Жаҳон | 19:24 / 24.05.2023
29134
14 дақиқада ўқилади

Россия Бахмут олинганини эълон қилган, Украина «қопқон» ҳақида айтмоқда. Ким ҳақ?

Ҳар қандай ҳужум мудофаага ўтиш билан якунланади. Москвадагилар чегарани Донецк областидаги район маркази ортидан ўтказишга қарор қилишган – бу шаҳарни эгаллаш учун амалиёт қарийб ўн ойга чўзилди. Урушга қадар бу ерда 70 минг атрофида одам яшаган. Ҳозир шаҳарнинг катта қисми вайрон қилинган ва кимсасиз қолган, аммо унинг учун жанглар давом этмоқда. Москва ва Киевдагилар жанг майдонидаги вазиятни турлича баҳолайди.

Фото: Getty Images

Дам олиш кунлари «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожин Бахмут тўлиқ ишғол этилгани ҳақида эълон қилди. «Биз бутун шаҳарни эгаллаб олдик. Кейин кимдир қайсидир парча олинмай қолиб кетганини айтиб чиқмасин деб уйма-уй юриб чиқдик», деган у.

Пригожин шунингдек, ёлланма кучларини «дам олиш ва қайта тайёрланиш» учун шаҳардан олиб чиқишини, уларнинг позицияларини Россия мунтазам армияси бўлинмаларига топшириш режалаштирилганини айтган.

Бахмут эгаллангани ҳақида Россия мудофаа вазирлиги ҳам баёнот берган. Президент Владимир Путин эса вагнерчиларни ҳам, профессионал ҳарбийларни ҳам табриклаган.

«Россия давлат телевидениеси Бахмутнинг эҳтимолли эгалланганини ҳал қилувчи тарихий воқеадек кўрсатиб, шаҳар қўлга олиниши Россиянинг Словянск (Бахмутдан 41 км шимоли-ғарбда), Краматорск (Бахмутдан 35 км шимоли-ғарбда) ва ҳатто Днипро (Бахмутдан тахминан 215 км ғарбда) шаҳарларини эгаллаш бўйича амалиётлари муваффақиятига ҳисса қўшишини маълум қилди. Кремл, катта эҳтимол билан Бахмутнинг эгалланишини тарихий ғалаба сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда, чунки улар Украинада ҳали ҳам тактик муваффақиятга эриша олмади», дейилган Америка Урушларни ўрганиш институти (ISW) ҳисоботида.

Киев Бахмут россияликлар қўлига ўтгани ҳақидаги маълумотни рад этмоқда. Сешанба куни ҳам Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр Украина қуролли кучлари ҳамон шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмини назорат қилаётгани, шаҳар атрофида эса жанглар давом эттирилаётганини айтди.

«Бахмутдан шимол ва жанубдаги қанотларда бироз олдинга силжидик», деган Анна Маляр.

Украина ҚК қуруқлик қўшинлари қўмондони генерал-полковник Сирский эса шаҳарга кирган вагнерчиларни «қопқонга тушган каламушлар»га ўхшатган. «Пригожин Бахмутдан сичқон тутадиган қопқон ёпилишидан олдинроқ қочиб қолишни ва қопқонга РФ мунтазам қўшинлари тушишини хоҳлайди. Кейин эса Россия мунтазам армияси Бахмутни ушлаб қололмаганини айтиб юриш учун», деб ҳисоблайди ҳарбий эксперт, New Geopolitics Research Network тадқиқот маркази директори Михаил Самус.

Бахмут нимаси билан муҳим?

Ўтган йил ёзида, Россиянинг Попасная, Северодонецк ва Лисичанскни эгаллаш бўйича амалиётлари муваффақиятли ўтказилгач, Бахмут умумий стратегик режа нуқтайи назаридан қизиқиш уйғотади. Россия қўмондонлиги ҳисоб-китоблари шарқдан «Вагнер» ХҲК ёлланмачилари ва Россия бўлинмалари, шимоли-ғарбдан Изюм гуруҳи кучлари Словянск ва Краматорск сари ҳаракатланиб, бир нуқтада учрашишига асосланганди.

Бу режа муваффақиятга эришса, Россия армияси украин қўшинларини қуршовда қолдириши ва Донбассдаги деярли барча йирик шаҳарларни эгаллаб олиши кўзда тутилганди. Аммо ўхшамади. Ўтган йил кузида украинларнинг Харкив яқинида қарши ҳужумга ўтиши натижасида Россия қисмлари яксон этилиб, Изюм атрофидаги гуруҳ тезлик билан шарқ томон чекинди ва мудофаага ўтишга мажбур бўлди. Бундай ҳолатда Бахмутга юриш қилиш ўз маъносини йўқотди, аммо Россия бош штабидагилар бу борада бошқача фикрда эди.

