Дард устига чипқон. Қўштепа каналининг қурилиши Ўзбекистон учун фалокатми?
Марказий Осиёнинг барча республикаларида сув танқислиги тобора кучайиб бораётган бир пайтда, “Толибон” томонидан қурилаётган Қўштепа канали вазиятни янада кескинлаштириши мумкин. Канал қуриб битказилса, Амударё сувининг 20 фоиздан 30 фоизгача қисми Афғонистоннинг шимолий ҳудудларига йўналтирилади.
“Толибон” ҳукумати 2022 йил март ойидан бошлаб Балх вилоятида улкан Қўштепа каналини қуришни бошлади.
Янги каналнинг узунлиги 285 км (шундан 100 кмдан ортиқ қисми аллақачон қазиб бўлинган), эни 100 метр, чуқурлиги 8,5 метр бўлиши кўзда тутилган бўлиб, лойиҳа қиймати тахминан 684 миллион долларни ташкил этади. Канал давлат маблағлари ҳисобига қурилаётгани айтилади. Лойиҳани тўлиқ якунлаш 2028 йилга мўлжалланган. Қурилиш ишларига 6 мингга яқин ишчи жалб этилган.
Қайд этилишича, канал қурилишидан мақсад – Балх, Жаузжон ва Фарёб вилоятларидаги 3 миллион жериб (1 жериб – 2000 квадрат метр) ерни суғориш ва 250 мингга яқин аҳолини иш билан таъминлаш ҳисобланади.
Германияда истиқомат қилувчи афғон муҳандиси Нажибуллоҳ Садид “Толибон”нинг мураккаб муҳандислик ишларини, хусусан, сув ўтказгичлар ва кўприклар қуришни бошқара олишига шубҳа билан қараган ва каналнинг тупроқ ўзанли эканидан хавотирдалигини таъкидлаган.
“Бундай ҳолда, унинг кўп суви минтақанинг қуруқ, қумли тупроғида йўқолиб кетади. Бундан ташқари, ариқ қазиш канал қуришнинг энг осон қисмидир. Улар шошяпти”, деган у.
Амударё сувидан фойдаланиш бўйича аниқ ҳуқуқий механизм борми?
Айни пайтда юзага келаётган мураккабликнинг асосий сабаби – Амударё сувидан фойдаланиш ва уни тақсимлаш бўйича Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон ўртасида имзоланган умумий келишувларнинг йўқлиги билан боғлиқ.
1946 йилда Кобулда совет иттифоқи ва афғон ҳукумати ўртасида Амударё бўйича музокаралар ўтказилади ва келишувга эришилади. Аммо Амударё сувини тақсимлаш масаласи тўғридан тўғри кўриб чиқилмаган ва кейинчалик ўтказилган музокараларда ҳам бу жиҳатга эътибор қаратилмаган.
Бугунги кунда Марказий Осиёдаги сув муносабатлари 1992 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон томонидан имзоланган Олмаота келишуви билан тартибга солинади. Сув ресурсларини бошқаришда Давлатлараро мувофиқлаштирувчи комиссия асосий рол ўйнайди; комиссия сув таъминотининг узоқ муддатли дастурини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Шунингдек, минтақада сувдан фойдаланиш БМТнинг 1992 йилдаги Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияси билан ҳам назорат қилинади. Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон мазкур конвенцияни ратификация қилган.
Афғонистон эса Марказий Осиёдаги сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича юқорида қайд этилган шартномаларнинг ҳеч бирига қўшилмаган. Бу ердаги энг нозик жиҳат шундаки, Афғонистоннинг Амударёдан фойдаланиш ҳуқуқини ҳеч ким инкор эта олмайди, лекин глобал ва минтақавий келишувларда иштирок этмаслиги афғонларга сувдан фойдаланишда ҳеч қандай ҳуқуқ ва мажбурият юкламайди. Бу эса икки томонлама муносабатларда кескинликни келтириб чиқариши мумкин.
Шунингдек, “Толибон” тан олинмаган ҳукумат бўлгани боис, уни Марказий Осиё давлатларининг сув хўжалигини мувофиқлаштириш бўйича давлатлараро комиссиясига қабул қилиш ва музокара олиб бориш имконсиз.
Марказий Осиёга геосиёсий ва геоиқтисодий таъсири
Марказий Осиё сув хавфсизлиги энергия, озиқ-овқат ва атроф-муҳит билан узвий боғлиқ бўлган дунёдаги кам сонли минтақалардан биридир. Бу ерда сув ресурслари стратегик аҳамият касб этади. Хусусан, минтақадаги дастлабки йирик шаҳарлар: Самарқанд ва Бухоро Зарафшон дарёси бўйида, Урганч ва Хива Амударё бўйида барпо бўлгани ҳам бежиз эмас.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, агар Қўштепа канали лойиҳаси Афғонистон ҳукумати томонидан якунланиб, фойдаланишга топширилса, Ўзбекистонга келадиган сув ҳажми 15 фоиз атрофида камайиши билан боғлиқ хавф мавжуд. Бу эса Хоразм, Бухоро, Сурхондарё ва Навоий вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек Туркманистон учун жиддий оқибатлар яратади.
