Жамият | 12:51 / 21.05.2023
19392
1 дақиқада ўқилади

Гулистонда олиб қочилган машина ЙТҲга учраган ҳолда топилди

Вояга етмаган шахс автомашинани қолдириб, ўзи ҳодиса жойидан яширинган.

Фото: Сирдарё вилоят ИИБ ахборот хизмати

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида олиб қочилган машина ЙТҲга учраган ҳолда топилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Гулистон шаҳар, Навбаҳор маҳалласи Хондамир кўчасида содир бўлган. Вояга етмаган Ш.О. мазкур кўчада турган Nexia’ни ғайриқонуний равишда очиб, калити турганидан фойдаланиб, уни олиб қочган. 

У машинада кетаётган вақтида бошқарувни йўқотиши оқибатида Гулистон шаҳар 6-сонли умумтаълим мактаби биносини ўраб турувчи темир панжарага катта тезликда бориб урилган ва автомашинани қолдириб, ўзи ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро Ш.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид