Спорт | 21:48 / 01.06.2023
37908
6 дақиқада ўқилади

Саудия барча футбол юлдузларини сотиб олмоқчи ва миллиардлаб пул тўлашга тайёр

Форс кўрфази монархиялари жаҳон футболининг янги марказига айланиш ҳуқуқи учун курашни давом эттирмоқда. Қатар жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди, «ПСЖ» клубига юз миллионлаб сармоя киритди ва УЕФА қарорларини қабул қилишда ўз таъсирини кучайтирмоқда. Аммо унинг қўшниси Саудия Арабистони бошқа йўлдан кетмоқда. Forbes.Sport тафсилотларни айтиб берди. 

Фото: Reuters

Саудия Арабистони 2027 йилда Осиё Кубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини аллақачон қўлга киритди ва 2030 йилги жаҳон чемпионатини Греция ва Миср билан биргаликда ўтказишга жиддий киришган. Бунинг учун саудияликлар, ҳатто Греция ва Мисрдаги футбол стадионлари қурилишини ҳам молиялаштиришга тайёр. Бунинг эвазига улар жаҳон чемпионати ўйинларининг 75 фоизини ўзида ўтказишни истамоқда. 

Саудиялик ишбилармонлар аста-секин дунё юлдузларини ҳам маҳаллий чемпионатга жалб этмоқда. Январь ойида «Ан-Наср» Криштиану Роналду билан йилига 75 миллион долларлик шартнома имзолади ва бу Саудия Про-Лигасига қизиқишни кучайтирди. Португалиялик юлдузнинг кўчиб ўтишидан олдин улар фақат бразилиялик Луис Густаво ва «Арсенал»нинг собиқ дарвозабони Давид Оспина билан мақтана оларди. 

Криштиану Роналду (Getty Images) 

«Саудия лигаси яхшиланмоқда ва келаси йил янада яхши бўлади. Менимча, аста-секин Саудия чемпионати дунёнинг кучли беш лигасига киради, аммо бунинг учун вақт, футболчилар ва инфратузилма керак. Бу мамлакат ажойиб салоҳиятга ва одамларга эга. Лига ажойиб бўлади», деди Роналду Саудия Арабистонининг SSC спорт телеканалига. 

Саудияликлар инфратузилма билан шуғулланишга ваъда беришди: Қироллик футбол федерацияси Осиё Кубоги-2027 учун учта янги стадион қурилишини эълон қилди. Футболчилар билан боғлиқ вазият эса бироз мушкулроқ. 

Футбол тарихидаги энг сахий таклиф 

«Олтин тўп»нинг етти карра соҳиби Лионел Месси жорий мавсумлар оралиғида «талаш» бўлмоқда. Июнь ойи охирида ҳужумчининг «ПСЖ» билан шартномаси тугайди ва ҳозирда учта клуб аргентиналик футболчига жиддий даъвогарлик қиляпти. 

Лионель Месси (PSG via Getty Images) 

«Барселона» президенти Жоан Лапорта 2021 йилда муносабатлари бузилган Мессини қайтариш учун қўлидан келган барча ишни қилишини айтди. Ўшанда Лионел Каталония клубида қолмоқчи бўлган, бироқ «Барселона» уни миллиард долларлик қарз ва маошлар чегарасидан ошиб кетгани учун сақлаб қола олмади. 

Бир неча ойлар олдин Месси «ПСЖ»ни тарк этгач, Американинг «Интер Майами» клубига ўтиши, у ерда АҚШ футболи тарихидаги энг бой футболчига айланиши ва Дэвид Бэкҳем билан бирга клуб эгаси бўлишига шубҳа йўқ эди. Аммо Мессига энг саховатли таклиф Саудия Арабистонидан келди. 

«Шартнома - эксклюзив. Бу жуда катта қиймат. Биз фақат баъзи тафсилотларни якунига етказяпмиз», деган эди манбалар. 

Саудияликлар жаҳон чемпиони учун овни қишдаёқ бошлашган: апрель ойида «Ал-Ҳилол» (Роналду ўйнаётган «Ан-Наср»нинг асосий рақобатчиси) Мессига йилига 400 миллион евролик шартнома таклиф қилди, аммо футболчи рад жавобини берди. Кейинроқ аргентиналикка футбол тарихидаги энг сахий шартнома таклиф қилинди - икки йилга 1,2 миллиард евро, Месси эса ўйланиб қолди. 

Айтишларича, Лео «Барселона»га қайтишни хоҳлайди, аммо Каталония клубининг молиявий муаммолари тарозини «Ал-Ҳилол» фойдасига оғдирмоқда. 

Саудияликларга ҳамма керак 

«ПСЖ» энг ёрқин юлдузи Саудия Арабистонига йўл олган ягона суперклуб бўлмаслиги мумкин. Ҳозирда «Реал Мадрид» ўзининг энг яхши ҳужумчиси, франциялик Карим Бенземанинг ёзда клубда қолиши ёки қолмаслигини тасдиқлашини кутмоқда. 35 ёшли ҳужумчи шартномани узайтиришга шошилмаяпти, чунки Саудия Арабистонида унга фаолиятидаги энг йирик шартнома таклиф қилинган: мавсумига 100 миллион евро маош билан икки йиллик шартнома. 

Карим Бензема (Getty Images) 

Албатта, Месси билан ақл бовар қилмайдиган келишув фонида бу миқдор камтарона кўринади, аммо Бензема бир қатор имтиёзларга эга бўлади. 

Жумладан, ўтган йилги «Олтин тўп» соҳиби Саудия Арабистони чемпионатидаги клублардан қайси бирида ўйнашни ўзи танлайди. Журналист Фабрицио Романонинг таъкидлашича, бу клуб жорий мавсум Қироллик чемпионига айланган «Ал-Иттиҳод» бўлади. 

Бензема, шунингдек, болалар футбол мактабларини тарғиб қилиш ва Саудия Арабистони, Греция ва Мисрнинг 2030 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиш бўйича қўшма аризаси учун элчи бўлиш борасида шартнома тузади. Бундан ташқари, форвард солиқ тўлашдан озод қилинади, унинг истаган яшаш қароргоҳи харажатлари қоплаб берилади ва барча маркетинг ҳуқуқлари ўзида қолади. Испаниялик журналистларнинг хабар беришича, Бензема аллақачон «Реал Мадрид» президенти Флорентино Перес билан учрашган ва агар Мадридни тарк этишга тайёр бўлса, якшанба кунигача жавоб беришини айтган. 

Шу билан бирга, Саудия лигаси иштаҳаси «Олтин тўп» соҳиблари билан чекланиб қолмади. Бразилиялик Неймар ҳам катта таклиф олди. Бироқ у аллақачон Саудия Арабистони чемпионатида ўйнашдан бош тортган. Номи ошкор этилмаган клуб ҳужумчига 400 миллион евро таклиф қилган, бироқ Неймар ҳозир уни фақат иккита клуб қизиқтираётганини айтди — ўзи ўйнаётган «ПСЖ» ва «Манчестер Юнайтед».

Машҳур мураббий Зинедин Зидан ҳам Саудия Арабистонига кўчиб ўтишдан манфаатдор эмас. «Ан-Наср» «Реал»нинг собиқ устозига икки йилга 150 миллион евро таклиф қилди, бироқ француз бу сахий таклифни рад этди ва Европанинг топ-5 лигасидаги топ-клублардан бирига чақирилишини кутмоқда. 

Мавзуга оид