Амударёдан сувнинг бурилиши Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларидаги мавжуд ёмон ҳолатни янада оғирлаштириши мумкин.
Орол денгизида сув сатҳи камайиши натижасида Оролбўйи ҳудудларида яшовчи аҳолининг турмуш шароити пасайиши билан бир қаторда, уларнинг соғлиғида турли муаммолар пайдо бўла бошлади. Маҳаллий иқтисодиёт таназзулга учради (балиқ ови, қисқа муддатли туризм каби соҳалар) ва яшаш имкониятлари қийинлашди. Бунинг оқибатида аҳоли миграцияси кўпайди. Амударёдаги сув оқимининг қисқариши бу муаммоларни янада кучайтиради.
Қўштепа каналининг қурилиши қуйидаги салбий оқибатларни юзага келтириши мумкин:
Биринчидан, Афғонистон шимолида экин экиш учун фойдаланилмоқчи бўлган ерлардаги тузлар доимий равишда ювилиши керак. Шўрлар ювилган дренаж суви борадиган ягона жой – Амударёдир. Бу эса Амударёнинг ўрта оқимида ва айниқса, унинг қуйи оқимида аллақачон қийин, баъзи жойларда ҳалокатли ҳолатга келган экологик вазиятни янада мураккаблаштиради. Сув танқислиги ва туз миқдорининг ортиши каналнинг қуйи оқимида деҳқончилик қилишни янада қийинлаштиради. Яъни Қўштепа канали туфайли шўрланиш даражаси ортиши мумкин.
Иккинчидан, Қўштепа канали қурилаётган Шимолий Афғонистон “Толибон”нинг тўлиқ ҳокимияти ўрнатилмаган, беқарор ҳудуд ҳисобланади. Хусусан, сўнгги бир неча ой ичида ИШИД-Хуросон террорчилик ташкилоти томонидан Балх вилоятига бир неча ҳужумлар уюштирилди ва ҳаттоки, вилоят губернатори ҳам ўлдирилди. Бундан ташқари, Ҳилманд дарёсидан фойдаланиш бўйича Эрон ва “Толибон” ҳукумати ўртасида низонинг юзага келиши ва қуролли тўқнашувга айланиб кетиши Афғонистонга қўшни бошқа давлатлар учун ҳам ёмон сигнал бўлиши мумкин.
Учинчидан, сув ҳажми ўзгаргандан кейин ҳудудлардаги сув иншоотларини ўзгартириш ёки қайта қуриш керак бўлиши мумкин, бу эса қўшимча харажатларни талаб қилади.
Дипломатик ечим борми?
Афғонистон ва Амударё ҳавзасидаги бошқа давлатлар ўртасида ўзаро мулоқот бўлмаса, юзага келган ҳолат “Толибон”ни янада яккалаб қўйиши ва минтақавий хавфсизлик муаммосини кучайтириши мумкин. Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон томони “Толибон” ҳукумати билан ўзаро муросага келишга ҳаракат қилиши лозим.
Жорий йилнинг 22 март куни Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили А. Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан Афғонистонда бўлди.
Кобулда Ўзбекистон делегацияси Афғонистон бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар, ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий, мудофаа вазири вазифасини бажарувчи мулла Ёқуб Мужоҳид ва муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзолари билан қатор учрашувлар ўтказган.
Ўзбекистон ТИВ учрашувлар доирасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, деган баёнот билан чекланган ва қўшимча тафсилотларни очиқламади.
Учрашув якунлари бўйича Мулла Абдулғани Бародар ўзининг Твиттер'даги саҳифасида ёзишича, Ўзбекистон бошқа инфратузилма лойиҳалари қатори Қўштепа канали қурилиши лойиҳаси самарадорлигини ошириш учун Афғонистоннинг техник гуруҳлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилган.
Шундан кейинги даврда Ўзбекистон томонининг “Толибон” вакиллари билан Қўштепа каналининг қурилиши ва сув тақсимоти юзасидан музокаралар ўтказган ёки ўтказмагани ҳақида очиқ маълумотлар йўқ.
Келажакда сув масаласида юзга келиши мумкин бўлган эҳтимолий можароларнинг олдини олиш учун Афғонистон халқаро шартномаларга қўшилиши, Амударё сувидан фойдаланиш бўйича икки ва кўп томонлама битимлар имзоланиши керак.
Бу эса мамлакатда тинчликка эришиш жараёнини тезлаштиришни тақозо этади. Россиянинг Украинага бостириб киришининг Марказий Осиё учун салбий оқибатларидан яна бири ҳам ана шунда – глобал майдонда афғон муаммосига эътибор сусайиб кетди.
Достон Аҳроров тайёрлади.
Мавзуга оид
13:30 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва АҚШ афғон масаласи бўйича учрашув ўтказди
17:22 / 19.11.2024
«Марказий Осиё – Хитой» қувури орқали 14 йилда етказилган табиий газ миқдори маълум қилинди
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
17:25 / 15.11.2024