Иқтисодиёт | 21:21 / 05.06.2023
35313
3 дақиқада ўқилади

KPMG “халқчил IPO”да стратегик консультант сифатида қатнашади

“Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Олмалиқ КМК”, “Навоий КМК” каби йирик ташкилотлар ва 10та банкнинг IPO'сида KPMG етакчи консультант сифатида иштирок этади.

Фото: CHARLES PLATIAU / REUTERS

40 та давлат корхонасида “битта акция – битта лот” тамойили асосида “халқ IPO”сини амалга оширишда стратегик консультант сифатида KPMG иштирок этади. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.

Агентликка кўра, ўтказилган танловда 4та маҳаллий ва халқаро консалтинг компанияларидан таклифлар келиб тушган.

“Саралаш натижасида, фаолият соҳасида амалга оширган юқори даражадаги лойиҳалари, лойиҳа доирасида жалб қилинадиган профессионал жамоасининг малакаси ҳамда энг мақбул нарх таклифини билдирган KPMG халқаро компанияси “халқ IPO”сини амалга ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва жараённи мувофиқлаштириш бўйича стратегик консультант сифатида танланди”, дейилади Давактив хабарида.

Маълумот учун, KPMG Ўзбекистонда активларни баҳолаш фаолиятини амалга ошириш учун 2020 йилда лицензия олган. У “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси, “Сирдарё вино” АЖ, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ, “Урганч шароб” АЖ, “Конвин” АЖ, “Мастона” АЖ, “Нукус вино” АЖ, “Фарғонаазот” АЖларни хусусийлаштиришда иштирок этган.

Март ойида, “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори имзолаганди. Қарорга асосан, оммавий савдолар орқали тўлиқлигича сотиладиган 1001 та корхонанинг акция пакетлари (улушлари) рўйхати тасдиқлан.

Рўйхатга “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖ, “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Навоийазот” АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўздонмаҳсулот” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Ўзбекистон МEТ” АЖ, “Ўзбектелеком” АК, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ, “Ўзмиллийбанк” АЖ каби йирик ташкилотлар тизимига кирувчи корхоналар киритилган.

Шунингдек, 40 та корхонанинг акция пакетлари “битта акция – битта лот” тамойили асосида “халқчил IPO” ўтказиш тартибида оммавий савдолар орқали сотилиши кўзда тутилган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид