахслашган сиёсий тизимлар, ХХР ва РФ каби қудратли авторитар давлатлар учун, қулай ва осон ўлжа бўлиши аниқ.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос 

Мавзуга оид