Ўзбекистон | 12:56 / 17.05.2023
9369
2 дақиқада ўқилади

Ички ишларга хизматга қабул қилинаётганлардан якуний суҳбат ўрнига тест олиниши белгиланяпти

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа президентнинг “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Лойиҳага кўра, ички ишлар органларига хизматга қабул қилинаётган номзодлар учун дастлабки синов имтиҳонлари такомиллаштирилмоқда. Бунда, номзодлардан олинадиган якуний суҳбат ўрнига тест синовлари олиниши тартиби белгиланмоқда.

Мазкур лойиҳа билан ички ишлар органларига хизматга қабул қилинаётган номзодлардан олинадиган тест синовларини ташкиллаштириш ва ўтказишда масъулларни аниқлаш ҳамда белгилаш, уларга ҳуқуқ ва мажбуриятлар юклаш каби масалалар баён этилмоқда.

Жумладан, лойиҳага кўра номзодлардан олинадиган тест синовларида Ички ишлар вазирлигига саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтиб, тест синовлари топширишга тавсия этилган номзодларнинг рўйхатини тест синовлари бошланишидан ўн кун олдин Агентликка тақдим этиш ҳамда гуруҳ назоратчилари ва номзодларни тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга назорат хизмати постлари орқали киритиш, тадбир жараёнида жамоат тартибини сақлаш хавфсизликни таъминлаш каби вазифалар юклатилмоқда.

Тест синовларини ташкиллаштириш, биноларни тайёрлаш ҳамда номзодлар учун белгиланган саволлар ва жавоблар бланкаларини тайёрлаш каби вазифаларни амалга ошириш ишлари эса бевосита Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан амалга оширилиши кўрсатиб ўтилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада номзодлар тест синовларида иштирок этишлари учун Агентликда очилган алоҳида ҳисоб-китоб рақамига базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов амалга оширишлари билан боғлиқ тартиб ҳам киритилмоқда.

Мавзуга оид