Ўзбекистон | 14:55 / 27.05.2023
8900
4 дақиқада ўқилади

ТДИУда таълим сифатини янги босқичга кўтаришга бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 26 май куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида “Жамиятнинг иқтисодий трансформациясида таълим сифатининг ўрни” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда 30 дан ортиқ хорижий давлатдан халқаро экспертлар, таълим соҳаси етакчилари ҳамда халқаро тан олинган аккредитация ва рейтинг ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, маҳаллий давлат ва хусусий олий таълим муассасалари раҳбарлари, республикамиздаги хорижий элчихона ҳамда ваколатхоналар масъуллари иштирок этди.

“Конференциянинг асосий мақсади республикамизда олий таълимни ривожлантириш концепцияси асосида таълимни янги босқичга олиб чиқишдир. Олий таълим муассасаларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, халқаро рейтингдаги ўрнининг аҳамияти таълим сифатини таъминлаш ва назорат қилишнинг инновацион механизмларини таклиф қилиш, университетлар трансформациясини амалга ошириш ва бугун халқаро талабларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш кўзда тутилган. Бугун мазкур масалалар муҳокама қилинади ва шу асосда илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқилади”,- дея маълумот берди ТДИУ проректори, профессор Гулнора Қаландарова.

АҚШ, Буюк Британия, Франция, Канада, Япония, Сингапур, Финландия, Бельгия, Австрия, Германия ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган халқаро экспертлар, таълим соҳаси етакчилари ҳамда халқаро тан олинган аккредитация ва рейтинг ташкилотлари раҳбарлари тадбирда ўз тақдимотларини намойиш этишди. Сингапурдаги ПСБ академияси профессори Сеа Сенг Ви Ўзбекистон ва Сингапур олийгоҳлари ўртасида қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилишини айтди:

“Иқтисодий трансформация ривожланиш учун асос бўладиган олий таълимни яратиш ва ўзлаштириш келажак учун йўл. Бу мамлакатнинг ўсишида катта ёрдам беради. Ва бунинг учун таълим сифати калит вазифасини ўтайди. Биз Сингапурда  юқори таълим сифатини жамиятнинг барча қатламларини қамраб олиб бошлаганмиз. Ҳукуматдан бошлаб мактаб даражасидаги таълимгача жорий қилганмиз. Бу жамиятнинг иқтисодий ривожланиши учун ҳам энг дастлабки қадам бўлади. Бу конференцияда ҳам юқори мақсадларни белгилаб олдик.

Ўзбекистон билан ҳамкорлик йўлларини яратяпмиз. Ҳамкорликнинг яна ҳам яхши даражасига чиқдик деб ўйлайман. Қўшма дастурлар режа қилганмиз. Бунда биз учун ҳам янгилик бўлган жиҳатлар бор. Бир-биримиздан ўрганадиган жиҳатларимиз кўплигини билдик. Ҳам маҳаллий, ҳам халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватладик. Таълимда ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Менимча бу жуда яхши бошланиш бўлди”.

“Мен учун таълим соҳаси халқаро даражага чиқиб боряпти. Биз бир-биримизга етиб олишимиз, халқаро ҳамкорларни қидиришимиз, юқорироқ институтларни кашф қилишимиз керак. Бу янги билимларни кашф қилиш ва уларни улашиш орқали амалга оширилади. Янги таълим секторларни топиш бугун учун жуда муҳим. Таълим сифати саноатнинг ривожланиши учун ҳам асосий восита. Шу йўл билан саноатнинг тўлиқ ривожланишига эришамиз деб ўйлайман. Бу эса талабаларни кўпроқ нарсаларни ўрганишга ундайди”, - деди Малайзиянинг UCSI университети профессори Чам Тат Ҳуай.

Халқаро конференцияда олий таълим сифатини таъминлаш бўйича халқаро стандартлар, нормалар ва шакллар асосида олий таълим муассасаларида сифатни таъминлаш, улар фаолиятини “Университет 4.0.” концепцияси бўйича трансформация қилиш, уларнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини юксалтириш, таълим йўналишлари ва мутахассисликларини босқичма-босқич институционал халқаро аккредитациядан ўтказишга қаратилган долзарб мавзулар муҳокама қилинди.

Реклама

Мавзуга оид