2022 йил 1 августидан Россия қўшинлари Бахмут ва унинг атрофи томон катта куч билан юра бошлади. Попасная штурмида бўлгани каби, илғор отрядлар вазифасини «Вагнер» ХҲК ёлланма гуруҳлари бажаришди - бу вақтда Пригожинга Россия қамоқхоналаридан маҳбусларни ёппасига ёллашга рухсат берилганди. Кўпчилик, жумладан Пригожиннинг ўзи ҳам украинларнинг истеҳкомларини рўпарадан келиб штурм қилиш оқибатида улкан йўқотишлар берилгани ҳақида хабар қилган.

У бу амалиётга «Бахмут гўштмайдалагичи» деб ном берган - унинг айтишича, бу амалиёт «Россия армияси ўзига келиб олишига вақтдан ютиб бериш учун» ўтказилган.

Бахмутни эгаллаш бўйича амалиётдан маъно нима бўлгани ҳатто ҳозир ҳам тушунарли эмас. Ҳарбий экспертлар турлича версияларни илгари суришади: стратегик ташаббусни қўлга олиш, Украина армиясини Бахмут йўналишида банд қилиш ва бошқа участкаларда ҳужум қилиш, Северскдаги бўртиқни бартараф этиш учун шароит яратиш ва Краматорск агломерациясига юриш қилиш кабилар.

Нима бўлмасин, ҳозир бундай мақсадлар ҳақида гапиришнинг мавриди эмас. Ва эҳтимол, Пригожин алдамаяпти.

Агар Бахмут чиндан ҳам эгалланган бўлса, Россия қўшини уни сақлаб қола оладими ёки олдинга юришда давом этадими?

Вазият аниқ эмас. Бир томондан, Россия томонининг Бахмутнинг қарийб бутун ҳудуди эгаллангани ва ундан шимол ҳамда жанубдаги ҳудудлар назорат қилинаётгани ҳақидаги даъвоси - тўғри. Бошқа томондан - украин қўшинлари Бахмут ғарбидаги плацдармда мустаҳкам ўрнашгани ва қанотларга босим қилаётгани ҳам бор гап.

«Афтидан, «Вагнер» гуруҳи ёлланма жангчилари Бахмутни имкон қадар тезроқ тарк этишни истамоқда, биринчи навбатда, бу ерда уларни қириб ташлашгани учун. «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожиннинг ихтиёрида ҳозир тўрт мингдан камроқ ёлланма жангчи қолган ва у тезроқ чиқиб кетмоқчи. Кеча у ўз жангарилари шаҳарни тўлиқ эгаллаганини айтганди, аммо украин қўшини ва махсус бўлинмалар ҳамон Бахмутнинг ғарбий чеккаларини назорат қилмоқда. Шунинг учун Россиянинг Бахмутдаги ғалаба ҳақидаги барча баёнотлари - қуруқ сафсата», деган BBC билан суҳбатда журналист ва политолог, Украина қуролли кучларининг Бахмутда жанг қилаётган бригадаси вакили Тарас Березовец.

Фото: Getty Images

Агар харитага диққат билан разм солинса, Бахмут кичик чуқурликда жойлашганини кўриш мумкин. У ернинг рельефи текисликдан иборат бўлса-да, ғарб, шимоли-ғарб ва жануби-ғарб томон юрилганда кўтарилади. Украина қуролли кучлари май ойи бошидаги қарши ҳужумлар давомида Бахмутдан жанубдаги ва шимоли-ғарбдаги асосий тепаликларни қайтариб олганди, бу эса уларга деярли бутун шаҳарни зарба назорати остида ушлаб туришга имкон беради.

Украина қуролли кучлари қанотлар бўйлаб силжишга ҳаракат қилмоқда ва Россия қўмондонлигини захираларни хавфли участкаларни мустаҳкамлаш учун ташлашга мажбур қилмоқда. РФ армияси шаҳардан жанубдаги Клишчиевка ва Курдюмовка қишлоқлари, шимолда эса Дубово-Василовка ва Берховка қишлоқлари атрофида мудофаа жанглари олиб боришга мажбур бўлмоқда.

