Ўзбекистон | 19:56 / 10.06.2023
29832
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрини Назарбек шаҳарчаси билан боғловчи йўл ўтказгич фойдаланишга топширилди

Салкам 1 километрлик узунликдаги кўприк қурилиши 2021 йил охирида бошланган эди. Йўл ўтказгич қурилиши натижасида поезд ва автомобиллар йўллари кесишуви сабаб ҳосил бўладиган тирбандликларга барҳам берилди. Расмийларга кўра, иншоот қурилишига 113 миллиард сўм сарфланган.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

4Р253 автомобиль йўли билан кесишган темирйўлдан ҳар куни юк поездлари ўтиб турар, бу пайтда автомобиль йўли шлагбаум билан ёпилиб, йўллар тўсиларди. Баъзида манёвр тепловози йўлни алмаштириб олиши учун қарийб 10 дақиқагача тўсиб қўйиларди. Айниқса, эрталаб ва кечқурун йўлнинг ёпилиши натижасида Тошкент шаҳрига ишга келаётган ва ишдан қайтаётган аҳолининг автотранспортларидан иборат улкан тирбандлик ҳосил бўларди.

Ҳудуд аҳолисидан тушган кўплаб мурожаатлар натижасида 2020 йил 28 декабрдаги “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори асосида “Тошкент шаҳри – Туркистон ш/х – Қозоғистон Республикаси чегараси” автомобиль йўлининг 3 километридаги темирйўл устидан йўл ўтказгич қуриш” лойиҳаси ишлаб чиқилганди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Ушбу йирик лойиҳанинг дастлабки қурилиш ишлари 2021 йилнинг сўнгги ойларида бошланганди. Лойиҳани ижро этиш бир неча марта тўхтаб қолган, бунга вилоят ҳокимлиги раҳбариятининг қўнимсизлиги ҳам сабаб бўлганди. Ниҳоят Зойир Мирзаевнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ушбу масалада олдинга силжиш кузатилди, тўхтаб қолган ишлар давом эттириладиган бўлганди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

10 июнь куни узунлиги 940 метр 20 эни метрни ташкил этган кўприк фойдаланишга топширилди. Кунига 30 минг машина ва 24 минг пиёда ўтиб-қайтувчи Назарбек кўприги фойдаланишга топширилди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Тошкентда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати бош пудратчи – “Кўприк қуриш Трести” ДУКнинг 13-кўприк қуриш отряди томонидан объектда қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилаётганини маълум қилган.

Мавзуга оид