Ўзбекистон | 11:39 / 18.05.2023
4495
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ миссияси президент сайловига тайёргарлик билан танишиш учун Ўзбекистонга келди

Жорий йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови муносабати билан ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси сайловга тайёргарлик жараёнлари билан танишиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Фото: Markaziy saylov komissiyasi

Марказий сайлов  комиссияси (МСК) маълумотига кўра, ташриф доирасида Миссия вакиллари ЕХҲТ ДИИҲБ Сайлов департаменти раҳбари Меган Фицджеральд ҳамда сайловлар бўйича маслаҳатчиси Ксения Дашутцина МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев билан учрашди.

Мулоқот давомида ДИИҲБ сайловларни кузатиш миссияларининг Ўзбекистонда ўтказилган сайловлар натижалари бўйича якуний хулосаларида келтирилган тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига имплементация қилиш, сайловларга оид ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида, шу жумладан Конституциявий ислоҳотлар доирасида амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

ЕХҲТ ДИИҲБ методологияси бўйича Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси томонидан баҳолаш муайян сайлов олдидан амалга оширилади ва сайловолди ҳолатига бериладиган баҳо ҳамда миллий сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мослиги натижаларидан келиб чиқиб, сайловни кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги, кузатиш шакли, муддати ва кузатувчиларнинг зарурий сони ҳақида қарор қабул қилинади.

Ташриф доирасида Миссия вакиллари қатор вазирлик ва идоралар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашишни режалаштирган.

 

Мавзуга оид