Россия пропаганда нашрлари Украина қуролли кучларининг Бахмутни қуршаб олиш учун бошлаган ҳаракатлари хавфини камайтириб кўрсатмоқда. «Украин расмий шахслари, Соледар билан бўлгани каби, очиқ-ойдин нарсаларни тан олишдан бош тортди ва Бахмут бой берилганини инкор этувчи турли версияларни ихтиро қилмоқда», дея ёзган «Военный осведомитель» телеграм-канали.

«Украина қуролли кучларининг Бахмут борасидаги риторикаси соф амалий мулоҳазалар билан изоҳланади: қанотларда шиддатли жанглар кетмоқда. ХҲК штурм отрядлари Украина қуролли кучларининг шаҳар атрофида жойлашган бўлинмаларига ўт ёғдирмоқда. Украин тузилмалари йўқотишларга учрашда давом этмоқда ва расмий ҳукумат учун энг осони - украин бўлинмалари энди Россия мудофаа чизиғида ҳаракат қилаётганини тан олиш эмас, «Бахмут учун жанг» кўринишини сақлаб қолишдир», дея унинг фикрига қўшилган Россия мудофаа вазирлигига алоқадор саналган «Рыбарь» телеграм-канали.

Катта эҳтимол билан, айни вақтда Украина армиясида чиндан ҳам ҳужумни тезлик билан ривожлантириш ва Бахмутни ўраб олишнинг реал таҳдидини яратиш учун кучлар етарли эмас. Ўз навбатида, шаҳарнинг сўнгги кўчаларини ҳам тўлиқ эгаллаб, қанотлардаги украинларни улоқтириб ташлаш, бу билан қандайдир тин олиш учун Россияда ҳам куч йўқ.

Аммо Украина қўмондонлигининг режаси қандайлигини ҳеч ким билмайди. Уларнинг захирасида зарбдор гуруҳлар борлиги аниқ. «Биз ҳозирда Бахмутнинг кичик қисминигина назорат қилаётганимизга қарамай, унинг мудофааси ўзи аҳамиятини йўқотмаган. Бу бизга вазият ўзгарган ҳолатда шаҳарга киришимизга имкон беради. Бу эса албатта рўй беради», деган генерал Сирский.

Украинадаги Разумков таҳлилий марказининг ташқи сиёсат ва халқаро хавфсизлик дастурлари ҳамраиси, захирадаги подполковник Олексий Мелник босиб олинган шаҳардаги Россия гуруҳини йўқ қилиш учун уни қуршовга олишнинг ғам ҳожати йўқ деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, Россияда эгалланган шаҳарни ушлаб туриш учун янги кучларнинг ўзи йўқ.

Бундай шароитларда Россия юришни Часив Яр ва Константиновкага ёки Словянск ва Краматорскка томон давом эттириши муаммога айланади. Украинларнинг бу йўналишлардаги позициялари яхши мустаҳкамланган, турли томондан осонгина ўққа тутиш мумкин бўлган Бахмут эса плацдарм вазифасини ўтай олмайди. Северский бўртиғига ҳужум қилиш керакми? Ҳозир ким кимга ҳужум қилиши баҳсли савол.

Албатта, шаҳарга қўшимча захираларни олиб келиш, сўнгги кварталларни ҳам эгаллаш мумкин, аммо ундан кейин ҳам юриш қилишда давом этиш қийин масала - оператив кенглик йўқ, жануб ва шимолдан ўраб олинаётган шаҳарда йирик гуруҳни шунчаки ушлаб туриш эса - хавфли. Шунинг учун, Сирский ҳам алдамаётган бўлиши мумкин.

Йўқотишлар ҳақида нималар маълум?

АҚШ президенти Жо Байден Япониядаги G7 саммитида Россия Бахмут учун жангларда 100 мингга яқин кишисини йўқотганини айтди.

Бу маълумотни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш қийин, чунки жанг қилаётган томонлар ўз йўқотишлари тўғрисида ҳаққоний маълумотларни бермайди. Лекин шуниси аниқки, ҳужум қилаётган томоннинг йўқотишлари доим мудофааланаётган томонникидан бир неча баробар кўп бўлади - рақиб мудофаасини ёриб ўтиб, оператив муваффақиятни ривожлантирмагунича. Бахмут билан боғлиқ вазиятда эса қарийб 10 ойлик жангларда бунақа ҳолат кузатилмади.

