Жаҳон | 20:30 / 26.05.2023
12558
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон иттифоқ давлати тузиш ёки унга қўшилиш ниятида эмас — Оқ ўрда

ЕОИИ доирасидаги интеграция фақат иқтисодий йўл орқали давом этиши мумкинлиги таъкидланди.

Фото: akorda.kz

Қозоғистон президенти матбуот котиби Руслан Желдибай Москвада бўлиб ўтган II Евросиё иқтисодий форумида президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг баёнотларига изоҳ берди. 

Унинг таъкидлашича, давлат раҳбари сўзларида асосий урғу ЕОИИ доирасидаги интеграция фақат иқтисодий йўл орқали давом этиши мумкин ва кераклигига берилган. Унинг доирасидан ташқарига чиқиш ташкилот низоми, мақсадлари, тамойиллари ва вазифаларини бузади. 

«Президент [Тўқаев] таъкидлаганидек, иқтисодий интеграция қуруқ мақсад эмас, балки иқтисодиётни ривожлантириш, халқ фаровонлигини юксалтириш воситаларидан биридир. Яъни, ассоциация доирасида қабул қилинган ҳар қандай қарорлар ҳар бир алоҳида иштирокчи ва биринчи навбатда, ЕОИИ барча давлатлари фуқаролари учун самара бериши керак», деб тушунтирди Желдибай ижтимоий тармоқда. 

Бундан ташқари, кўп босқичли интеграция деб аталадиган масала ҳам кўтарилди. 

«Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда ЕОИИ икки аъзоси – Россия ва Беларус интеграциянинг юқори ва яқинроқ даражасини намойиш этмоқда. Бу ўзига хос прецедент. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, аслида гап бир халқ ва бир давлат ҳақида кетмоқда. Шу нуқтаи назардан, бутунлай бошқа мақсадларга эга бўлган иккита интеграция лойиҳаси доирасида ташаббусларни ажратиш жуда муҳимдир. Мамлакатимизга келсак, Қозоғистон ҳеч қандай иттифоқчи давлат тузиш ёки унга қўшилиш ниятида эмас ва режалаштирмайди», деб хулоса қилди Тўқаев матбуот котиби. 

Мавзуга оид