Спорт | 03:17 / 05.06.2023
26126
2 дақиқада ўқилади

«Футбол билан хайрлашиш фурсати етди». Златан Ибраҳимович фаолиятини якунлаганини эълон қилди

Фото: Милан

А Серия 38-тури доирасидаги «Милан» - «Верона» (3:1) ўйинидан кейин «россонерлар» билан хайрлашуви эълон қилинган Златан Ибраҳимович «Сан-Сиро»даги хайрлашув нутқида футболчилик фаолиятини якунлаш ҳақидаги қарорини маълум қилди.

«Бутун умр «Милан» мухлиси бўлиб қоламан. Ҳозирги ҳолатда ҳаяжон кучли, нафас олишим ҳам қийин, аммо ҳаммаси жойида. «Сан-Сиро»дан шунчалик кўп хотиралар қоляптики... Бошида у менга меҳр берди, кейин эса – бахт.

Оиламга сабр учун раҳмат дейман. Иккинчи оилам – ўйинчилар, мураббийлар, ходимлардан ҳам миннатдорман. Мухлисларга ҳам чин юракдан ташаккуримни билдираман. Футбол билан хайрлашиш фурсати етди, аммо сиз билан эмас», - дейди 41 ёшли швециялик ҳужумчи.

Маълумот учун, Златан профессионал фаолиятини 1999 йилда бошлаган. У «Милан»дан ташқари, «Мальме», «Аякс», «Ювентус», «Интер», «Барселона», «ПСЖ», «Манчестер Юнайтед», «Лос-Анджелес Гэлакси» клублари шарафини ҳимоя қилган.

Ибраҳимович Швеция сафида 122 ўйинда 62та гол муаллифига айланган – бу миллий жамоадаги рекорд саналади.

Аввалроқ, Ибраҳимович футболчилик фаолиятини якунламаслиги, кейинги мавсум «Милан»дан «Монца»га ўтиши кутилаётгани ҳақида хабарлар янграган эди.

Мавзуга оид