BBC мухбири Олга Ившина - Россия қўшинларининг Бахмут қамали чоғидаги йўқотишлари ҳақида:

«Биз Байден айнан қандай йўқотишлар ҳақида гапираётганини билмаймиз. Армияда шахсий таркибдаги йўқотишларнинг асосий икки тури мавжуд: тикланмас ва вақтинча. Вақтинчаси аскар сафга қайтиши мумкинлигини кўзда тутади. Иккинчиси - ҳалок бўлган ёки ортиқ жанг қилишга ярамай қолганлар.

Шунинг учун Байденнинг маълумотига эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур. Гап Россия томонининг қуйидагича тикланмас йўқотишлари ҳақида кетаётган бўлиши ҳам мумкин: жангларда ўлганлар, бахтсиз ҳодисалар қурбони бўлганлар, фалокат ва суицидлар, жароҳат ва касалликлардан вафот этганлар, бедарак йўқолганлар, асир тушганлар ва рақиб томонига ўтганлар, шунингдек келгусида хизмат қилишга ярамайдиган даражада жароҳат олган ва майиб бўлганлар.

Шу билан бирга, Байден қайтариб бўлмайдиган ва вақтинча йўқотишларни умумлаштирган бўлиши ҳам мумкин.

Бунгача америкалик мулозимлар ва ҳарбий манбалар Россиянинг Украинадаги йўқотишлари тўғрисида гапираркан, одатда фақат ҳалок бўлганлар сонини эмас, айнан қайтариб бўлмайдиган йўқотишлар ва вақтинча фронтдан кетганларнинг умумий сонини келтирарди.

Экспертларнинг баҳоларига кўра, бу урушда ҳалок бўлган бир жангчига тўрт нафар ярадор тўғри келади. Шунга кўра, Америка томони баҳоларига кўра, Россиядан Бахмутда 25 минг киши ҳалок бўлган бўлиб чиқади. Бу баҳо қанчалик ҳақиқатга яқин?

BBC «Медиазона» ва кўнгиллилар жамоаси билан биргаликда айнан Бахмут учун жангларда ҳалок бўлган 5703 кишининг шахсини аниқлаган. Булар ёки некрологида Бахмут қайд этилганлар ёки «Вагнер» ХҲК сафида жанг қилган ва 2022 йил 1 августидан кейин (Бахмут учун бошланган жангларнинг тахминий санаси) ҳалок бўлганлардир. Бу рўйхатдагиларнинг аксари - собиқ маҳбуслар.

Россиянинг турли регионларида жойлашган қабристонлардаги вазиятни кузатишларимизга асосланиб, биз тахмин қилишимиз мумкинки, қурбонларнинг ҳақиқий сони биз аниқлаган миқдордан икки баравар кўпроқ бўлиши мумкин. Яъни, энг консерватив баҳоларга кўра, Бахмутдаги жангларда Россия томони 12 минг атрофида одам йўқотган бўлиши мумкин.

Аммо «Вагнер» мисолида ҳақиқий қурбонлар сони консерватив ҳисоб-китоблардагидан анча юқори бўлиши мумкин, чунки хусусий ҳарбий компания ходимлари кўпинча рус ҳарбийларига қараганда махфий равишда дафн этилади, маҳбусларнинг бир қисми эса умуман топиш осон бўлмаган янги қабристонларга олиб бориб кўмилади. Бундай қабристонларнинг камида биттаси Россия чегараларидан ташқарида - Луҳанск яқинида жойлашган.

Бахмут атрофидаги «гўштқиймалагич» номини олган ҳарбий ҳаракатлар табиати қарийб 10 ой давомида россиялик ҳарбийларнинг йўқотиши чиндан ҳам 20 мингдан ортиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатади, яраланганлар коэффициенти эса, маҳбусларнинг тайёргарлиги яхши бўлмаганидан келиб чиққан ҳолда 1:5 ва ундан юқорироқ бўлиши мумкин. Ва шунда Байден томонидан айтилган 100 минглик рақам унчалик фантастика бўлиб кўринмайди».

Евгений Пригожин 23 май куни берган сўнгги интервюсида Бахмут учун жангларда «Вагнер»нинг Россия қамоқхоналарида ёлланган 50 минг собиқ маҳбусидан 20 фоизи - 10 минг киши, шунингдек, компаниянинг бошқа тоифадаги жангчиларидан (35 минг) яна 20 фоизи - 5-6 минг киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Яна 20 мингга яқин ёлланма жангчилари жароҳатланиб сафдан чиққан.

Мавзуга оид