Жаҳон | 23:46 / 26.05.2023
18854
2 дақиқада ўқилади

Бразилия президенти Россияга боришдан бош тортди 

У Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилиш йўлларини излашга чақирди. 

Фото: REUTERS/Juan Medina

Бразилия президенти Инаcиу Лула да Силва Россия президенти Владимир Путиннинг Россияга ташриф буюриш таклифини рад этди. 

«Россия президенти Владимир Путин билан телефонда гаплашдим. Унга Санкт-Петербургдаги Халқаро иқтисодий форумга ташриф буюриш таклифи учун миннатдорчилик билдирдим», деб ёзди у ижтимоий тармоқда. 

У Путинга Россияга бора олмаслигини айтган. Сиёсатчи, шунингдек, Ҳиндистон, Индонезия ва Хитой билан биргаликда Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилиш «имкониятини» излашга тайёрлигини қўшимча қилди. 

Кремль хабарига кўра, Лула да Силва «ечим топиш учун воситачилик қилиш мумкин бўлган саъй-ҳаракатлари ҳақидаги тасаввурини баён қилган». Путин эса «Россия томони сиёсий ва дипломатик йўлда мулоқотга очиқ» эканини айтган.

Аввалроқ Бразилия президенти Украинадаги уруш ҳақидаги баёнотлари туфайли можарога дуч келган эди. Мисол учун, у урушда нафақат Россия, балки Украина ҳам айбдор эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, уруш бошлаш тўғрисидаги қарор гўё иккала давлат томонидан қабул қилинган. Бундан ташқари, Лула да Силва Украинага қурол етказиб берилишини бир неча бор танқид қилган. 

Хиросимадаги G7 саммитида Бразилия президенти Украина раҳбари Зеленский билан учрашиши керак эди, аммо бу амалга ошмади. 

Украина президенти вазиятни изоҳлар экан, тиғиз график туфайли учрашув амалга ошмаганини, Лула эса бундан ранжиши кераклигини айтди. Бразилия президентининг ўзи эса Зеленский билан учрашмаганидан ҳафсаласи пир бўлганини таъкидлади. 

Мавзуга оид