Ўзбекистон | 14:57 / 24.05.2023
30475
2 дақиқада ўқилади

Олмалиқда “қизил”да ўтган “Дамас” уриб юборган қизлардан бири вафот этди

7-синфда таҳсил оладиган жабрланувчи 23 май куни ҳаётдан кўз юмгани айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

15 май куни интернетда Олмалиқ шаҳридаги мактабнинг 2 нафар ўқувчисини автомашина уриб юборгани акс этган видеолар тарқалган, Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Kun.uzʼга жабрланувчилардан бирининг аҳволи оғир эканини маълум қилганди.

Kun.uz манбасининг хабар беришича, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, ЙТҲда жабрланган қизларнинг бири 23 май куни вафот этган.

“Дамас” уриб юборган бошқа бир ўқувчи қизнинг аҳволи барқарор экани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Дамас” автомашинаси ҳайдовчиси светофорнинг қизил чироғига бўйсунмай, ҳаракатланишда давом этган ва Олмалиқ шаҳрининг “Тинчлик” кўчасидаги чорраҳадан пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган 2 нафар ўқувчини уриб юборган.

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Kun.uzʼга бош мия ёпиқ жароҳатини олган ўқувчи қизлардан бирининг аҳволи оғир экани, яна бир жабрланувчи эса енгил жароҳат олганини билдирганди.

Ҳодиса юзасидан судга оид тиббий экспертизаси тайинланган, шунингдек, Олмалиқ тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётгани хабар берилган.

Бош прокуратура томонидан ушбу иш назоратга олиниб, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

 

Мавзуга оид