Жаҳон | 13:16 / 17.05.2023
6464
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Вакиллар палатаси Россияни Гершковични озод қилишга чақирди

АҚШ Вакиллар палатаси қўмитаси Россия Федерациясини жосусликда айбланган Гершкович ва Уиланни озод қилишга чақирувчи резолюцияларни бир овоздан маъқуллади.

Фото: Reuters

АҚШ Вакиллар палатасининг Халқаро алоқалар қўмитаси Россия ҳукуматини The Wall Street Journal (WSJ) журналисти Эван Гершковични ва Россия Федерациясида жосусликда айбланган Пол Уиланни озод қилишга чақирувчи резолюцияларни қабул қилди. Бу ҳақда 16 май, сешанба куни The Wall Street Journal нашри хабар бермоқда.

Ҳар икки резолюция бир овоздан қабул қилинди. Энди улар учун Вакиллар палатаси тўлиқ овоз бериши керак. Юридик кучга эга бўлмаган ҳужжатларнинг қабул қилиниши Гершкович ва Уиланнинг қайтиши бўйича АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятига босимни кучайтиради, деб таъкидлайди WSJ.

Резолюция Гершковични озод қилишдан ташқари, Москвадан АҚШ консуллиги ходимларига у билан тўсиқсиз учрашишга рухсат беришни талаб қилади ва Байден маъмуриятини унинг ҳибсга олинишини Россия расмийлари билан муҳокама қилишга чақиради.

“Россияда Эван Гершковични қамоқда сақлашга асос йўқ, у бегуноҳ америкалик журналист”, дейилади резолюция матнида. “Эван айбсиз, у фақат Россиядаги янгиликларни ёритишда ўз ишини бажараётган эди”, — дея Вакиллар палатасининг республикачилардан аъзоси Майкл Маккол ҳужжат қабул қилинишига изоҳ берди. "Россия янги босқичга кўтарилди. Биз Эванни қўллаб-қувватлашимизни, Пол Уиланни қўллаб-қувватлашимизни, уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашимизни очиқ айтишимиз керак", - дейди қўмитада энг юқори даражадаги демократ Грегори Микс.

Мавзуга оид